Бировнинг ҳақига, айниқса, жамоат мулкига хиёнат қилиш нафақат жиноий жавобгарлик, балки маънавий тубанликка ҳам сабаб бўлади. Айниқса, бу ишларни маърифат улашувчи, унинг тарғиботчиси бўлганлар томонидан амалга оширилиши ачинарли ҳолат.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ахборот хизматининг хабар беришича, Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги 14-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби директори В.О. ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилган.
Мактаб директори аслида мактаб ишчиси бўлмаган турмуш ўртоғи ва яна 2 кишига 77,1 миллион сўм маош тўлаган. Бундан ташқари, аёл Зафаробод туманидаги 9-мактаб директори бўлган ўғлининг мактабига ҳам 2 нафар вафот этган шахс номига 69,8 миллион сўм ўзлаштирган.
Она-бола умумий ҳисобда 146,9 миллион сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Муқимбой ИСМОИЛОВ,
ishonch.uz
