Соч ўстирмайдиган, қўл телефони ишлатмайдиган чемпион!

57

Кечқурун. Бекат. Қайтаётганлар ҳам, кетаётганлар ҳам кўп. Камида 40 киши жамоат транспортини кутяпти.

Дафъатан уни кўриб қолдим. Танидим. Аммо…
Наҳотки, шунча одамдан ҳеч бири уни танимаса?..
Ахир, у – икки карра Осиё, жаҳон ва … олимпиада чемпиони-ку!
Наҳотки, юртни улуғлаган ўғлонни юртдош­лари билмаса?..
Эҳ, афсуски, биз – «санъаткорлар»ни, «юлдузлар»ни танийдиган, уларга талпинадиган халқмиз. Аммо клипида қилиғи кўп, овозида «илиги» йўқ ўша «машҳур»лар ўзга юртларда ҳеч киммас…

Орамизда шундай инсонлар борки, улар ўзга юртларда ўз юрти учун…
Мана – У.
Азбаройи ҳурмат юзасидан «у»ни катта ҳарф билан ёзишга лойиқ инсон – У!
У – ўзини, Ўзбекистонни дунёга танитган йигит!
Кузатдим. Бекатда ҳеч ким Унга эътибор бермаяпти. Демак, ўша гап: танимадилар…
У эса жуда одми кийинган, бир чеккада музқаймоқ еб, хаёл суриб турарди.

Кутдим. Кейин секин ёнига бордим…
–  Кечирасиз, сиз –  Шамсиддинмисиз?
–  Ҳа.
–  Яхшимисиз?
–  Яхши, раҳмат.
–  Мен ҳам шахматга қизиқаман. Агар йўқ демасангиз…

Қисқача салом-алик ва танишувдан сўнг, уни дунё эътироф этган ва эътибор қаратган ўтган йилги улкан ғалаба, яъни дунёга достон бўлган чемпионлик билан самимий қутладим. Кейин унга бирин-кетин саволлар бера бошладим. Суҳбат айни қизиган пайтда, у узр сўраб, шошаётганини айт­­ди. Мен унга: «Суҳбатимиз тугамади-ку, телефон рақаминингизни беринг, хабарлашамиз…», дедим ва унинг жавобидан ҳангу-манг бўлиб қолдим.

–  Телефоним йўқ, тутмайман!
–  Йўғ-е, бўлиши мумкин эмас.
–  Ака, ишонинг, умуман телефон ишлатмайман.
–  Аммо, лекин, қойил…

Хуллас, чемпиондан отасининг телефон рақамини олдим ва шу заҳотиёқ у билан боғландим…

Орадан уч кун ўтиб, шахмат бўйича бир неча бор жаҳон чемпиони, дунёга машҳур спортчи Магнус Карлсеннинг ҳам тушига кириб чиқадиган «қўрқинчли» чемпион билан суҳбатни «Ishonch» газетаси таҳририятида давом эттирдик.
Ҳа, яна бир гап: У камтарлигига яраша камгап ҳам экан.

– Шамсиддин, тунов кунги суҳбатда, кунига камида олти-етти соат шуғулланаман, дегандингиз. Шундай экан, энг аввало, қимматли вақтингизни аямасдан келганингиз учун ташаккур!

– Сиз таклиф қилдингиз, дадам кўнди, мен келдим. Сизга ҳам раҳмат!

– Шамсиддин, эшитган чиқарсиз, халқимизнинг барҳаёт шоири Эркин Воҳидовнинг таъбирича, одамлар икки тоифага бўлинади: шахмат ўйнайдиганлар ва ўйнамайдиганларга. Назаримда, орамизда шахматга қизиқмайдиганлар ҳам кўп, шекилли. Демоқчиманки, тунов куни бекатда шундоқ ёнгинангизда турган одамлар сизни танишмади. Шундай пайтларда нималарни ҳис қиласиз?

