Кредитга уй бор, субсидияга йўқ

537

Нега қурувчилар субсидия асосида уй беришни истамайди?

Субсидия тизимидаги янги ўзгаришлар

Жорий йилнинг 13 апрелида “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони имзоланди. Бу билан субсидия ажратиш жараёнига қуйидаги ўзгаришлар киритилди:

Субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарнома олинган вақтдан бошлаб 4 ой ичида амал қилади, бу муддат тугагандан сўнг қайта ариза берилиши мумкин;

Субсидия олиш учун бир календарь йилда икки марта ариза бериш бўйича белгиланган чекловлар бекор қилинди, рад этилган аризаларга 1 декабрга қадар қайта ариза юбориш мумкин.

Субсидия олиш учун аризани аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари, Ёшлар ишлари агентлиги бўлимлари ва туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан кўриб чиқиш тартиби бекор қилинган.

Бунда мазкур ташкилотларнинг маълумотлари subsidiya.idm.uz дастурий таъминоти орқали автоматик тарзда шакллантирилади.

Субсидия ажратиш мақсадида уй-жойга муҳтож фуқароларни аниқлашнинг ижтимоий мезонлари доирасида қуйидагилар ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган айрим шахслар тоифасига киритилди:

ёш оилалар, шу жумладан, 30 ёшдан ошмаган фуқаролар;

олис ва чекка ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан ишлаш учун келган олий маълумотли мутахассислар ва тиббиёт ходимлари.

Шунингдек, 2023 йил 1 январдан уй-жой учун субсидия берилган фуқароларнинг ипотека кредитлари ва уларнинг фоизлари учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари даромад солиғига тортилмайди.

Давлатимиз раҳбари томонидан субсидия бўйича бир қанча енгилликлар берилмоқда, аммо субсидия олиб, уй олишгача бўлган жараёнларда ҳамон қийинчиликлар учрамоқда. Тизимда ислоҳ қилиниши керак бўлган бир қанча масалалар бор.

 Субсидия чиқди, аммо уй тополмаяпмиз…

2023 йилнинг ярмидамиз. Субсидия ҳужжатида берилган нархга уй топиш  ҳамон муаммолигича қолмоқда. Аҳолининг уйга бўлган эҳтиёжи юқори бўлгани сабабли фақат Тошкент шаҳрида уй топиш муаммоми десак, республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам пойтахтдаги вазият кузатилаётган экан. Фуқаролар ҳамон субсидия асосида уй топа олмаяпти. Уй-жойга муҳтож фуқароларнинг сарсон бўлаётганини мутассадилар қандай изоҳлайди? Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати билан боғландик. Саволларимиз билан танишган ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов “Субсидия асосида уй беришни Қурилиш вазирлиги назорат қилмайди, қолаверса, уйларнинг қимматлиги фақат қурилиш вазирлигининг муаммоси эмас. Қурилиш материаллари ниҳоятда қиммат, мана шу омиллар сабаб уйларнинг нархи осмонда” дея жавоб берди.

Фаррух ДЎСТОВ, “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК ахборот хизмати раҳбари:

— Пойтахтимизнинг Янгиҳаёт тумани Янги Дархон МФЙ ҳудудида жами 12.7 гектар ер майдонида “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилмоқда. Бугунги кунда 5.6 гектар майдонда 24 та 16 қаватли уй қурилди. Бунёдкорлик ишлари “Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компанияси томонидан давлатимиз раҳбарининг ПФ-6186-сонли фармони доирасида хусусий тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда барпо этилди. Жами 1936 хонадонни ўзида мужассам этган уйлар тайёр таъмирланган ҳолатда узоқ йиллик ипотека кредитлари асосида аҳолига топширилмоқда. Янги хонадонга эга бўлаётган аҳолининг қарийб 40 фоизини субсидияга эга бўлган фуқаролар ташкил этади. Турар жой мажмуаси қурилиши 2022 йилнинг февраль ойида бошланган. Айни кунларда 21 та уйга аҳоли кўчиб ўтди. Қолган 3 та уй ҳам тез кунларда фойдаланишга топширилади. Хонадонлар 2 ҳамда 3 хонадан иборат. 2 хонали уйлар майдони ўртача 60 м2, 3 хонали уйлар эса 70 м2 дан иборат. Айни пайтда бу каби лойиҳаларни яна давом эттириш мақсадида иш олиб боряпмиз.

