Ёз фаслининг иссиқ кунлари ҳам бошланди. Иқлимшунослар бу йил ҳарорат юқори даражада бўлишини айтишмоқда. Июнь ойи ўртача иссиқ об-ҳаво билан ўтмоқда. Ойнинг биринчи ўн кунлигида юртимизнинг катта қисмида қуруқ иқлим бўлиши кутиляпти. Умуман олганда, июнь ойи ҳарорати меъёрдан 2-3 даража илиқ кечади.
Хўш, бундай иқлимда нима қилиш керак?
Мутахассислар бу борада бир қатор тавсияларни беради:
Кўпроқ сув ичиш
Тўғри сув ичиш тартиби организм фаолиятини яхши ишлаши ва сув-туз балансини меъёрлаштиришига қулай шароитлар туғдиради. Шу сабаб иссиқ кунда сув истеъмолини кўпайтириш керак.
Қуёшда юрманг
Энг иссиқ пайтда – соат 12:00 дан 16:00 гача, зарурат бўлмаса, кўчага чиқмаслик, айниқса, қуёш тиғида юрмасликка ҳаракат қилиш лозим. Демак, кун режасини айни шунга мувофиқ ташкил этиш зарур.
Кўпроқ душ қабул қилинг
Мунтазам равишда тозаланиш тананинг эффектив нафас олишига ёрдам беради. Бунда сув хона ҳароратидай бўлиши керак.
Таомномани ўзгартиринг
Иссиқ кунда кўпроқ совуқ таомлар истеъмол қилган маъқул. Ёғли сут ва гўшт маҳсулотларини камроқ тановул қилиш керак. Рационда сабзавотларни кўпайтириш мақсадга мувофиқ.
Кийимларга эътиборли бўлинг
Жумладан, синтетик матодан тайёрланган кийимларни киймасликка ҳаракат қилиш керак. Салқин бош кийимларни кийишни канда қилмаслик лозим. Чунки офтоб ўриши асосан бош қизиганда содир бўлади.
Халқимизда бир нақл бор: сақланганни сақлайди. Демак, жазирамадан ўзимизни асраш учун бироз эътиборли бўлсак, кифоя.
ЎзДЖТУ талабаси
Азиза Актамова тайёрлади