– Тўғриси, бундай ҳолатларга умуман эътибор бермайман. Мен учун қизиғи йўқ, аҳамиятсиз.

–  2015 йил 13 ёшингизда ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бош совринни қўлга киритгансиз. Бу оламшумул ютуқ, албатта. Аммо очиғи, ўшанда у даражада машҳур бўлмагансиз, ҳаттоки хорижда ҳам. Қачонки, 2018 йил тезкор шахмат бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ўша вақтдаги амалдаги чемпион Магнус Карлсенни қора доналарда  ютганингиздан сўнг, бутун дунё сиз ҳақингизда гапирди, ёзди. Яъни бир кечада эмас, бор-йўғи бир неча дақиқаларда оламга машҳур бўлдингиз-қўйдингиз. Шундай эмасми? 

– Ҳа, шундай. Биласизми, ўшанда қуръа натижалари бўйича иккинчи турда Карлсен билан тушишимни эшитиб, умуман ҳаяжонланмаганман. Қайтанга «чемпион билан ўйнарканман», деб хурсанд бўлганман.

– Бироз бўлса-да, ҳадиксирагандирсиз?   

– Йўқ, ҳечам  чўчимаганман.

– Ўтган йили дунё миқёсида шахматни биладиганлар ҳам, билмайдиганлар ҳам бир нарсани билиб олишди ва сўзсиз тан беришди. Яъни Ўзбекистон терма жамоаси Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган 44-бутунжаҳон шахмат олимпиадасида биринчи ўринни эгаллади. Ўша нуфузли мусобақада  186 та мамлакатдан 188 та жамоа иштирок этганди.  Албатта, 200 га яқин жамоа иштирокидаги шахмат олимпиадасида ғолиб бўлишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун бир сўз билан айтганда, ҳар тарафлама зўр бўлиш керак. Шундайми?

– Бизнинг спортчиларимиз, айниқса, боксчиларимиз ва шахматчиларимиз шу даражага эришдики, эндиликда дунё улар билан ҳисоблашадиган бўлди. Шахмат олимпиадаси швейцарча тизимда ўтказилади. Яъни 2-турдан бош­лаб, ҳар бир турда бир хил очко жамғарган жамоа­лар ўзаро ўйнайди. Шу сабабли ҳар бир турда деярли тенг кучли жамоалар тўқнаш келади. Бу дегани турдан турга ўйинлар шиддатли тус олиб, кучлилар сараланиб боради.

– Мутахассисларнинг фикрига кўра, юқори рейтинг ва кучли таркибга эга бўлган АҚШ, Ҳиндис­тон ва шунингдек, жаҳон чемпиони Магнус Карлсен бошчилигидаги Норвегия миллий жамоаси медалларга асосий даъвогарлар эди. Бироқ нуфузли мусобақада энг ёш таркиб билан иштирок этган Ўзбекистон ­шахматчилари «кичкина деманг бизни, кўтариб урамиз сизни», деб дона суришди ва чемпион бўлишди. Сизларда биринчи ўринни олишга ишонч бормиди?

– Албатта, бор эди. Турнирга тайёргарлик ҳам зўр бўлган. Ўшанда сўнгги тур анча ҳаяжонли кечди. Биз  Нидерландия билан ўйнадик. Дастлаб, учта тахтадаги баҳслар дуранг натижа билан якунланди. Бу вақтда Арманистон Испанияни, Ҳиндистон-2 эса Германияни мағлуб этиб, онлайн жадвалда Ўзбекис­тонни қувиб ўтганди. Бор умид ва илинж сўнгги тахтада дона сураётган Жаҳонгир Воҳидовда эди. У ишончни оқлади. У рақибини  «эзиб қўйиб», уни мағлубиятни тан олишга мажбур қилди ва биз 2,5:1,5 ҳисобида ғалаба қозониб, чемпион бўлдик.

