Фото ҳисобот учун экилган ниҳоллар жойларда нобуд бўлмоқда
Эко муаммоларни ҳал қилиш ёхуд муаммоларнинг авж олиб кетишида албатта, оддий халқдан кўра, масъулларнинг ўрни катта. Бугун мамлакатимизда мутасаддилар олиб бораётган кўкаламзорлаштириш ишлари қанчалик пухта ва самарали? Кўкламзорлаштириш бўйича ура-урачилик фонида берилаётган ҳисоботлар ўзини оқлаяптими?
Ўтган йили тегишли фармонга кўра, 2022-2024-йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “яшил боғ”ларни барпо этиш дастури ишлаб чиқилганди. Дастур асосида турли ҳудудларга турфа кўчатлар экилмоқда. Уларнинг аксари арча кўчатлари. Фақат арча тоғ ва тоғолди ҳудудлар иқлимига мослашган. Бу каби ҳудудларда арча униб ўсиши учун керакли озиқ моддалар мавжуд. Лекин республикамиздаги аксар ҳудудларнинг иқлими арча учун тўғри келмайди. Шунга қарамай, об-ҳавоси арча учун мос бўлмаган ҳудудларга, хусусан, Сирдарё, Бекобод туманларида арча экиш копанияси авж олган. МФЙлар ва ёқилғи қуйиш шаҳобчаси ҳамда йўл четларига арчалар экилмоқда.
Оқибатда экилган ниҳоллар кўп ўтмай қуриб нобуд бўлган. Ажабланарилиси, қуриган кўчат ўрнига қайта яна арча экиб кетилаверади. Фото ҳисобот топшириш учун амалга оширилаётган бу ишлар бюдежетга неча пулга тушяпти? Дастур бўйича давлат бюджетидан кўкламзорлаштириш учун ажратилган ва сарфланаётган маблағ – 64 миллион 880 минг сўм. Хўш, беҳуда совурилаётган маблағларга ким жавоб беради? Униб-ўсмайдиган кўчатларни қайта-қайта экишдан нима фойда? Масъулларимиз мутахассислар билан келишиб, Ўзбекистон иқлимига мос бўлган чинор, терак, эман каби дарахтларини экишса, фойдалироқ бўлар балки?
Диёра Равшанова
