Туркистон иқтисодини «бонкалар» барбод қилганми?

288

XX аср бошларида банклар Марказий Осиё иқтисодиёти ривожида, хусусан, маҳаллий аҳоли ҳаётида сезиларли роль ўйнаган. Аммо ҳозиргача ўша даврдаги банклар тарихи бир томонлама ўрганилган ва етарли даражада ёритилмаган.

1914 йили «Ойина» журналида жадидларнинг таниқли намояндаси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Оҳ, бонкалар бизни барбод этди» сарлавҳали мақоласи чоп этилган эди. Уни синчиклаб ўқиган киши ўша кезлар айб аслида банкларда эмас, билъакс, даврнинг ўзида, одамларнинг иқтисодий саводхонлиги паст бўлганида эканлигини англаб етади.

Бугунги юксак технологиялар даврида эса банклар, мутафаккир алломамиз  умид билдирганидек, инсон капитали ва миллий иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Шубҳасиз, бундай шароитда тарихни чуқурроқ ўрганиш ва холис ёритиш мамлакатимиз тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Оддийгина бир мисол: Ўтмишда диёримизда хусусий банклар фаолият юритган. Янгиланаётган Ўзбекистонда ҳам уларнинг сони кўпаймоқда. Бу нафақат республика иқтисодиёти, балки ижтимоий ва маданий соҳалари ривожига ҳам туртки бўлмоқда.

Маълумки, XIX асрнинг 60-70-йилларида Россия империяси Марказий Осиёни забт этиб, ҳудуддаги иқтисодий ва сиёсий ҳаётни назоратга олди. Хусусан, савдода ўз таъсирини кучайтириш ҳамда асосий транзит йўллар устидан назорат ўрнатиш учун аста-секин молиявий экспансияни бошлади.

Тошкентда банк очиш жараёнида ҳам айнан шу муддао кўзланган эди. 1875 йили бу шаҳарда давлат банкининг филиали очилди ва узоқ вақт давомида (XIX асрнинг 90-йилларигача) Туркистондаги ягона молия муассасаси бўлиб қолди. У  мустамлака маъмуриятининг бюджет маблағларини назорат қилар ва савдони ривожлантириш учун кредит ажратарди.

Ўша даврда Туркистонда ўзига хос «капитализм» мавжуд эди. На савдо, на саноат, на банк капитализми, дея олмайдиганимиз ушбу тизим маъмурият ва метрополия томонидан қўллаб-қувватланарди.

Марказий Осиёда тижорат банклари XIX асрнинг 90-йилларида вужудга кела бошлаган. Хусусан, 1893 йилда Волга – Кама тижорат банки Тошкентда ўз филиалини очган. Тижорат банклари билан маҳаллий савдо фирмалари ва савдо уйлари рақобатда бўлган ҳамда ва ҳамкорлик қилган (Вадьяев савдо-саноат ширкати, Потеляхов ширкати, Искандар ширкати, Форс ширкати, Москва Савдогар ширкати (Швецов), «Торгопро» ва бошқалар).

Ҳудудда тижорат банкларининг пайдо бўлиши минтақада пахтачилик ва темир йўллар ривожи билан боғлиқ эди. Бу соҳалар равнақ топиши сабабли Туркистонда тижорат банклари сони 1909-1914  йиллар  мобайнида 7 тадан 42 тага етди. Улар ичида энг омадлиси ҳудудда 13 та филиалга эга Рус – Осиё тижорат банки эди. Аслида у Россия империясининг забардаст молия муассасаси бўлиб, халқаро молиявий тузилмада дунёнинг тўққизинчи энг йирик банки ҳисобланарди. 1913 йили банкнинг Россия империясида 89 та бўлими, жаҳонда эса 18 та филиали  бўлган. Улар Лондон, Париж, Пекин, Шанхай, Иокогама, Бомбей ва Нью-Йоркда жойлашган. Асосий фаолияти оғир саноатни молиялаштириш ва темир йўллар қуриш саналган мазкур молия муассасаси Марказий Осиёда пахтани сотиб олар ва ўртакашлик қилар, ўз навбатида, темир йўллар қуриш ва электростанциялар барпо этишни молиялаштирарди. 1917 йили банк назоратида 144 та саноат, савдо-сотиқ ва транспорт компанияси мавжуд бўлган.

Ўша даврда Марказий Осиё ҳудуди молия институтлари учун халқаро алмашинувда муҳим роль ўйновчи қулай плацдармга айланди. Масалан, Рус – Осиё банкининг Карки бўлими (Амударё бўйида) Бухоро амирлиги ва Хива хонлигининг Афғонистон билан савдосига таъсир кўрсатарди. Тижорат банкларининг Ашхобод филиаллари Эрон ва Афғонистон экспорти ва импортини  назорат қилар, Қўқон бўлимлари эса Хитой ва Қашқар савдосида аҳамиятли мавқега эга эди.

