Компютердан кўп фойдаланганда кўзларда чарчоқ, қизариш, қум қадалгандек ҳиссиёт, қуруқлик ва санчиқ, кўриш қобилиятининг хиралашуви, қичиш, бош ва бўйинда оғриқ, иш куни якунидаги чарчоқ каби белгилар намоён бўлади. Компютердан фойдаланишда кўриш фокус масофаси жуда кам ўзгартирилади ва кўз кам очиб-юмилади. Натижада кўриш органлари мушаклари зўриқади ва кўз соққаси етарлича намланмайди, бу эса кўзда ёқимсиз қуруқлик ва чарчоқга сабаб бўлиб “дисплей” касаллиги шаклида намаён бўлади.
Шунингдек, барча электрон ускуналар сингари компютердан ҳам электромагнит тўлқинлар тарқалади. Компютер қанчалик замонавий бўлмасин, кўк ва бинафшаранг спектр нурларининг кўплиги боис кўзда зўриқиш ҳосил қилади. Компютердан кўзга етадиган зарарни минималлаштириш мақсадида махсус компютер кўзойнакларидан фойдаланиш тавсия этилмоқда.
Хўш, ҳимоя кўзойнаги чиндан фойдалими?
Компютерлар учун мўлжалланган ҳимоя кўзойнаги чиндан фойдалими ёки кераксиз атрибут – бу жуда баҳсли масала.
Ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар, баъзи фойдаланувчилар кўзойнакларнинг таъсирини ижобий баҳолашса, уни кераксиз даҳмаза деб ҳисобловчи, ҳатто бош оғриғи, кўздаги ноқулайликка сабаб бўлишини таъкидловчилар ҳам йўқ эмас.
Моҳиятан, компютер ҳимоя кўзойнаклари электромагнит тўлқинларини нейтраллаштиради, дисплей юзасидаги ёруғликнинг жимирлашини йўқотади, кўзга ортиқча юклама бўладиган бинафшаранг ва кўк нурларни кесади.
Буларнинг барчаси кўзойнак линзасидаги махсус ҳимоя қобиғи ҳисобига амалга ошади.
Фаолияти компютер билан боғлиқ бўлган ҳар қандай шахс бу кўзойнаклардан фойдаланиши мумкин. Айниқса, офис шароитида ишловчилар ва талабалар орасида улардан фойдаланиш оммалашган.
Кўзингиз чарчаб қолмаслиги учун нима қилиш керак?
Энг аввало, монитор билан кўз оралиғидаги масофа 45 см.дан кам бўлмаслиги, ёруғлик монитор экранига тушиб, ярқираб кўришга халақит бермаслиги лозим.
Экран сатҳини тез-тез артиб туришга одатланинг, ҳар 10-15 дақиқада кўзларга дам беринг.
Кўзни турли зарарлардан муҳофаза қилиш учун қуйидаги машқларни бажариб туриш ҳам фойдадан ҳоли бўлмасди. 10 сония кўзларингизни юмиб, 5-10 сония киприкларни пирпиратинг.
Кўз соққаларини айлантириш,ойнадан узоқ ва яқинга қараш машқларини бажариш кўзингизга дам олиш имкониятини яратади.
Кўзойнакни харид қилишнинг муҳим жиҳатларидан яна бири, тутқич (оправа)нинг қулайлиги, линзанинг тури ва сифати, диоптриянинг бор-йўқлиги (кўздаги аномалиялардан келиб чиққан ҳолда индивидуал асосда танланади); ҳимоя қобиғи ва тонировка (қорайтирилган линза) даражасига ҳам назардан четда қолмаслиги керак.
Энг муҳим тавсия: ёруғлик даражаси эсдан чиқмаслиги керак. Қуёш нурлари таъсири юқори бўлганда ёруғлик жимирлашига қарши полароид кўзойнаклардан, монитор ёруғлиги юқори ёхуд ёруғлик даражаси тез-тез ўзгариб турадиган шароитда оч рангдаги линзаларга эга кўзойнак тавсия этилади.
Компютерда асосан матн билан ишловчилар контрастни кучайтирувчи, ёруғликни юмшатувчи моделларни танлаши, графика билан ишловчиларга эса ранглар узатмасини яхшиловчи кўзойнаклар тўғри келади.
Мадина ПЎЛАТ ҚИЗИ,
Ishonch.uz



