Болалар тугул катталар ўқишга уяладиган эртак китоблар

1358

АОКА болалар адабиёти борасида масъулиятни унутиб қўйдими?

Бугун болалар учун мўлжалланган китобларнинг ҳаммаси ҳам талабга жавоб беряптими?! Йўқ, менимча бугун китоб босиб чиқаришнинг масъулиятини ҳис қилмаётганлар бор.

Яқинда болаларим учун «Ҳунарнинг хосияти» деб номланган эртак китоб сотиб олдим.

Китоб «Global books» нашриётида тайёрланган ва Сирдарё вилояти Амир Темур шоҳ кўчаси 4-уйда жойлашган «Yoshlar nigohi» XK босмахонасида 1000 нусҳада чоп этилган экан. «Сиз севган эртаклар» рукнида чоп этилган мазкур китобга Феруза Кобулова муҳаррирлик, Суннат Мусамедов эса бадиий муҳаррирлик қилган. Китоб номидан ўқувчиларга мос бўлса-да, ўн саккиз ёшдан ошганларга мўлжалланган экан шекилли, мен билмай болаларимга олиб қўйибман. Ундаги эртакларнинг бошини китобдан ўқиган бўлсам-да, давомини ўқишга уялганимдан ичимдан тўқишимга тўғри келди. Ҳаётимда илк бор китоб, аниқроғи, шу китобни сотиб олганимга афсусландим. Гапларим асоссиз бўлмаслиги учун мисоллар келтирсам. Китобнинг 56-бетидан ўрин олган «Сунбул ва Гул» эртагидан парча келтираман: «Ўгай она Сунбул билан Гулни тарбия қилибди. Болалар катта бўлибди. Ўгай она Гулнинг ақлли, чиройли бўлганидан уни яхши кўриб қолган экан. Бир куни у Гулни ёнига чақириб, уни яхши кўриб қолганини айтибди. Гул:

– Ойи, мен сизнинг ўғлингиз бўламанку, менга шундай гапларни айтишга уялмайсизми? Мен бундай гапларга қулоқ соладиган бола эмасман, – дебди ва хафа бўлиб уйдан чиқиб кетибди.

Хотин эри келганида йиғлаб:

– Кеча ўғлингиз Гул менинг ёнимга кириб, сенга ошиқ бўлиб қолдим, деб зўрлик қилмоқчи бўлди, – дебди». Яна бир мисол, шу китобдаги «Доро ва Искандарбек» эртагидан парча:

«шунда кампир қизнинг дугонасини ечинтириб кўришни сўрабди. Ечинтириб кўрсалар у қизлар кийимини кийган йигит экан». Яна бир эртакда эса

«Подшонинг қизи бир йигит билан гаплашиб юрар экан. Йигитни қиз кийимида сақлар экан. Бу сирни ҳеч ким билмас экан. Улар бир кун дарё лабига чўмилгани борибдилар. Шунда дарёдан бир катта балиқ чиқиб қараб турган экан, у қиз балиқни номаҳрам деб қоча бошлабди. Балиқ қаҳ қаҳ уриб кулибди».

Ё алҳазар, деб юбордим бу сатрларни ўқиб… Наҳотки, шундай эртаклар ўқиб берадиган даврга ҳам келган бўлсак?! Мен-ку, ўқитувчиман. Фарзандларимга нимани ўқиб беришни биламан. Аммо содда, ҳали ўзи «бола» даражасидаги ёш оналаримиз бор. Улар-чи, улар болаларига адашиб ўқиб бермасмикан? Унда нима бўлади? Ахир китоб 1000 нусҳада чоп этилибди. Демак, анча-мунча уйга кириб боришга улгурган.

Эртакни одатда кимга ўқиб берамиз ёки ким ўқийди? Кўпроқ бошланғич синф ўқувчиси ёки улардан ҳам каттароқ ёшдаги мактаб ўқувчилари. Уларнинг фитратига эса бу каби нотўғри аҳлоқий ҳаракатлар, қаҳрамонлари ахлоқан тубан бўлган «эртак» деб аташга ҳам арзимайдиган тўқималарни сингдириш учун биз гўёки ўз томирига болта урувчи манқурт бўлишимиз керак. «Зўрлик қилмоқчи бўлди», «йигитни қиз кийимида сақлар экан» жумлалари, севишган йигит ва қизнинг дарёга чўмилишга боргани ҳақидаги гаплар-чи? Буларни қандай ўқиб берамиз, ёки уларнинг маъносини сўраган 7-8 ёшли боламизга қандай жавоб берамиз? Кимдир ҳикоя ёки эртак ёзиб келдим деб, нашриётга келган бўлса-ку, буни тушуниш мумкин. Ҳар хил савиядаги ёзувчи бўлиши мумкин. Аммо нашрга тайёрловчилар қаёққа қарашди? Қандай қилиб улар шундай бемани, ёшларга тарбиявий аҳамияти бўлмаган, аксинча, уларнинг тарбиясига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган «эртак»ларни чоп этиш даражасига боришди? Эртак китоб деб, ҳар нарсани ёзавериш ёки чоп этавериш қанчалик тўғри? Бундай эртаклар болаларга нима беради? Наҳотки шуларни ёзаётган, тайёрлаётганлар масъулиятни ҳис қилишмаса… Ахир эртак китоблари катталар учун ёзилмайдику, нуқул севгидан иборат бўлиб…

Назаримда, катталар учун мўлжалланган китобларни танлаб, адашган бўлишингиз мумкин. Лекин эртак китобларни танлашда адашадиган ҳолатлар бўлмаслиги лозим. «Зумрад ва Қиммат», «Эчки ва унинг болалари», «Лайлак ва чол «, «Ур, тўқмоқ», «Сусамбил» каби ўнлаб йиллар, асрлар ўтса ҳам қадрини йўқотмайдиган эртаклар бугунги кун эртакчилари учун дастуриламал вазифасини бажарса нур устига аъло нур бўлар эди.

Мен китобдаги ҳамма эртакларни мисол келтирмадим, ваҳолангки бошқаларида «талоқ», «кундош», «хиёнат» каби сўзларга ҳам дуч келдимки, бундай эртаклар ҳеч қачон болаларимизнинг қўлига етиб бормаслиги керак деб ўйлайман. Шу боис тегишли масъул ташкилотлардан бундай китоб чиқараётганларни назоратга олишларини ва зарур чоралар кўришларини сўраб қоламан.

Таҳририятдан: Сифатсиз ва ёд ғоялар тарғиб қилинаётган бу каби болалар адабиётларининг дўконлардан жой олаётгани, халқ хонадонига кириб бораётгани миллат келажаги учун ташвишли. Савол туғилади: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) босма нашлар борасидаги ўз масъулиятини унутиб қўймаяптими? Умид қиламизки, мазкур мақоладан сўнг мутасаддилар эртак китобларниг савияси, ташиётган мазмуни билан қизиқиб кўради.

Озода ҲАБИБУЛЛАЕВА,
Бахмал туманидаги 
8-мактабнинг география фани ўқитувчиси