Бугун бутун МДҲ мамлакатларидаги мактаблар бўйлаб «Сўнгги қўнғироқ» садолари баралла янграйди. Қалбларни ларзага солувчи бу байрамнинг ўзига хос тарихи борлигини эса ҳамма ҳам билмаса керак…
“Сўнгги қўнғироқ” тарихи 1948 йилга бориб тақалади. У май ойининг 25-санасида Москванинг 182-сонли (собиқ 1382-сонли) мактабида илк бор нишонланган. Кейинчалик собиқ Иттифоқ мактабларида уларни битиришни англатувчи сўнгги қўнғироқ байрамини нишонлаш анъанавий тус олган.
«Сўнгги қўнғироқ»қа одатда байрам сифатида қаралса-да, аслида у катта ва мустақил ҳаёт бўсағасида турган ўқувчиларни сергакликка чорловчи сигнал, уларга умрнинг энг муҳим палласига қадам қўяётганини эслатувчи муждадир. Ахир айнан «Сўнгги қўнғироқ»дан кейин ёшлар касб танлаш ва кишилик жамиятига кириб бориш бўйича муҳим қарорлар қабул қилишади. Шунингдек, болалик шўхликларига бирмунча чек қўйилади, анча мулоҳазалироқ бўлган ҳақиқий ёшлик даври бошланади.
«Сўнгги қўнғироқ» май ойининг сўнгги ўн кунлигида, битирувчилар дарсларини тугатган ва якуний имтиҳонлар ҳали бошланмаган пайтда ўтказилади.
Бу куннинг ўзига хос хусусияти – битирувчиларнинг ўзлари тайёрлаган чиқишларидир. Битирувчиларнинг хайрлашув тадбирида кичик синфлар ўқувчилари ҳам қатнашадилар.
Инсон ҳаётида энг ёрқин хотиралар билан сақланиб қолувчи бу байрам дунёнинг бошқа жойларида қандай нишонланади?
Россия
Рус мактабларида сўнгги қўнғироқлар вақти бошланди. Aнъанага кўра, кўплаб қизлар совет мактаб формасини, ўғил болалар эса расмий костюм кийишади. Бутун мамлакат бўйлаб мусиқа садолари, қўнғироқлар садолари янграйди, шарлар осмонга тантанали равишда учирилади.
Норвегия
Ушбу мамлакатда битирув шодиёнаси кенг нишонланади. Байрам икки ҳафта давом этади. Йигитлар ёрқин кўк ва қизил либослар кийиб, шаҳар бўйлаб сайр қилишади. Ва, албатта, қўшиқлар ва рақслар ҳамроҳлигида!
Швеция
Бу юртда қизлар байрам шарафига оқ кўйлакда, ўғил болалар эса қора костюмда юришади. Битирувчиларнинг асосий атрибути оқ қалпоқ бўлиб, унинг ичида йигитлар ўзаро табриклар ёзишади. Тантанали маросим охирида бу шляпалар битирув белгиси сифатида юқорига улоқтирилади. Шундан сўнг битирувчилар безатилган кабриолет, юк машиналари, ҳатто тракторларга ўтириб, баланд мусиқа ва қўшиқ садолари остида шаҳар бўйлаб ҳаракатланишади.
Финляндия
Финлар мактаб билан карнавал либосларида хайрлашадилар. Улар ўқув масканларини ёрқин рангга бўялган юк машиналарида ўз таълим муассасасини тараннум этувчи плакатлар билан тарк этишади. Мактаб ўқувчилари шаҳар бўйлаб сайр қилишади, сигналлар чалишади, кулгили шиорларни айтишади ва конфетлар улоқтиришади. Маҳаллий болалар эса кўчада хурсандчилик билан ширинликларни йиғишади.
Германия
Немис мактабларида ўқувчилар итоатсизлик кунларини ташкил қилишади. Улар ўқитувчилари билан ҳазиллашадилар, кулгили либослар киядилар ва мактабда ҳар қандай усулда кулгили ўйинлар ўйнашади. Шунингдек, битирувчилар учун мактаб боғига ўзларидан хотира сифатида гуллар ва дарахтлар экишади.
Япония
Қунчиқар бу мамлакатда ҳамма нарса жуда консерватив. Мактабларда директорнинг нутқи ва диплом тақдимоти ёзилган сатрлар ўқилади. Кейин миллий кимонодаги қизлар ва бизнес костюмли йигитлар анъана бўйича халқ рақслари ва қўшиқлари билан кортеж ташкил қилишади.
Хитой
Хитойлик мактаб ўқувчилари байрам шарафига қувноқ қилиқлар қилишади. Имтиҳонларни топшириб бўлгач, ёзувлар битилган дафтарларни йиртиб, деразадан улоқтиришади. Aлбатта, бундан кейин улар кўчаларни тозалашлари керак.
Вьетнам
Байрамга ўғил болалар костюмларда, қизлар эса миллий либосларда – уч қаватли, ён томонлари тирқишли кўйлаклар билан келишади. Aнъанага кўра, вьетнамлик ўрта мактаб битирувчилари тунда осмонга юзлаб рангли қоғоз чироқларни учирадилар. Баъзи болалар дафтарларга ёки кийимларга бир-бирлари билан хайрлашув сўзларини ёзадилар.
Жанубий Корея
Бу мамлакатда байрамнинг расмий қисми тугагач, ўсмирлар бир-бирларига хом тухум ва ун улоқтиришади. Сўнгра дафтарлар ва дарсликларни ёқиб юборишади. Пировардида битирув белгиси сифатида мактаб формаларини тантанали равишда кесишади.