– Ўшанда бутун Ўзбекистон халқи ўзининг шахматчи ўғлонлари – Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров, Жаҳонгир Воҳидов ва сиз билан фахрланган, сизларга ҳавас қилган эди. Раҳмат, сизларга! Шамсиддин, шахматнинг «этагидан тутиб», кам бўлмаяпсизлар. Сиз ва жамоадошларингиз шахмат олимпиадасида эришилган ғалабадан сўнг, қимматбаҳо машина ва олти юз миллион сўм миқдорида пул мукофоти билан тақдирландингизлар. Энг муҳими, «Ўзбекистон ифтихори» унвонига ҳам сазовор бўлдингизлар. Табриклайман!

– Раҳмат.

– Cизларни мукофотлашганда, кўпчилик «оҳ-ҳооо, буларнинг пичоғи мой устида-ку», дейишди. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор. Яъни сизлар бу даражага етгунча қанча маблағ, қанча заҳмат сарфланган. Афсуски, буни кўпчилик билмайди…

– Тўппа-тўғри, ҳаммаси ўз-ўзидан бўлмаган. Шу саволингизни дадамга берсангиз бўларкан.

– Спортда хато кечирилмайди, инчунин, шахматда ҳам. Тахтада яққол устунликка эга бўла туриб, йўл қўйилган кичик бир хато эвазига партияни бой бериш ёки дуранг қилиш мумкин. Айтинг-чи, сизда ҳам шундай партиялар бўлганми?

– Бўлган. Ҳозир қайси бирини эслашни… эслолмаяпман. Агар рақиб­ларимизга келсак, Магнус Карлсеннинг хатоси эсда қолган, кечирмаганман.

– Шамсиддин, оилангизда спортчилар борми?

– Бор. Боболарим курашчи, чавандоз бўлишган. Улар Сурхондарёнинг Бойсунидан. Дадам ҳам курашиб юрган. Мендан катта Камолиддин акам дзюдо ­бўйича шаҳар чемпиони бўлган. Амаким Абдулла Танг­риев эса кураш, дзюдо бўйи­­ча бир неча бор Осиё ва жаҳон чемпиони, олимпиада совриндори.

– Тушунарли, демак, спортчилар сулоласиданман денг. Нега сиз ҳам сулола босган изни босиб, кураш ёки дзюдони танламадингиз?

– Билмадим, болалигимдан шашкага қизиқардим. 2009 йил бир мусобақада ғолиб бўлдим, ўшанда шахмат совға қилишди. Унинг қандай ўйналишига қизиқиб қолдим. Кейин дадам Чорсудаги шахмат-шашка тўгарагига олиб борди.

– Биринчи ва ҳозирги устозингиз ким?

– Биринчи устозим Гулнора Ортиқова. У кишидан жуда миннатдорман. Мен тўгаракка борганимда шахмат у ёқда турсин, ҳатто шахмат доналарининг қандай номланишини ҳам билмасдим. Эндиликда халқаро гроссмейстер Антон Филиппов устозлик қиляпти.

– Адашмасам, Антон Филиппов ҳозир Қозоғистонда. У билан қандай боғланасиз, телефон тутмасангиз…

– Уйда компьютер орқали боғланамиз ва шуғулланамиз.

– Хўп, энди айнан қўл телефони масаласига қайтсак. Нега телефон ишлатмайсиз? Очиғи, бу – сизнинг ёшингиз ва сизнинг даражангиздаги ёшлар учун жуда камёб ҳодиса! Ёки дадангиз «Қўй шуни, шуғуллан…», деганми?

– Йўқ, ҳеч қанақа тақиқ йўқ. Ўзим ишлатмайман. Чалғиб кетишдан чўчийман.

– Қойил! Лекин оилали бўлганингизда фойдаланарсиз балки?

– Балки шундай бўлар (кулади).

– Сиз билан суҳбатга тайёрланиш жараёнида бир жиҳат эътиборимни тортди. У ҳам бўлса, сиз сочингизни ҳам ўстирмас экансиз. Қизиқ, бунга сабаб нима? Ахир айни соч қўядиган, уни тараб, «причёска» қилиб юрадиган ёшдасиз…

– Шу калта «причёска» ўзимга ёқади. Бошқа гап-сўз йўқ.

