Туркияда ҳар бир маҳаллада спорт майдони ва бепул мураббий бор, Ўзбекистондачи?

51

Туркияда бўлиб қайтган футбол мутахассиси билан суҳбат

Ўзбекистон футбол Ассоциацияси ва Туркия футбол федерацияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумига кўра, вилоятлардаги Болалар ва ўсмирлар футбол мактаблари (академиялари) директорлари яқинда Европада бўлиб қайтишди. Ishonch.uz мухбири сафар таассуротлари ҳамда галдаги режалар ҳақида Қашқадарё вилоят болалар ва ўсмирлар футбол мактаби директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Нурали Султонов билан суҳбатлашди.

– Сафар тассуротлари ҳамда турк ва ўзбек спорти ўртасидаги тафовутларга бироз тўхталсангиз…

— Туркиянинг “Галатасарой” ва “Алтин ўрда” клублари футбол академияларида бўлдик ва улардаги шароитлар, ишнинг бориши, ўзига хос томонларини кўрдик. Футбол академияларида стадионлар, машғулот майдончаларининг кўплиги эътиборимизни тортди. Чунки, бу яхши ўйинчиларни етиштиришда муҳим рол ўйнайди.
Қардош мамлакатда болалар ва ўсмирлар ўртасидаги мусобақалар жуда кўп экан. Бундан ташқари, маҳаллаларда оммавий спортга берилаётган эътибор юқори. Туман ҳокимлари назорати ва кўмаги остида ҳар бир маҳаллада спорт бўлими фаолият юритади. Маҳаллаларда оммавий спортни ривожлантириш учун стадионлар, спорт зали, волейбол ва баскетбол майдончалари бор. Уларга мураббийлар бириктирилган. Қизиқувчиларни шуғуллантиради. Машғулотда қатнашиш мутлақо бепул. Мураббийларга ойликни маҳаллий ҳокимият тўлайди. Ҳар бир спорт туридан маҳаллалараро мусобақалар ўтказиларкан. Турли профессионал футбол клубларининг селекционер мураббийлари эса бу баҳсларни кузатиб, иқтидорли ўғил-қизларни танлаб олишар ва ўз академияларига жалб этишар экан. Сафаримиз давомида томонлар билан яқин келажакда турк ва ўзбек футбол клублари, академиялар ўртасида ўртоқлик учрашувлари, мусобақалар ташкил этишга келишиб олдик.
Қашқадарё вилоят болалар ва ўсмирлар футбол мактабининг эса ўз базаси ва стадиони йўқ. Вилоят ахборот-технологиялари техникуми футбол майдони ҳамда Қарши шаҳридаги “Бинокор” стадонидан фойдаланамиз. Машғулот майдончалари етишмайди.
Яхши янгиликлардан биттаси – ўтган йили бизга футбол мактаби қуриш учун ер майдони ажратилди. Энди у ерда 154 ўринли ошхона, ётоқхона, чимли ва сунъий қопламали майдонлар, 24х48 спорт зали қурилади. Қуриладиган иншоотларнинг лойиҳалари ҳам тайёрланди.

– Қашқадарёда футболнинг ўзига хослиги нимада?

— Кўпгина вилоятларда асосан битта футбол академияси бўлса, Қашқадарёда “Насаф”, “Машъал”, “Шўртан” футбол клублариники билан қўшганда тўртта йирик академия фаолият юритяпти. Демак, яхши футболчи тарбиялашда академиялар ўртасида табиий рақобат бор… Ҳар йили болалар ва ўсмирлар футбол академиялари ўртасидаги Республика чемпионати ва кубоги баҳсларида қатнашамиз. 2006 туғилган ўсмирларимиз ўтган йилги чемпионатда кумуш медал соҳиби бўлишди. Бундан ташқари, “Шўртан”нинг U-19 таркибига 16 нафар, асосий жамоасига эса тўрт битирувчимиз қабул қилинди. Бир шогирдимиз “Насаф”нинг U- 21 жамоасига ўтди. Йилдан йилга натижаларимиз яхшиланаяпти. Зоир Тўрақулов, Насим Шоимов каби тажрибали мураббийлар ёш мутахассисларни ўз ортидан эргаштиряпти. “Насаф” бош мураббийи машғулотларимизга келиб, ўз тавсияларини бериб боради. Айни пайтда академия учун Европа стандартлари асосида янги иншоотлар ва стадионлар, машғулот майдонлари қурилиши бошланишини ҳамда замонавий базага эга бўлишни сабрсизлик билан кутяпмиз.

“ISHONCH” мухбири Акмал АБДИЕВ ёзиб олди.