Диний мазмундаги хабарларни яқинларимиз ҳам тез-тез йўллаб туришади ва биз ҳам уни эшитиб-эшитмай бошқалар билан “бўлишиш”га одатланганмиз. Аммо жамоат фаоллари бугун ҳатто “Жума муборак” мазмунидаги хабарларни ҳам жўнатмаганингиз маъқул деган огоҳлантириш билан чиқишмоқда. Хўш, хавотирлар қанчалик ўринли? Ростан ҳам оддий диний савол-жавоблар жавобгарликка тортилишга сабаб бўладими? Ушбу саволлар юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати бошлиғи Нилуфар ИСАХОНОВА билан боғландик.
— Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган оддий диний савол-жавоблар ҳам “экстремистик мазмундаги материал” сифатида талқин қилиниб, одамларга жиноий иш очилаётгани ҳақида маълумотлар учраяпти. Бу хавотирлар қанчалик ўринли?
— Бу маълумотлар ҳақиқатдан йироқ, яъни оддий диний мазмундаги савол-жавоблар “экстремистик материал” сифатида талқин этилмайди. Дин ишлари бўйича қўмита экспертлари томонидан берилган хулосага асосан тарқатилаётган материалларга ҳуқуқий баҳо берилади. Фуқаролар хар қандай диний мазмундаги материални тарқатиш тақиқланади деб тушунмаслиги керак. Яқинда барча ОАВ да Диний қўмита таъқиқлаган манбалар рўйхати эълон қилинди. Ўз хавфсизлигингиз учун ўрганиб қўйишингиз зарар қилмайди. Ўша таъқиқланган манбаларга кирманг ва янгиликларини ҳеч ким билан бўлишманг. Айнан ноқонуний деб баҳоланган материал юзасидан иш кўриб чиқилади. Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди, шуни унутманг.
— Агар ножўя дея гумон қилинса ва тергов ишлари бошланса, ижтимоий
тармоқлардаги контентнинг мазмун-моҳиятига ким ва қандай баҳо беради? Диний мазмундаги маълумотларни баҳолаш мезонлари борми?
— Жиноят ишини қўзғатиш асослари Ўзбекистон Республикаси ЖПКда аниқ қилиб белгилаб берилган. Дин ишлари бўйича қўмита томонидан экспертиза ўтказилади ва уларнинг хулосаси асосида тарқатилаётган материал ноқонуний ёки қонуний деб баҳо берилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги 180-сонли «Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига кўра, диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида низом қабул қилинган бўлиб, низомнинг биринчи бобида ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси деб белгиланган.
— Агар маълум бир кишига тегишли ижтимоий тармоққа ўзгалар қасддан уланган бўлса ва диний мавзудаги маълумотлар тарқатилса, ким жавобгар бўлади? Ваҳоланки, интернет-фирибгарлик, хакерлик тажовузлари билан ҳозирда самарали кураш олиб боришда маълум қийинчиликлар бор.
— Диний маълумотларнинг тарқатилиши жиноят деб баҳоланмайди, агар Дин ишлари бўйича қўмита хулосасига кўра тарқатилган материал қонунга зид эканлиги аниқланса, жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилади. Тергов якуни бўйича содир этилган қилмишга ҳуқуқий баҳо берилади. Агар қилмишда маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлса, иш маъмурий тартибда кўриб чиқилади.
Эcлатиб ўтамиз, яқинда Диний қўмита ахборот хизмати эстремистик ва террористик контентлар хусусида маълумот берган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4436-сон қарорига кўра, Адлия вазирлиги ва Олий суд ўзининг расмий веб-сайтлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали суд томонидан экстремистик ёки террористик деб топилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва мобиль мессенжерлар рўйхатини эълон қилиб, унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлаши белгиланган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2022 йил 14 апрелдаги 180-сон қарорига кўра, ҳар қандай диний мазмундаги материаллар диншунослик экспертизаси ўтказилиши ва экспертизанинг ижобий хулосаси уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши, олиб кирилиши ва тарқатилиши учун асос ҳисобланиши қайд этилган.
Мазкур қарорга асосан, Дин ишлари бўйича қўмита муайян бир шахсга ёки унинг хатти-ҳаракатлари юзасидан экспертлик хулосасини бермайди. Қўмита ҳуқуқ-тартибот органлари тақдим этган диний мазмундаги материалларнинг мазмуни юзасидан давлат диншунослик экспертизасини ўтказади ҳамда улар бўйича экспертлик хулосасини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ тайёрлайди.
Феруза РАҲИМОВА,
Ishonch.uz
