27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни. Шу муносабат билан соҳа ходимларининг бир гуруҳи Президент фармони билан тақдирланди. Машаққатли соҳада кўп йиллардан бери самарали меҳнат қилиб келаётган ҳамкасбларимизни бугунги байрам ҳамда юксак мукофотлар билан табриклаб, таассуротлари билан қизиқдик.
Қобулжон Аҳмедов,
“Менинг юртим” телеканали бош директори,
“Шуҳрат” медали соҳиби:
– Ўзбек журналистлари – ҳамкасбларим бугун ҳар қачонгидан эркин ижод қилмоқда. Тезкорлик, холислик, адолат мезонлари билан иш кўраётган соҳадаги фидойиларни кўриб қувонаяпман. Бугун бу майдонда ижод қилиб, яхши ном чиқаришнинг ўзи бўлмайди. Сабаби аён, ахборот асрида яшаяпмиз. Ҳозиргина рўй берган воқеа биздан ҳам аввал ижтимоий тармоқларда айланмоқда. Янгилик ўз таъсир кучини тез йўқотмоқда. Бу эса журналистлардан тезкорлик билан бирга катта изланишни ҳам талаб қилади. Кеча мавзуга янгича ёндашдим деб эфирга берган ишингиз эртасига эскирганини англайсиз. Янги сўз, янгича ёндашув, янгича қараш излайсиз. Янги мавзу топиш, янги сўз айта олиш ва уни эфирга бергунча бўлган машаққат – буларнинг барчаси шу соҳада илк иш бошлаган журналист учун қийин туюлади. Ва орамизда бир марта бўлса-да касбини ўзгартириш ҳақида ўйламаган ҳамкасбларим бўлмаса керак. Аммо тажриба, масъулият ошган сари журналист елкасидаги юк қанчалик залворли бўлмасин касбини ўзгартириш ҳақидаги фикри унут бўлиб бораверади.
Йилдан-йилга медиа майдони кенгаймоқда. Журналистга талаб кучаймоқда. Зеро, “осон эмас бу майдон ичра турмоқ…”. Бир пайтлар саноқлигина ОАВ бўларди. Биргина яхши мақола ёки кўрсатув, эшиттириш тез тилга тушарди. Табиийки журналистнинг ҳам танилиши, тан олиниши осон эди. Бугун замон ўзгарди. Нафақат танқидий, балки таҳлилий мақолага, кўрсатувга, эшиттиришга эҳтиёж ортди. Ҳар қандай мавзуга кечаги ёндашувдан бошқачароқ ёндашув билан киришмасангиз бариси бекор бўлмоқда.
Яқин-яқингача журналистларнинг хорижлик ҳамкасблар билан тажриба алмашишини, ўзга мамлакатларга боришини тасаввур қилолмасдик. Бугун ҳамкасбларимиз Америка, Ҳиндистон, Европа бўйлаб кезмоқда.
Юртбошимизнинг эътирофи – “Шуҳрат” медали байрам қувончига қувонч қўшди. Жамоамиз, телеканалимиз ходимлари билан севиндик.
Машаққатли касбимизда роҳат олиб ишлаш, халқнинг дардига малҳам бўлиш катта бахт! Асл журналист учун энг катта мукофот аслида жамиятда ечимини кутаётган муаммони ҳал қилгани деб биламан. Телеканалимиз билан ўз олдимизга катта мақсадлар қўйдик. Мукофотни биз олдинда қилинадиган ишларимиз учун аванс деб биламиз ва янада ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишда давом этамиз.
Байрамингиз муборак, азиз ҳамкасблар!
Севара Ўринбоева,
Адлия вазирлигининг ахборот хизмати раҳбари-жамоатчилик билан алоқалар бўлим бошлиғи,
“Шуҳрат” медали соҳибаси:
– Сўз эркинлиги, демократия бугунги кунда янги босқичга чиқди. Буни ҳатто халқаро экспертлар, журналистлар ҳам таъкидлашмоқда. Очиқлик сиёсати бизга дунё эшиклари очилишига ёрдам бермоқда. Муҳтарам Юртбошимиз томонидан таъминланган сўз эркинлиги бизга юксак қанот бўлди. Энди журналистларнинг парвози янада юксакларга кўтарилаверади.
Бугун журналистиканинг турли бўғинларида фаолият юритаётган барча ҳамкасбларимга ҳавас қиламан. Ўзим гарчи ахборот хизматида бўлсам ҳам уларнинг ҳозирги журъатидан қувонаман.
Шу пайтгача давлат мукофоти олмаганман. “Дунё бўйлаб” телеканали учун юртимизда бўлиб ўтиши режалаштирилган сайлов ҳақида интервью бераётган эдим. Ҳамкасбларим бирин-кетин табриклашса, байрамга деб ўйлабман. Улардан бири “Севарахон, “Шуҳрат” медали муборак бўлсин” деганидан кейингина англаб етдим. Кутилмаган сюрпризлар менга ёқади, айни муддао бўлди. Жамоамизнинг меҳнатини эътироф этган Давлатимиз раҳбарига ўзимнинг чуқур миннатдорлигимни билдираман.
Қолаверса, ютуқлар ота-онамизники, яқинларимизники ҳамдир. Давлат ишида масъулиятли лавозимда ишлайдиган журналист аёлнинг орқасида турмуш ўртоғи, қайнона-қайнотаси ҳам туради. Агар улар соҳамни тушуниб, қўллаб-қувватлаб туришмаганда бундай ютуқларга эришмаган бўлар эдим.
Адлия вазирлиги ахборот хизматида мен билан елкама-елка ишлаб келаётган ҳамкасбларимдан ҳам миннатдорман. “Шуҳрат” медали бутун жамоанинг ютуғи, деб биламан.
