Адолатнинг илдизига болта уриб бўлмайди!

63

Ёхуд баъзи амалдорларнинг ноҳақ иш юритиши туфайли ишдан бўшатилган мактаб директори ўз вазифасига тиклангани ҳақида

Учқудуқлик муаллима Омоной Азимқулова бой тажрибага ва катта ҳурматга эга устоз сифатида анчадан буён тумандаги 4-умумтаълим мактабига директорлик қилиб келаётганди.  Нимадир бўлди-ю, туман ҳокими 2022 йил 12 сентябрда вилоят халқ таълими бошқармасининг собиқ раҳбари Марат Шамуратовга хат йўллаб, Омоной Азимқулова ҳамда унинг раҳбарлигида ишлаётган баъзи ўқитувчиларга интизомий жазо чорасини қўллаш зарурлигини уқтирди. Бунга жавобан Марат Шамуратов ўша пайтларда  Омоной Азимқулова меҳнат таътилида эканлигини, келгусида унинг фаолиятини ўрганиб, бу ҳақда ҳокимга маълумотнома жўнатишини маълум қилди. Аммо бу хабар ҳокимнинг ҳовурини босмади. Шу боис ўша йили 28 октябрда бошқарма бошлиғи номига иккинчи бор хат жўнатиб, яна директорни жазолашни сўради.

Шундан сўнг директорнинг бошида ёнғоқ чақишлар бошланиб кетди. Марат Шамуратов 7 ноябрда уни ҳузурига чақириб, кучли босим ўтказди ва ишдан бўшаши ҳақида ариза ёздириб олди. Шу куннинг ўзида у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни ҳам имзолади.

Бошқарма раҳбарининг адолатсизлиги туфайли чорасиз қолган Омоной Азимқулова ҳуқуқлари топталаётганини, ишдан асоссиз бўшатилганини баён этиб, фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ тумани судига мурожаат қилди. Бироқ суд 2023 йил 23 январда унинг аризасини кўриб чиқиб, талабларини қаноатлантиришни рад этди. Шунда ҳам тушкунликка тушмай, вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ишни холисона кўришига умид боғлади. Афсуски, аксарият ҳолларда қуйи судлар қарорларини маъқуллашга одатланган вилоят суди валломатлари 2023 йил 15 мартда учқудуқлик ҳамкасблари қарорини ўзгаришсиз қолдириш юзасидан ажрим чиқаришди.

Сирасини айтганда, туман ҳокимининг иккита хати билан халқ таълими соҳасининг туман ва вилоят бўйича масъуллари ҳам, қуйи ва юқори босқич судлар судьялари ҳам Омоной Азимқулованинг кўп йиллик меҳнатларини  бир пулга чиқариб, қадр-қимматини шамолга совуришди. Устига-устак, унинг арз-додига  бир неча ой давомида ҳеч ким қулоқ солмади. Гўёки ҳақ-ноҳақлигидан қатъий назар, ҳоким ёки халқ таълими бошқармаси бошлиғи нима деса, шу бўлиши керак, адолатсизликка учраганлар эса, тақдирга тан бериб, ҳар қандай жабр-ситамларга чидашлари шарт. Яхшиямки, ҳоким директорни фақат интизомий жазога тортишни сўраган экан, мабодо, уни узоқ муддатга қамаб юборишни буюрганида борми, ғорат тегирмони бир зумда ишга тушиб кетиши аниқ эди.

Табиийки, кучли руҳий босим ўтказиш, ишдан бўшаш ҳақида мажбурий равишда ариза ёздириб олиш, йиллар давомида эришган обрўсини тўкиш Омоной Азимқулованинг ҳақиқатга  ишончини сўндира бошлади. Ана шундай қалтис вазиятда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти кенгаши раиси Назира Тоғаева ҳамда ҳуқуқшунос Тоштемир Тойлоқовнинг «Биз сизнинг ҳуқуқларингиз тикланиши тарафдоримиз», деган гапини эшитиб, қалбида яна умид учқунлари ниш урди.

Ушбу масала  юзасидан Олий судга кассация шикояти юборилди. Кўп ўтмай, ҳақиқат қарор топди. Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати жорий йилнинг 15 июнида видеоконференц  алоқа тартибида ўтказган очиқ суд мажлисида қуйи судларнинг ҳал қилув қарори ва ажрими бекор қилинди. Федерациянинг Навоий вилояти кенгаши Омоной Азимқулова манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича киритган даъво аризаси қаноатлантирилди, аниқроғи, уни   ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ ғайриқонуний эканлиги тасдиқланди. Шунга кўра, Омоной Азимқулова фойдасига вилоят халқ таълими бошқармаси ҳисобидан мажбурий ишсиз юрган кунлари учун 48 миллион 625 минг 794 сўмлик иш ҳақи  ҳамда 7 миллион сўм миқдорида маънавий зарар ундириладиган бўлди.

Таълим тизимида юз бераётган бу каби можаролар бошқа вилоят ва туманларда ҳам учрайди. Олий суд ажримлари ва юқори турувчи бошқа идоралар аралашуви билан  ҳақиқат юзага чиққанига ҳам кўп гувоҳ бўлганмиз. Аммо бизни  бир нарса ажаблантиради. У ҳам бўлса, адолат қарор топгач, ғайриқонуний буйруқлар чиқарган, жабрланувчиларга босим ўтказган, мансабидан фойдаланиб ишдан бўшашга мажбур қилган амалдорларга нисбатан кўпинча ҳеч қандай чора кўрилмайди.  Ҳолбуки, аслида улар ҳам қилмишларига яраша «насибаси»ни олишлари зарур. Ана шундагина мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ботқоғига ботиб кетганлар, бироз бўлса-да, ҳушёр тортиб, кўзларини очишлари, зиммаларидаги масъулиятни  ҳис этган ҳолда иш юритишлари  мумкин.

Нормурод МУСОМОВ,
«Ishonch»