«Гулхан» журнали: «БОЛАЛАРГА ҚАДРИЯТЛАРИМИЗНИ УЛАШИШДАН ЧЕКИНГАНИМИЗ ЙЎҚ»

62

– Байрам арафасида жамоанг билан нималарга эришдим, нималарга эришмадим, деб ўзингни бир сарҳисоб қиласан, – дейди «Гулхан» журналининг бош муҳаррир ўринбосари Муҳаббат Ҳамидова.

– Вилоятларга бориб қолганимизда «Гулхан»да ишлайман десам, ёши катта-катта отахонлар, онахонлар ҳам «Ие, «Гулхан»дами, «Гулхан» ҳалиям чиқаяптими?», деб сўрашади. Бундай пайтларда бир оз дилим оғригандек бўлади, лекин кейин ортидан жуда зўр журнал эди. Маза қилиб ўқирдик. Мактабга келарди. Бутун синфимиз билан обуна бўлганмиз, дейишса хурсанд бўлиб кетаман.

Шунда журналистлигимга бориб, «Ҳозир ҳам невараларингиз ўқиётгандир десам, баъзи бирлари «ҳа», дейди, баъзи бирлари «йўқ» дейди, баъзи бирлари эса «обуна йўқ бўлиб кетган-ку, журнал чиқаяптими?» деб ҳайрон бўлади. Оқибатда бундай лоқайдлик ва эътиборсизликдан ҳайрон бўламан.

Шунга қарамасдан ўзимизнинг содиқ ўқувчиларимиз ва журналхонларимиз номидан шуни айтаманки, «Гулхан» ҳалиям бор, у «ёниш»да давом этаяпти. Биз елкамизга жуда катта масъулиятни олиб қўйганмиз. Бу – Ватанимизнинг келажагига муносиб авлодларни тарбиялашга ёрдам беришдир. Шиддатли ахборотлар, техника асрида яшаяпмиз. Шундай даврда биз ғояга қарши ғоя билан курашамиз. Ҳар бир чиқишимизда болага ўзлигини англатишга, кимнинг авлоди бўлган, қанақа теран илдизлари бор, кимдан ўрнак олиши кераклигини англашига ҳаракат қиламиз. Қолаверса, миллий қадриятларимизни ўргатяпмиз ва бундан чекинганимиз йўқ.

Таълим-тарбия соҳаси ҳам доим эътиборимиз марказида. Шу боис яхши янгиликлар билан бирга, йўл қўйилаётган баъзи камчиликлар ҳақида ҳам ўйлаб қоламиз ва болани фикрлашга ундайдиган қилиб ёритишга ҳаракат қиламиз. Чунки катталарга ёзиш осон, аммо болаларга унинг кўнглидагини топиб ёзмасангиз, қанчалик қимматли нарса ёзманг, у қабул қилмайди…

Зебо НАМОЗОВА,
Ishonch.uz