18-19-20 июль кунлари Хонобод шаҳрида бўлиб ўтаётган “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивалида — Boney M, Dr Alban, Ottawan каби дунёдаги 20 дан зиёд давлатларнинг эстрада юлдузлари шунингдек, Мукаррама Турғунбоева номидаги «Баҳор» давлат рақс ансабли, миллий эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари, Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров, Озодбек Назарбеков, мақом усталари ҳамда бахшилар иштирок этишмоқда.
Халқимизнинг бетакрор санъатини, ўзига хос миллий қадрият ва анъаналарини ҳамда туризм салоҳияти ва имкониятини намойиш этаётган фестивалнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, фестивални анъанавий тарзда ўтказилиши мазкур йўналишдаги ишларни юқори босқичга кўтаришини алоҳида қайд этишди.
Фестивал доирасида Хонобод шаҳарчасидаги истироҳат ва дам олиш боғида манзарали кўчатлар ўтқазилди.
Эътиборли жиҳати, юртимизнинг барча вилоят ва шаҳарларидан келган бадиий жамоалар 3 кун давомида концерт дастурларини намойиш этади.
Бу каби фестиваллар мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Маълумотларга кўра, ўтган йили Андижон вилоятига 1 миллион 12 минг нафар хорижий ва маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган. Бугунги кунда вилоятда маҳаллий, республика ва халқаро аҳамиятга эга бўлган 370 дан ортиқ туристик масканлар мавжудлиги ҳудуднинг туризм салоҳияти юқори эканлигидан далолат беради.
Мамлакатимизнинг хушманзара ва сўлим сайёҳлик маскани Хонобод шаҳарчасидаги “Фозиломон ота” зиёратгоҳи зиёрат туризмини ривожлантиришда қўл келмоқда. Бу жойда кўз ёрганига 600 йилдан ошган шифобахш булоқ ўндан ортиқ хасталикларни даволашда тавсия этилади. Зиёратгоҳдаги 56 туп чинор дарахти асрларни қаритиб, виқор билан кўкка бўй чўзган. Шу боис нафақат ҳамюртларимиз, балки хорижий сайёҳлар сони ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Анваржон ҲАЛИМОВ
“ISHONCH”
