“Жума табриги” ҳам жавобгарликка сабаб бўладими?

105

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ижтимоий тармоқларда тарқалаётган “жума табриги” ёки оят ва ҳадислардан иборат материалларни улашганлик учун қонунан таъқиб қилишга рухсат берилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Унда жума куни билан ўзаро табрик алмашиш, шунингдек, Қуръони карим оятлари, Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислари, Ўзбекистондаги дин уламолари ва имом-домлаларининг маърузаларини тарқатиш қонунан таъқиб қилинмаслиги айтиб ўтилди.

Идоранинг эслатишича, бу “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг эътиқод эркинлиги кафолатланиши ҳақидаги қоидасига мос.
“Шунга биноан мўмин-мусулмонлар учун зарур бўлган диний масалалар расмий электрон манбалар орқали кенг ёритиб борилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайтлари, масжид-мадрасалар, иқтидорли имом-хатибларнинг сайт ва ижтимоий тармоқ саҳифаларини мутолаа қилиш ҳамда улардаги маълумотларни яқинларига улашиш мумкин, жумладан, жума табрикларини ҳам тарқатишга рухсат этилган. Буларга ҳеч қандай таъқиб йўқ”, – дейилади муносабатда.

Шу билан бирга, расмий ва етакчи электрон манбалар рўйхати ҳам илова қилинган (тўлиқ рўйхат ушбу ҳаволада).
Ўз навбатида, идора экстремистик ғояларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, сақлаш ва фойдаланиш қонунан таъқиқланиши таъкидлайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тарқатиш тақиқланган экстремистик сайт ва тармоқлар рўйхати эълон қилинган эди.