Бағрикенглиги, мардлиги, ҳеч кимда учрамайдиган тантилигию соддалиги билан беҳисоб дўстлар орттирган жасоратли журналист Қурбон Эшматовни орамизда йўқ, дейиш нақадар оғир. Ўзи тартиб берган, аммо кўролмай кетган «Қадрдон қайрағоч» китобида устознинг ҳикояларини мутолаа қилиб, кўзимга ёш келди, ҳангомаларидан ҳузурландим, у киши ҳақидаги дилномаларни энтикиш ила ўқидим. Қаранг, шунча пайт ёнида юрган эканмизу бунчалар ҳаяжонли, мунгли, айни пайтда одамни тарбиялашга қодир ҳикоялар ёзишларини билмаган эканмиз. Бундай ҳикоялар эса ўзи, сўзи, тузи тоза одамдан чиқади.
Интернетга муккасидан кетган, ҳаётим, борим шу сайтлару телеграм каналлар деб жар солаётганларга бир маслаҳатим бор: аввало, китоб ўқинг. Маърифат, одоб китобдан олинади, асло ижтимоий тармоқдан эмас. Бугун бор бу пуфаклар эртага йўқ. Китоб эса минг йиллар туради. Жумладан, Қурбон аканинг мана шу китоби ҳам ўқишга, ўқиганда ҳам қайта-қайта ўқишга арзийди. Оғзига нима келса шуни ёзадиган, бир ишни қойиллатмай туриб, ўзини кўз-кўз қилишни хуш кўрадиганлар асл журналист, ҳақиқий мақола қандай бўлиши кераклигини англамоқчи бўлса, шу китобдан жой олган мақолаларни ўқисин. Том-том асарлар бор, қарагинг келмайди, таҳририятларни бездириб юборган шоирлар бор, битта шеърига қараб, ихлосинг қайтади. Аммо инсон дарди, муаммоси, юраги қалқиб турган шундай мақолалар бўладики, улар манаман деган халқ шоирию адибининг ўзига ўхшаган семиз китобидан кўра, минг карра устун туради. Мен ҳеч иккиланмай, Қурбон аканинг китобини шундай устун дейман.
Қурбон Эшматов бор эди, дунё гўзал эди. У киши ҳаёт эди, яшаш завқли эди. Афсус, минг афсус, бундай одамлар энди туғилмайди.
Ҳаммани жон жигаридек кўрадиган, меҳри тушган одамдан борини аямайдиган акани бой деб ўйлайдиганлар кўп эди. Аммо бутун умр Чилонзорнинг бир чеккасидаги кўп қаватли уйидан бўлак ҳеч вақо орттирмаган акамиз топганини бировдан яширмас, аксинча, қанчадан-қанча дилларни шод қилишга сарфларди. Таҳририятда бирга ишлаганмиз, боласи қаторилар уйига кетарди, бироқ ака ишда қоларди, навбатчилик қиларди. Бошқалар мукофот пули олиб уйига шошилса, бундай рағбатлардан мосуво акам жимгина ўтириб ишини қиларди. Баъзан ишга кечикиб келиши эвазига бундай жазолар муттасиллигидан оғринмасди ҳам. У шундай баланд эди, худди қишлоғи жойлашган ҳудуд каби майда-чуйдалардан тепада турарди.
Китобдан таъсирли ва ҳаётий ҳикоялар жой олган. Айниқса, онаизорлари ҳақидаги ҳикояни ўқиб, Қурбон акам буни қайси юраги билан ёзган эканлар, деб қолдим. Ахир, ўйланг, бир таҳририятда оддий мусаҳҳиҳ бўлиб ишловчи, ижарада яшовчи, маоши ҳаминқадар қайси ўғил ҳар ойда икки марта Тошкентдан 460 километр узоқликдаги қишлоғига онасини кўргани боради. Ҳозир ҳар қадамда замонавий машиналар хизматга шай, лекин совет замонида бунча масофага бориб келишнинг ўзи бўлмаган. Яна денг, онам яхши кўради деб, қайси фасл бўлишидан қатъи назар, туққан онам учун деб отлиққа ҳам топилиши мушкул бўлган замонда икки кило узуму икки кило помидорни олиб боришни канда қилмагани-чи?!.
