Ўлгану, енгилмаган Тавалло

77

Тескари, деманг, замон, бизнинг юришлар тескари,
Элдин ибрат олмайин бизда турушлар тескари.

КИНОЯ
Жамиятдаги минг йиллик иллатлар киноя ортидан ўнгланиб кетганига мисоллар кўп. Чунки одам зоти ҳамма нарсага кўникиши мумкин, аммо кинояни ҳазм қила олмайди.

Ўтган асрнинг 10-йилларида тошкентлик бир йигит ўз даврининг иллатларини ана шундай кинояли кулги остига олади. Бу кулги ҳатто Туркистон чегараларидан чиқиб, Европани ҳам ларзага солади. Йигитнинг ёзган ҳажвлари гап-гаштаклар, чойхоналарда ўқилиб, халқнинг кўзи очилаётган, авом уйғонаётган эди…

«ҚУРОЛ»
Бироқ… бундан таҳликага тушган рус мулозимлари йигитнинг товушини ўчириш пайига тушдилар. Мустабид ҳукуматни хавфсиратган бу шахс 1882 йил Тошкентда туғилган, ҳажвдан қудратли курол сифатида фойдаланган Тавалло эди. Асл исми Тўлаган Хўжамёров бўлган ижодкор “Садои Туркистон” газетаси, “Ойна” журналларида тинимсиз чиқишлар қилди, ўзбек адабиётидаги сатира, юмор каби жанрларни янги босқичга олиб чиқди. Унинг асарлари таъсирида жамиятда ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади.

Таваллонинг ёзганлари ўз даврининг зиёлилари томонидан мустамлакага қарши очилган ўт деб баҳоланди.

ШОВ-ШУВ
Таваллонинг 1916 йилда чоп этилган «Равнақ ул-ислом» китоби катта шов-шувларга сабаб бўлади. Сабаби, бу китобда шоир аччиқ истеҳзоли шеърлар орқали халқ кўзига кўзгу тутган, бу кўзгуда эл-юртнинг ачинарли аҳволи кўрсатилган эди…

Афсуски, ҳақиқат куйчиси Таваллонинг қонига ташналар ўз мақсадига етди. У 1937 йил 14 августда «Турон», «Миллий иттиҳод» ва бошқа «аксилинқилобий» ташкилотлар аъзоси бўлганликда, «шеърларида миллатчилик ғояларини илгари сурган»ликда айбланиб, қамоққа олинди. Машъум 1937 йилнинг 10 ноябрида НКВД қошидаги учлик ҳукми билан отиб ташланди.

Бироқ шундай инсонлар борки, уларни ўлдириш мумкин, аммо енгиб бўлмайди. Тавалло каби жадид маърифатпарварлар жисмонан йўқ қилинди, фақат енгилгани йўқ, уларнинг асарлари, ғоялари авлодлар қалбида боқий яшайди.

Маълумот учун, Таваккал Қодиров куйлаган «Ўйласам, шу дилбарим» деб бошланадиган машҳур қўшиқнинг сўзлари Таваллога тегишли. Бугун Президент маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритаётган Абдужаббор Абдувоҳидов эса Таваллонинг эвараси.

Мафтуна КАРИМОВА