Лобар ХАЙРУЛЛАЕВА, журналист:

—  Уй-жойга эҳтиёжимиз бўлгани боис субсидияга топширгандик. Қўлимиздаги ҳужжат билан бир нечта уй сотадиган ташкилотлар билан боғландик. Ҳатто кредитга уй бор, субсидияга йўқ.  Нега уй қурувчилар  субсидияга уй беришни хоҳламайди? Бунда улар қандай зарар кўради? Субсидияга чиқадиган уйлар жудаям қиммат нархда баҳоланмоқда.  Субсидия миқдори 416 миллиондан ошмаслиги зарур ва бу нархга Тошкентдан уй топиш амримаҳол. Тошкентнинг энг чекка ҳудудларидан субсидия асосида олиш мумкин, аммо харидорнинг ҳуқуқлари қават танлаш борасида чекланган. Энг юқори қаватдан уй беришга рози. Субсидияга уй олгандан кўра,  рассрочкадаги уйлар арзонга тушадими, деб ўйлаб турибмиз. Давлат субсидия беряптими, уй бўйича  маълум таклифлар ҳам берилиши керак деб ўйлайман. Бугун эса минг ҳаракат қилиб, олган субсидиямизга уй тополмай ҳалакмиз. Субсидиямиз муддати тугамасидан олдин тезроқ уй  топишимиз зарур. Тизим ишини яна бир бор кўриб, одамларга енгиллик бериш зарур.

Исмини сир тутишимизни илтимос қилган тадбиркор эса шундай фикрда:

— Кўп йиллардан бери кўп қаватли уй қуриб сотамиз. Кунига ўнлаб инсонлар қўнғироқ қилиб, “Субсидияга уй борми? деб сўрайди. Тадбиркор сифатида айта оламанки, субсидия асосида уй сотишнинг бизга ҳеч қандай зарари йўқ. Аммо  уй олмоқчи бўлганлар битмаган уйга кадастр ҳужжатларини сўрайди.  Кадастри йўқ уйларни  олиш субсидия тизимига киритилмаган. Уйларимиз битиб, кадастр ҳужжатлари тайёр бўлгунича, субсидиянинг муддати тугайди.

Мақола ёзиш жараёнида Тошкентдаги энг “гигант” уй қурувчилари билан боғландим. Бу борада бизга olx.uz сайтидаги эълонлар ҳам ёрдам берди. “Нақдга, кредитга, бўлиб тўлашга уйлар сотилади. Субсидияга йўқ” деган юзлаб эълонлар билан танишдим. Кўзга кўринган тадбиркорларнинг ҳам битаётган уйлари субсидия асосида сотилмайди. Компания менежерлари билан  гаплашсам,  субсидия асосида уй йўқ деган узил-кесил жавобни беришди. Ҳатто яқин-яқингача Сергелидан субсидия асосида уй олиш имконияти бўлган экан. Афсуски, айни пайтда аҳолида шу имконият ҳам йўқ.

Кўп йиллардан бери субсидия олиш учун ҳаракат қилиб юрган юртдошимиз  ёзмоқда:

“Субсидияга уй йўқ. Субсидияни “Сарсон халқ” деб ўзгартирса бўларкан. Муаммога ечим топиб берадиган биронта мутасадди топилмайди. Ўзинг учун ўл етим. Ҳаракат қиласиз, субсидия чиққач, уй қидиришга тушасиз. Кадастри бор уйлар субсидия нархига тўғри келмайди, нархи тўғри келганининг кадастри йўқ. Энди уй топдим деганимизда, субсидия ҳужжатига тўғри келмайдиган нимадир камчилиги чиқади. Хуллас, тизим  фаолиятини яна бир бор кўздан кечириш керак.

Умуман олганда, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам “Субсидиямиз куйиб кетди” деган хабарларга  тез-тез кўзимиз тушган. Мени қизиқтираётгани 2022-2023 йилларда субсидияси бўлса-да,  қанча аҳоли уй ололмаган? Субсидия миқдори билан уй бозоридаги тавофут ўрганилганми? Ўрганилган бўлса, нима учун субсидияси бўла туриб, уй ололмаётганлар сони ортмоқда? Бизни қизиқтирган бир нечта саволлар билан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига мурожаат қилдик. Яқин кунларда саволларимизга расмий жавоб беришни маълум қилишди.

Демак, тез кунларда мавзуга яна қайтамиз.

Феруза РАҲИМОВА,
I
shonch.uz