Туғилган кунида барча ёру дўстларни дастурхонга чорлаб, давра тўрига онаизорни чиқариб қўйгани-чи?!.
Ҳар Рамазонда уйига олиб келиб, ювиб-тараб, онаизорининг оёқларини ўпиб-ҳидлаб, тирноқларини олиб қўйгани-чи?!.
Бир куни газетада Қурбон аканинг «Кўктой» сарлавҳали ҳикояси чоп этилди. Газета чиққан куни ака билан пастда кўришиб, юқорига бирга чиқдик. Аброр Орипов деган акамиз масъул котиб ўринбосари эди. У худди «Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз!» деган шиор сиққулик узун қоғозга «Биз сен билан, Кўктой!» деган ёзувни битиб, кўтариб турган экан.
Қурбон ака буни кўрди-ю, маза қилиб кулди, кейин кўзига ёш келди. Аброр акани қучоқлаб: «Ўлгунимча хизмат қиламан энди сизга», деди. Худди шу пайт Бош муҳарриримиз пайдо бўлди ва қоғоздаги ёзувга кўзи тушиб: «Қайси аҳмоқ шунча сиёҳни исроф қилди?» деб койиган бўлди-ю, бизнинг шодон кайфиятимизни кўриб, овоз оҳангини ўзгартирди ва: «Қурбон, Кўктойга салом деб қўйинг», деди.
Бу гап, бу лутф кайфиятимизни янада кўтариб юборди. «Кўктой» бир итнинг содиқлиги, эгасига вафоси ҳақида ёзилган ғамгин бир ҳикоя эдики, уни ўқиб, биз ўша жониворга ҳавас қилган эдик. Бир ҳамкасбимиз Қурбон акани янаям хурсанд қилгиси келди шекилли, «Қанийди Кўктой бўлиб қолсам» деб юборди. Бу гапдан кейин шунақа қаҳқаҳа бўлдики, етти қаватли матбуотчилар уйи зириллаб кетди гўё.
Давраларни шу тахлит гуриллатиб юрган, не-не акаукаларга, опа-сингилларга жигар бўлган акамнинг ўрни шу қадар билинадики, буни айтишга сўз тополмайман.
Одамзод тошдан қаттиқ, гулдан нозик. Ҳаётнинг пасту баландликларида гоҳ қувонсанг, гоҳ хафа бўлиб кетасан. Шундай пайтда бир меҳрибон дўстга эҳтиёж сезасан. Қурбон аканинг одамийлигига кўп бора тан берганман. У сизнинг шодон пайтларингизда кўпам йўқлайвермасди, аммо бошингизга иш тушса, кўмакка шошиларди. Моддий кўмаклар нима бўпти, маънавий мададга не етсин?!.
Дадам вафот этганларида, таъзияга Қурбон ака боролмадилар. Қирқинчи кунда эса йўқлаб бордилар. Панжакентлик амакимиз, мен ва Қурбон ака қабристонга бордик. Қишлоғимиз қабристони ўртасида тепалик бор. У ерда бизнинг марҳум қариндошларимиз ётибди. Улар орасидаги янги қабрга қараб туриб, ишонгим келмайди: наҳотки, энди дадажонимни кўрмасам, у кишининг муборак юзларини юзимга босмасам?!.
Амакимнинг сокин, дилни ўртаб юборувчи овозларидан таралган тиловатдан сўнг улар пастга тушиб кетишди. Мен дадамнинг қабрлари устидаги баҳор майсаларига юзимни босиб: «Тинч ётинг, дадажоним!» дедим. Бу гапни ичимда шивирлаб айтдим. Пастга тушганимда Қурбон ака: «Ҳозир «Дадажоним, тинч ётинг!» деб айтдинг-а», деди. Қотиб қолдим. Демак, қалб яқин бўлса, овоз чиқариб гапирмасдан туриб ҳам инсон бир-бирини тушунса бўларкан-да…
Умуман, бировнинг дилига хушнудлик улашиш Қурбон акага хос эди. Бу хислат камдан-кам одамларда учрайди. Аксинча, ёнидаги ҳамроҳини, дўстини, қўшнисини, ҳамкасбини сотиб, уларга хиёнат қилиб гапириб юрадиганларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Шундайлар борки, улар эрталабданоқ кимнингдир қалбини вайрон қилишни режалаштириб оладилар. Бу қабиҳ ниятлари амалга ошса, хотинига телефон қилиб, «Ош дамла, бугун кайфиятим яхши», дейдиганлар ҳам бор…
Қойил қолардимки, Қурбон ака ана шундай «дўстлари»дан ҳам хафа бўлмасди. Бундай ҳолатларга гувоҳ бўлганимда, қизиққонлигимга бориб: «Ака ҳеч бўлмаса, бир сўкинг буларни», десам, у киши хотиржам алфозда: «Қўйсанг-чи», дерди.