Фарғона водийсидаги иқтисодий инқирозлар (1907-1908, 1911-1913 йиллар) Рус – Осиё тижорат банкига ҳам ўз таъсирини ўтказган. Сабаби, биринчидан, Ливерпуль биржасидаги америка пахтаси нархлари, иккинчидан,  ҳосилдорлик пастлиги эди. Чунончи, 1907-1908 йилларда пахтадан  анча кам ҳосил олинди. Оқибатда банклар вексель кредитини камайтиришга мажбур бўлишди. 1911 йили инқироз такрорланди ва енгил саноатга яхшигина зарба берди. Бундан, айниқса, москвалик фабрика эгалари молиявий азият чекишди. Маҳаллий фирмаларнинг банклардан қарздорлиги 1910 йил 1 ноябрда 38 миллион рублни, 1911 йилнинг 1 ноябрига келиб эса 47 миллион рублни ташкил этди.

Биринчи жаҳон уруши даврида пахтанинг харид нархлари ошса-да,  Туркистондаги иқтисодий аҳвол ўнгланмади. Инфляция ва чайқовчилик эса гуллаб-яшнади. Албатта, бу борадаги барча муаммоларни фақатгина молиявий институтлар фаолияти билан боғлаш адолатдан эмас. Пахтага тааллуқли  чайқовчилик урчишига тижорат банкларининг пухта ўйланган кредит сиёсати, тушунарли қонунчилик базаси йўқлиги, шунингдек, Фарғона ва Тошкент бозорлари савдо фирмалари томонидан «монополлаштирилгани» ҳам сабаб бўлган эди.

Биринчи жаҳон уруши, ишлаб чиқарувчиларнинг фирмаларга қарамлиги, паст ва тартибга солинган нарх-наво туфайли Туркистонда XIX асрнинг 90-йилларидан буён ишлаб келаётган империя модели охир-оқибат инқирозга юз тутди. 1917 йилнинг 14 декабрида Умумроссия марказий ижроия қўмитаси (ВЦИК)нинг банкларни миллийлаштириш декретига кўра, банк давлат мулки деб эълон қилинди.

Ўтган асрнинг 20-30-йилларида собиқ иттифоқда Туркистоннинг иқтисоди ва молия тарихига бағишланган биринчи йирик асарлар вужудга келди. Табиийки, муаллифлар марксист бўлишган ва бу асарлар марксизм-ленинизм назарияларига мослаштирилган. Капиталистик муносабатлар ва молиявий хизматлар ривожи фақат қораланар, банк тарихи талқинида кўпинча салбий атамалар ишлатиларди. Масалан, «чет эл капитали босқини», «бўйсундириш», «монополизация», «эксплуатация» ва ҳоказолар. Боз устига, тарихчилар банклар архивидан фойдаланишмасди. Чунки уларда тегишли ҳужжатлар ҳали тартибга солинмаган ва илмий айланмага олиб кирилмаганди. Тарихчиларнинг асосий мавзуси мустамлакачилик, ишлаб чиқарувчи кучларнинг ҳолати, империализм муаммоси, «капитал босимидан озод бўлиш» эди.

Сирасини айтганда, совет тарихчилари банкларни ёмонлашар, уни капиталистик эзиш қуроли ва аҳолини талаш воситаси деб тушунишарди. Масалан, ўша даврнинг йирик тадқиқотчиларидан бири А.Содиқовнинг фикрича, «молия капиталининг фаолияти Хивадаги мавжуд пул-товар ва кредит тизимини ўзгартирмади, фақатгина ўртакашлар орқали банк капиталига ишлаб чиқарувчиларни яратиб, ўзига хос иерархия яратди». Аммо архив ҳужжатлари  таҳлилидан маълум бўлишича, банк тизими Бухоро амирлигида ҳам, Хива хонлигида ҳам ҳеч қандай «иерархия» яратмаган.

Туркистон банклари фаолиятини ўрганган шўро олимларидан бири  Б.Искандаров «Банклар Ўрта Осиё шароитида иқтисодиётни ривожлантиришда катта роль ўйнамаган», деб таъкидлаган. Н.Ҳотамов эса «Россия молия капитали ўз мустамлакасида – Ўрта Осиёда ерли банклар ҳолати билан қизиқмаган, чунки улар ҳудудда Россиядан мустақил равишда вужудга келишган эди ва шунинг учун заиф эдилар ва Ўрта Осиё иқтисодиётига катта таъсир ўтказишмаган», деб ёзган.

Бизнингча, айнан банклар чайқовчиликни маҳаллий бозорларда қўллаб-қувватлашган. Натижада, ҳудуд иқтисодиётининг «модернизацияси» секинлашган.

Нима бўлганда ҳам, ўтмишни ўрганиш келажак учун кўп нарса беради. Хусусан, банк ва молиявий муносабатлар тарихини ойдинлаштириш банкларимиз фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашади ва янгиланаётган Ўзбекистон иқтисодиётининг жаҳон молиявий тизимига интеграциясини осонлаштиради.

Бахтиёр АЛИМЖАНОВ,
тарих фанлари номзоди