Энди қозоғистонлик блогерлар даромадларидан солиққа тортилади

50

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 10 июль куни мамлакатда фаолият юритаётган блогерлар ва ижтиомий тармоқлардаги саҳифа эгаларини солиққа тортишни ҳамда уларга масъулият юклашни назарда тутувчи “Онлайн платформалар ва онлайн реклама тўғрисида”ги қонунни имзолади. 

Ҳужжатга мувофиқ, қозоғистонлик блоггерлар ҳамда катта аудиторияга эга платформалар эгалари энди ўз блогларида пуллик контент учун солиқ тўлайдилар.
Ҳужжатда ижтимоий тармоқлар фаолларига, шунингдек, блогларида жойлаштирилган маълумотлар учун жавобгарлик юкланган. Улар реклама ва PR-материаллари ҳамда ҳомийлик остидаги хабарларига тегишли ёрлиқлар қўйиши керак бўлади. Пулли материаллари учун эса солиқ тўлашлари шарт. Ёлғон ва сохта маълумотлар учун ҳам жавобгарлик белгиланади, яъни жарима қўлланади.

Тўқаев сохта хабарлар учун белгиланган жарима жазоларини бошқа қонун ҳужжатларида ҳам акс эттириш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларни ҳам имзолаган.

Мазкур қонун 10 июль куни расмий эълон қилинган ва шу кундан бошлаб 60 кун ўтгач қонуний кучга киради.