Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилинади

49

Келгусида тадбиркорларнинг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқароларни ишга қабул қилганликлари учун уларга қатор имтиёзлар берилади.

Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлар билан икки томонга ҳам манфаатли бўлган ҳамкорликлар ўрнатилади.

Бу борада Президентнинг жорий йил 12 июнь куни имзоланган тегишли фармонида белгилаб қўйилди.

Фармон билан амлага оширилиши назарда тутилаётган “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурида тадбиркорлар 3 йилгача муддатга тузиладиган “ҳамкорлик шартномалари” асосида ихтиёрий равишда иштирок этишлари мумкин бўлади.

Ушбу дастур учун давлат 2023–2024 йилларда жами 1 млрд доллар миқдоридаги кредит линияси очади. Ушбу маблағлар ҳисобидан Дастурда иштирок этаётган тадбиркорлар лойиҳаларини (молия соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар бундан мустасно) молиялаштириш учун банклар 7 йилгача муддатга 14 фоиз ставкада рўйхатга мувофиқ кредит ажратадилар.

Шу билан бирга “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқароларни ишга қабул қилган тадбиркорларга айрим имтиёз ва преференциялар ҳам берилади.

Яъни фармон билан 2025 йил 1 январгача ушбу тоифа фуқаролар тадбиркорлар томонидан ишга қабул қилинганда:

– тадбиркорларга мол-мулк солиғи ва ер солиғидан имтиёз берилади (бунда ушбу тоифа фуқаролар камида бир йил энг кам иш ҳақи учун ишлаган бўлиши ва жами ишчиларнинг камида 20 фоизини ташкил этиши керак);

– ушбу тоифа фуқаролар ишга қабул қилганда уларнинг ойлик иш ҳақларидаги даромад солиғи республика бюджетидан иш берувчига (ҳар бир ишчи учун БҲМнинг 2 бараваригача) қайтариб берилади ҳамда уларга ижтимоий солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилган ҳолда қўлланилади.

(Бу борада тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва переференциялар тўлиқ ушбу ҳаволада.) 

Бундан ташқари, 2023/2024 ўқув йилида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг 3–4-курс талабалари учун тажриба тариқасида “Касб эгаси” дуал таълим тизими жорий қилинмоқда.

Маълумот учун, дастурда камида 2 йил “стаж”и бўлган нодавлат ташкилотлар – юридик шахслар иштирок этади.