КРАН БОШҚАРАДИГАН АЁЛ: «Чироқ ўчганда кранда қолиб кетган вақтларим бўлган»

100

Тошкентлик Зиёда Жуманова мана 6 йилдирки “Қуюв – механика заводи”да кран ҳайдовчиси бўлиб фаолият юритади.

— Фаолиятим вагонларнинг қисмларини манзилдан-манзилга кўчиришдир. Асосан  ёпиқ ва  ярим вагонлар, платформа, узун базали платформа, цемент ташувчи каби юк вагонлари ишлаб чиқарамиз. Баъзида қаттиқ чарчайман, аммо  битта вагоннинг битганини кўрсам  барча чарчоқларим чиқади,-дейди қаҳрамонимиз.

“Заводнинг  доимий шовқинига кўникиб ишлаб кетишим учун бир ой вақт керак бўлган. Ҳатто таътил вақтларида ҳам ишимни соғиниб, дарров ишхонага келиб кранимга чиқаман. Шу заводда виждонан меҳнат қилиб, пешона терим билан икки нафар фарзандимни вояга етказаяпман. Ёлғиз онаман. Фарзандларимга ҳам она, ҳам ота сифатида меҳр беришнинг ўзи бўлмаса-да, уддалашга ҳаракат қилаяпман.

Бекор ўтириш менга хос эмас. Инсон ҳаракатдан тўхтамаслиги керак. Ўзим тенги уйда ўтирган аёлларга  ўз устингизда ишлаб, бирор соҳанинг эгаси бўлинг деб айтган бўлар эдим”, — дейди у.

Зиёданинг айтишича, кран ҳайдовчиси соғлом бўлиши лозим. Доимий тарзда қон босимини ўлчаб юриши,  кўз нурининг пасайишига йўл қўймаслиги ва албатта баландликдан қўрқмаслиги талаб этилади. Мутахассислиги бўйича ҳисобчи бўлган Зиёда бугун кран ҳайдаётганидан  мамнун.

«Аввалбошида унчалик кўника олмадим. Биринчи ой жудаям қийин кечди. Кейинчалик тажрибам ошгач, бу касбга меҳр бердим ва шогирдлар чиқара бошладим. Шу пайтгача 6 нафар қизга кран ҳайдовчилик касбини амалиёти билан ўргатдим. Устозликнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари бор экан, ҳозир шогирдларим кранни мендан яхши бошқаради.   Завод жудаям катта  ва биргина шу заводнинг ўзида 1300 дан ошиқ ишчи меҳнат қилади.

“Мен учун  уйда овқат тайёрлашдан кўра, заводда вагон ясаш мароқлироқ. Ўзимни шу соҳада кўпроқ эркин ҳис қиламан. Краним билан ҳар куни саломлашаман. Темирнинг пирлари бўлади деган гапга ишонаман ва шу боис сал бузилгудек бўлса, у билан гаплашаман. Заводда ҳар куни  2 дона  юк поезд вагонлари ясалади.“Илтимос,  кранжон яна ишлаб кет, қиладиган ишларимиз кўп дейман”. Худди мени гапимни тушунгандек яна текис  ишлаб кетади.

Суҳбатни тўлиқ видеода кўришингиз мумкин.

Журналист:  Феруза РАҲИМОВА
Оператор ва монтаж устаси: Қувонч ТЎРАЕВ