Репетиторсиз ўқишга кириб бўлмайди(ми?)

59

Шу кунларда олий ўқув юртига киришни мақсад қилган ёшларнинг вақти ниҳоятда тиғиз. Улар учун мустақил ҳаётнинг илк ва муҳим пиллапояси бўлган имтиҳонларга оз фурсат қолмоқда. Шу сабаб бошини китобдан кўтармай ўқиётганлари қанча-ю, репетиторга зир югураётганлари қанча… Менимча, бу ўринда репетитордан таълим олаётгани кўпроқ бўлса, ажаб эмас.

Шу ўринда саволлар туғилади: аслида репетитор нега керак? Мактаб, коллеж таълими талабга жавоб бермайдими? Ўқувчининг ўн бир йил мактабда олган билими олий таълимга кириш учун етарли бўлиши керак эмасми? Нима сабабдан битирувчилар репетиторга эҳтиёж сезишади?

Буни баъзилар ўрта таълимда ихтисослашув йўқлиги, айримлар фанлар қисқартирилмагани, яна кимдир ўқитувчиларнинг ўқувчиларни машғулотларга қизиқтира олмаслиги сабабли улар мактабга шунчаки келиб­кетишлари билан изоҳлашади.

Хўш, ушбу босқичдан аллақачон ўтган ёшлар – бугун олий ўқув юртларида таълим олаётган талабалар қандай фикрда?

– Мен Самарқанд вилояти, Оқдарё туманидаги умумтаълим мактабида ўқиганман,  – дейди Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси Гулзода Ўринбоева. – Репетиторга бормаганман, мактабда олган билимим билан университетга ўқишга кирдим. Мактабимизда ўқитувчиларнинг билим бериш маҳорати жуда юқори. Балки, шу сабаб бўлса керак, ҳеч бир ўқувчи репетиторга вақт ва пул сарфлаб юрмайди. Буни қарангки, синфда 20 нафар ўқувчи ўқиган бўлсак, уларнинг 15 нафари олий ўқув юрти талабаси бўлди. Буни, аввало, ўқитувчиларимизнинг меҳнати, бизни таълимга қизиқтира олгани самараси, деб биламан.

Қашқадарёлик Мадина Воҳидова оилавий шароити кўтармагани туфайли қўшимча дарсларга боролмаган. Аммо унинг ўқишга бўлган иштиёқи кучли эди. Шу боис мустақил ўз устида ишлади, тинимсиз ўқиб-ўрганди.

– Мактабдаги машғулотлар ва ўқитувчиларнинг сабоқлари ёмон эмас, аммо жуда тартибсиз ва чалкаш эди, – дейди у. – 11-синфга келиб, акам билан биргаликда инглиз тили фани бўйича мустақил шуғуллана бошладик. Вақтимиз оз, аммо бор эди. Ҳаммаси имтиҳонда маълум бўлди: шартнома асосида талабаликка қабул қилиндим. Аммо дилимда «Мустақил тайёргарликни эртароқ бошлаганимда ўқишга грант асосида кирармидим» деган армон қолиб кетди.

Хоразмлик Худойназар Нурметов ҳам репетитор кўмагисиз, ўз билими билан талаба бўлганлардан. Айни пайтда у Тошкентда олий ўқув юртида таҳсил олмоқда. Унга оғир меҳнат мотивация берган. «Олий ўқув юртида ўқимасам, қора ишчи бўлиб қоламан», деган фикр хаёлидан кетмаган. Охирги йилларда мактаб дарсларини умуман қолдирмасликка ҳаракат қилган. Мустақил равишда билимини оширган. Маълум фанларни ўзлаштирган ва мақсадига етган.

Дарвоқе, мақолани тайёрлаш жараёнида яна бир фикрни эшитдик. Айтишларича, репетиторга эҳтиёжнинг яна бир сабаби бор экан. Яъни кириш имтиҳонларидаги тест саволларининг баъзилари мактаб ўқув дастурига мос келмас экан. Агар шундай бўлса, оддий ўрта таълим олган ўқувчи дарс давомида ўтилмаган мавзуларни еча олмаслиги табиий. Шу сабабли улар махсус мураббийга – репетиторга мурожаат қилишни маъқул кўришади.

Тўғри, бу муаммо ҳал этилиб, мактаб ўқитувчилари экспертлар гуруҳига жалб этилмоқда, тестларнинг дарсликлар асосида тузилишига эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда бу муаммо тўла ҳал этилишига умидимиз бор.

Демак, тажриба шуни кўрсатяптики, ҳаракат астойдил бўлса, мактабда олинган билим ва мус­тақил тайёргарлик билан ҳам олий ўқув юртига кириш мумкин.

Фикримизни Тошкент шаҳри, Сергели туманидаги 6-давлат ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби директори Дилором Эшмаматова ҳам маъқуллади. Унинг таъкидлашича, агар ўқувчи белгиланган тартиб-қоида асосида ўқитилса, унга репетитор керак бўлмайди. Умуман олганда, мактабда олинадиган билимни репетитор бир-икки йил ичида бера олмайди. Улар маълум бир формула асосида тестларни ёдлатади, холос. Натижада ўқувчи тест синовларини осон ечади, аммо бу ўқувчининг кейинги қадамларига салбий таъсир қилиши мумкин. Негаки, босим остида ёдлаган билим юзаки бўлади ва жуда тез унутилади. Оқибатда ўқувчи мустақил ҳаётга, таъбир жоиз бўлса, бир қоп пуч ёнғоқ орқалаган киши каби кириб боради.

Шу боис мактабда ўқувчиларнинг қизиқиш­ларига эътибор қаратиш керак. Жумладан, 9-11-синфлар билан алоҳида тестлар асосида ишлаш зарур. Уларнинг қизиқишлари асосида йўналиш аниқланиб, шу асосда керакли фанлар ўқитилишини кучайтириш лозим.

Тажрибали педагог тўғри айтди. Ўқувчилар фақат университетга кириш, диплом олиш учунгина «ўқиши» керак эмас. Балки билимларини мустаҳкамлаш, янги илм уфқларини ҳамда касб сирларини ўрганиш учун ўқиши лозим. Шундагина улар олий ўқув юртини етук мутахассис, билимли кадр, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиб битиришади.

Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
«Ishonch»