Алп Жамол асарлари бугун ҳам долзарб

129

Алп Жамол кўзи ўткир, оддий одам кўриб ҳам парво қилмайдиган нарсаларни кўра оларди. Умри одамлар орасида кечгани учун бўлса керак, асарларида хилма-хил қиёфаларни кўрамиз…
У драматург сифатида, миниатюралар устаси сифатида элга танилди.

Саид Аҳмад, Ўзбекистон қаҳрамони, халқ ёзувчиси

Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли драматург, адиб Алп Жамол таваллудининг 110 йиллигига бағишлаган адабий-маърифий кеча ҳамда “Меҳрибонлар” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммад, Оксфорд университети ўқитувчиси Лейла Нажафзода ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиев каби таниқли олимлар, ёзувчилар, санъаткорлар иштирок этишди.

— Алп Жамол исмини эшитмаган, унинг асарлари асосида тасвирга олинган миниатюраларни кўрмаган ва мириқиб кулмаган одам бўлмаса керак, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиев.
— Мен ҳам буюк ёзувчи драматургимизнинг кўплаб асарларида рол ўйнаганман. Нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни давлатларда ҳам адиб яратган асарларнинг мухлислари беҳисоб. Сўз устасининг 40 — 45 йил давомида телевидение орқали интермедиялари мунтазам бериб борилмоқда. Адиб умри давомида 200 дан ортиқ интермедиялар ёзган, уларнинг ҳаммаси бир неча қайталаб, айримлари ҳатто 15-20 марталаб намойиш этилган.
Алп Жамол тамал тошини қўйган кўрсатувлар ҳамон эфирга кетмоқда. Улардан бири “Оталар сўзи-ақлнинг кўзи”. Халқнинг қалб мулкига айланган кичик-кичик ҳажвий асарлар, ичакузди ҳангомалар, телеспектакллар эса ҳамон экранларимизда қўйилмоқда. “Телевизион миниатюралар театри” номи билан машҳур бўлган кўрсатув асосчиларидан бири ҳам Алп Жамол эди.

Алп Жамолнинг “Тоштешар”, “Жафога вафо”, “Қувғин” “Бевафо якан”, “Тўйдаги тутун”, “Меҳрибонлар”, “Ғиз-ғизон” каби драматик асарлари вилоят ва пойтахт театрларида саҳналаштирган. Шу зайл у ўзбек адабиётига, драматургиясига, ҳажвиётига, тележурналистикасига баҳоли қудрат ҳисса қўшган адибдир.

“Меҳрибонлар” китобида таниқли драматург, миллий телеминатюра асосчиларидан бири Алп Жамол асарларини, замондошлари хотираларини ўқир экансиз, ҳаётда юз бераётган, юз бериши мумкин бўлган ғайриахлоқий ҳодисаларга, одамлар, айниқса, ёшлар характеридаги камчилик ва нуқсонларга бефарқ бўлмаган, уларни ўзининг журъатли қаламидан тўкилаётган ҳажвий асарларида қиёмига етказиб ифодалаган ижодкорнинг мураккаб ҳаёт йўли, дунёқараши кўз олдингизда яққол намоён бўлади.

Манфаатхон Жамолиддинова, Алп Жамолнинг қизи:

— Ҳар бир отанинг фарзандига берган энг катта яхшилиги берган яхши тарбиясидир. Дадам онам Мамлакатхон ая билан 11 нафар фарзанднинг барчасини олий маълумотли, уйли-жойли қилди. Оилани дадамчалик қадрлайдиган жамоат арбобини кўрмаганман. Ҳатто Сурхондарё вилоятига гастроль сафарига кетса, ярим кечаси бўлса ҳам уйга етиб келарди. Дадамнинг ҳеч қачон кўп ухлаганларини кўрган эмасмиз. Асосан кечаси ижод қилардилар ва ёзган асарларини энг биринчи биз -фарзандлар ўқирдик. Хотин-қизларни ўқишига алоҳида аҳамият қаратганлар, нафақат қизларни, балки келинларининг ҳам олий маълумотли бўлишида ёрдам берганлар. Қиз-келинлар ҳаммамиз жамиятга керакли инсонлар бўлдик. Дадамнинг асарлари асосида саҳналаштирилган пьесаларга одамлар оқиб келарди. Айниқса, “Ёш томошабинлар” театрида қўйилган “Меҳрибонлар” спектаклида одамлар ёғилиб келарди.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири:
— Румий ҳазратларидан дунёнинг моҳияти нимада, деб сўраганларида, яхшиликни баҳам кўрмоқлик деб жавоб берган экан. Биз бугун Алп Жамолнинг 110 йиллиги тадбирда йиғилиб турган эканмиз, шу инсонни доим миллат учун яхшилик қилган экан деб ўйлаяпман. Ортга қараб, буюк-буюк инсонларимизни йўқотганимизни англаяпман. Уларнинг сўзи ва журъати бугун ҳар қачонгидан бизга зарур бўлган вақтда “Эҳ, қанийди шу инсон ҳаёт бўлганда эди” деб аттанг қилаяпмиз. Орамизда шундай инсонлар бўлар эканки, уларни вафот этганидан кейин қадрлар эканмиз. Уларни эслаш, қадрлаш учун йўқотиш керак экан-да. Ҳаётнинг энг катта сабоғи шуки, олдимизда тирик юрганида қадрламаймиз. Улуғ инсонлар улуғликка интилмайди ва доим оддий, ҳокисор инсон бўлиб юради. Ана шу соддаликда уларнинг улуғлиги кўринади.

“Меҳрибонлар” китобини тайёрлашда муҳаррир бўлдим ва китобни ўқиш давомида амин бўлдимки, бу асар ҳамон долзарб. Жамиятда порахўр, қаллоб, фирибгарлар кўпайса кўпайдики, асло камаймади.

Мана, бугун Алп Жамолни Ёзувчилар уюшмасига аъзо қилдик ва аъзолик ҳужжатини фарзандларига тақдим этдик. Хотира кечаларида қанчалик буюк инсонларни йўқотаётганимизни англаб етаяпмиз.

Бир сўз билан айтганда, Алп Жамолнинг бирорта асари эскирмабди. Мавзулар ҳамон долзарб.

Феруза РАҲИМОВА,
ishonch.uz