Имом Бухорий айтадилар: «Ғийбатнинг ҳаромлигини билгач, ҳеч кимни ҳеч қачон ғийбат қилмадим». Ҳазратнинг бу сабоқларини ўқигач, бир кунда қанчалар кўп гуноҳга ботишимизни ўйлаб, даҳшатга тушдим. Хом сут эмган бандамиз. Афсуски, бу қусурдан холи бўлишга интилиш ўрнига билиб-билмай кимларнидир ғийбат қиламиз. Осийлик бўлса ҳам айтиш керак, баъзан феъл-атвори ўта қўпол, қўрс одамларга дуч келаманки, уларни ғийбат қилиш савоб бўлса керак, деган хаёлларга бораман.
Кўролмаслик – иллат. Ҳасад – эгов. Мана шу икки «хислат» асосида яшайдиган бир кишини биламан. У бир қарашда жуда самимий кўринади. Ўзини сизга дўстдек кўрсатади. Вақт ўтгач эса, унинг кимлиги аён бўлади. Яъни, у кеча сиз билан бирга ўтириб чой ичган бўлса, бугун озгина муваффақиятга эришган бўлсангиз, энди чойингизга заҳар қўшиб беришга тайёр туради. Ўша одам Қурбон акадан жуда кўп яхшилик кўрган. Ночор қолган пайтларида аканинг ёрдами билан ўзини ўнглаб олган. Аммо бир кун ўша одамнинг ҳам Қурбон акани ёмонлаётганини эшитиб қолдим. Бунга чидолмай юзига гапирдим. Шу-шу мен билан юз кўришмас бўлиб кетди. Бундан хафа эмасман, қайтанга Яратганга шукр, дейман. Бундай ғаламислар билан кўришгандан кўра, қурбақага термулиб ўтирган маъқул…
Ҳеч кимга ўхшамайдиган акам, раҳматли Қурбон Эшматов билан бир тўй баҳона уйимизга бордик. Гапдан гап чиқиб, онам: «Ҳамма болам шу ерда, фақат шу ўғлим ёлғиз ўзи Тошкентда қолиб кетди-да», дея афсусландилар. Шунда Қурбон ака: «Онажон, ундай деманг, мана менман бунинг акаси. Ҳечам ёлғизмас ўғлингиз», деди. Бу гапни эшитиб, онам роса йиғладилар. Қурбон акам эса қайтишимизда: «Онанг худди менинг онамга ўхшаркан», деди.
Ўзгаларга баҳо берадиган бўлсак, аксарият ҳолларда уларнинг ташқи кўриниши, топиш-тутиши, мансаб-амалидан гап бошлаймиз. Аслида инсон қалби, унинг эзгу амалларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, юраги тоза, мард кишилардан андаза олишимиз керак. Беайб Парвардигор, балки бу кимларгадир ёқар, кимларгадир ёқмас, аммо гапнинг бўладигани шуки, софдил инсонлар рўйхати тузиладиган бўлса, бу рўйхатнинг бошига Қурбон аканинг исм-шарифини ёзиб қўйган бўлардим…
Нонга, тансиқ таомга, пенсия олишга, газга, бензинга навбатни кўрганмиз. Бироқ яхши одамга нисбатан бу менинг акам, бу менинг жигарим, деб талашиладиган, бир-биридан ижобий маънода қизғанадиган инсон эди Қурбон Эшматов.
Ўзидан яхши сўз, эзгу амал, оқил фарзандлар, садоқатли дўстлар қолдирган Қурбон Эшматовнинг охиратлари обод бўлсин. Яхшилар чин дунёга ҳам керак экан…
Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
журналист