– Балки соч ўстириб, уни парваришлаб, ойнага қараб юришга вақтингизни қизғанарсиз?

– Шундай бўлиши ҳам мумкин.

– Шамсиддин, шахмат сиз учун нима?

– Шахмат мен учун… (ўйланиб қолди) ҳаётимнинг катта бир бўлаги, мазмуни.

– Шахматдаги «пир»ингиз ким, кимлар?

– Роберт Фишер ва Гарри Каспаров. Уларнинг ўйинларини интернетдан топиб кузатганман, таҳлил қилганман, китоб­ларини ўқиганман.

– Шамсиддин, мазмунли суҳбат учун раҳмат. Тилагимиз шуки, сизнинг ва юртимиз шахматчиларининг дунёни лол қолдирадиган ютуқлари янада кўпаяверсин!

– Раҳмат, айтганингиз келсин.

Хулоса ўрнида айтар сўзимиз шуки, ким ҳам фарзанди оламшумул натижаларга эришиб, давлат раҳбаридан раҳмат эшитишини, юрт эгаси билан учрашиб, мулоқотда бўлишини истамайди?

2009 йил. Бир кун Жумагул Усанова, бошқа сафар эса Пўлат Товошов етти ёшдаги Шамсиддиннинг қўлидан тутиб, галма-гал тўгаракка олиб боришади. Ота-онанинг қатнашлари, кутишлари, харажатлари, ҳаракатлари… тез орада кутилганидан ортиқ самара берди. Орадан олти йил ўтиб, ўғиллари жаҳон чемпиони бўлди.

Қанийди, орамизда дилбандининг қўлидан тутиб, уни турли тўгаракларга етаклайдиган ота-оналар кўпайса!

Қанийди, ёшларимиз орасида ўз олдига улуғ мақсадлар қўйиб, (қўл телефони тутмасдан) марра сари интиладиганлар кўпайса…

Халқаро гроссмейстер Шамсиддин Воҳидов 2002 йил 11 январда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Унинг шу кунгача эришган ютуқлари:

2013 йили 12 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида 1-ўрин.

 2013 йили Шри-ланкада ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги Осиё чемпионатида классик йўналишида 1-ўрин, рапид йўналишида ҳам олтин ва блиц­­да бронза медалига сазовор бўлган.

 2015 йили 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасидаги Ўзбекис­тон чемпионатида 1-ўрин.

 2015 йили болалар ва ўсмирлар ўртасида Грецияда ўтказилган жаҳон чемпионатида 1-ўрин.

 2017 йили 16 ёшгача ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин ва кумуш медаль.

 2018 йили – Осиё чемпиони.

 2018 йили Санкт-Петербургда ўтказилган халқаро турнирда 1-ўрин.

 2018 йили Туркияда ўтказилган 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги олимпиадада Ўзбекистон терма жамоа­­си сафида олимпиада чемпиони ва ўз тахтасида 1-ўрин.

 2019 йили – Мактаб ўқувчилари ўртасидаги Жаҳон чемпионатида 2-ўрин.

 2019 йили – Георгий Агзамов халқаро мусобақасида 2-ўрин.

 2019 йили – «Петербург­с­кое лето» халқаро мусобақасида гроссмейстерлик талабини бажарган.

 2020 йили – Халқаро Гросс­мейстер.

 2020 йили – 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Осиё чемпионатида 3-ўрин.

 2021 йили – Осиё чемпионатида (гибрид шахмат) 1-ўрин.

 2022 йили – 44-бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони.

  2023 йил, январь – Марказий Осиё чемпиони.

  2023 йил, июнь – Осиё чемпиони.

Суҳбатдош: 
Алижон АБДУРАҲМОНОВ «Ishonch.uz»