ФАҚАТ ФАННИ БИЛИШ ЕТАРЛИ ЭМАС…

169

Ҳадемай олий ўқув юртларига қабул бошланади. Бу демак, миллион нафарга яқин ёшларимиз муҳим синовлар олдида туришибди. Уларнинг аксарияти ўқишга кириш учун пухта ҳозирлик кўришмоқда. Шунинг баробарида ўзлари ёқтирмайдиган йўналишларга ҳужжат топшириб қўйишдан ва кейинчалик бундан афсус чекиб юришдан чўчишмоқда.

Зеро, бўлажак касбини тўғри танлаш инсон учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Модомики, шундай экан, ёшлар касб танлашда кўпроқ нималарга эътибор қаратишлари лозим.

Биз Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидаги Нуристон шаҳарчасида жойлашган The Best ўқув маркази мутахассиси, ўн йил давомида юзлаб шогирдлари талабалик бахтига муяссар бўлган устоз Акрам АРТИКОВ билан шу хусусда суҳбатлашдик.

– Анчадан буён абитуриентлар билан ишлаб, шуни тушундимки, улар олий таълим муассасалари (ОТМ)га ҳужжат топшириш арафасида жиддий ташвишга тушишади, – деди суҳбатдошимиз сўзининг аввалида. – Чунки Ўзбекистонда ОТМга кириш қийин, танлов юқори. Кечагина мактабни битирган ёхуд қаторасига бир неча йиллардан бери олий ўқув юрти талабаси бўла олмаётган навқирон йигит ёки қиз ўзи хоҳлаган касбга ҳужжат топширай деса, ўқишга киришига кўзи етмайди. Кира олмаса, бошқалар олдида мулзам бўлиб қолишдан ор қилади. Бу эса унинг, қандай бўлмасин, бир амаллаб ўқишга кириб олиш учунгина ўзи ёқтирган-ёқтирмаган касбни танлашига сабабчи бўлиши мумкин.

Иккинчидан, касб танлашда ойлик иш ҳақи ва ўша соҳанинг жамиятдаги обрўсига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бироқ ҳозир қанча маош олиш соҳанинг мавқеига эмас, кўпроқ инсоннинг потенциалига, эгаллаган билимига боғлиқ бўлмоқда. Баъзи ёшлар қайси институт ёки университетга ўқишга киришни ота-онасининг хоҳиш-истагига қараб танлашга мажбур бўлишмоқда. Айримлари эса кириш нисбатан осон, аниқроғи, ўтиш баллари пастроқ бўлган олий ўқув юртини танлашади. Негаки, мабодо, имтиҳонлардан ўта олмасалар, яна бир йиллик вақтни қўлдан бой беришни истамайдилар. Бу жиҳатдан уларни тўғри тушуниш керак.

Одамлар нотўғри касб танлашига касблар ҳақида етарли билимга эга эмаслик ҳам сабаб бўлади. Бизнинг жамиятда болалари учун ота-оналар танлов қиладиган ҳолатлар ҳам бор. Бунда уларнинг замонавий касблардан бехабарлиги нотўғри танловга сабаб бўлади.

Қандайлигидан қатъи назар, мен барча абитуриентлар ўзлари ҳоҳлаган олий ўқув юртига грант асосида ўқишга киришларини, ота-онаси ва биз каби ўқитувчилари юзини ёруғ қилишларини тилаб қоламан.

Мутахасисларнинг таъкидлашларича, касбни танлашда ақлий қобилият ва билимдан ташқари, ўша соҳани эгаллаш учун маълум даражада психологик қобилият ҳам зарур.
Агар ҳали касб танлашда иккиланаётганлар ёки танлаб улгурмаганлар бўлса, битта қоғоз олиб, танламоқчи бўлган касбларини ёзиб чиқишлари ва ўн йилдан сўнг бу касбда ўзини қандай тасаввур қила олишини ўйлаб кўришлари мумкин. Бундан ташқари, психологик ва ақлий қобилиятларини ҳамда уларни қайси касбларда ишлатиш мумкинлигини қайд этиб қўйсалар, фойдадан холи бўлмайди. Жиддий эътибор қаратиш даркор бўлган яна бир муҳим масала яшаш ҳудудидан келиб чиқиб танланаётган касбнинг долзарблигидир.

Хуллас, касб танлашда юқорида тилга олинган омилларни ҳисобга олиш, сўнгра муқим қарорга келиш жоиз. Бу жараёнда учта асосий жиҳат уйғунлашиши лозим. Биринчиси – бир неча йил ўқиб ўрганган касбимиз бўйича бажараётган ишимиздан хурсанд бўлишимиз, роҳатланишимиз зарур. Иккинчиси – меҳнатимизга яраша яхши даромад топишимиз, учинчиси эса, касб-коримиз орқали жамиятга имкон қадар фойда келтиришимиз керак.

Табиийки, бундай натижаларга эришиш учун албатта институтда ёки университетда ўқиш шарт эмас. Чунки ҳозир олий маълумот олмай туриб ҳам, замонавий касбларни мукаммал эгаллаш ва яхши мутахассис бўлиб етишиш мумкин.

Мадина Пўлат қизи
Ishonch.uz