ishonch.uz сўрови
Ўзбекистон Кинематография агентлигига!
Инсониятнинг дийдаси қотиб, қалблари тобора ғуборланиб бораётган бир пайтда самимий, тоза руҳдаги киноларга эҳтиёж сезилмоқда. Назаримизда соҳада сифат эмас, сон кетидан қувишлик устуворлик касб этаётгандек…
Бу аҳволда авлодлар учун бир гала чиқинди фильмлар уюмини мерос сифатида қолдирамиз чоғи. Катта авлод ижодкорлари томонидан яратилган “Ўтган кунлар”, “Тоҳир ва Зуҳро”, “Маҳаллада дув дув гап”, “Алишер Навоий” каби фильмлар яратилишини сўрашга ҳаққимиз бор, деб ўйлайман. Тўғри, миллий кино санъати усталари томонидан томошабинни ўзига торта оладиган фильмлар ҳам бор, аммо улар бармоқ билан санарлик даражада.
Кейинги ўттиз йилда кино мухлисларига “едирил”ган фильмлар мундарижасини бир кўз олдингизга келтириб кўринг. Тўғриси томошабин маиший мавзудаги вазни йўқ, оддий икир-чикирларга йўғрилган киноларни кўришдан чарчади. Айниқса, ҳозир урф бўлган барча каналларни забт этаётган ҳинд кинолари, турк сериаллари, ўзимизда ишлаб чиқарилган оилавий можаро – қайнона келин низоларига йўғрилган воқеликлар ҳам бўғзимизга келди.
Замона зайли деймизми, давр нуқсоними, бугун китобдан юз ўгириш фурсатларида яшаб келаяпмиз. Бой тарихимиз, маданиятимиз ўтган аждодларнинг шонли дамлари ҳақида билувчилар тобора камайиб бормоқда. Ана шундай бир шароитда тарихий киноларга катта эҳтиёж сезилади. Юртимизнинг ҳар бир гўшасида ватан, миллат тақдирига бефарқ бўлмаган, тарихимизда ўз изини қолдириб кетган қанча буюк инсонлар яшаб ўтган. Ҳали ҳамон улар ҳақида лом-мим демасдан келаяпмиз. Ана шу очилмаган сандиққа қачон қўл урилади.
Ўзбекистон Кинематография агентлигида бу йўналишда режалар борми?
Нурилла Шамсиев
ishonch.uz
