Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги боғча ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилаётганидан шикоят қилишмоқда.
Ishonch.uz’га йўлланган мурожаатда қайд этилишича, 8-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори ободонлаштиришда иштирок этмаган ходимларга ҳайфсан беришини айтиб таҳдид қилган. Ходимлар иш вақтида ободонлаштиришга жалб қилинган.
Қуйида Ishonch.uz’га мурожаат қилган ташкилот ходимининг хатини ўзгаришсиз келтирамиз:
“Мен Бухоро вилояти Қоракўл туманида 8-сонли ДМТТда тарбиячи бўлиб ишлайман. 26 июль куни эрталаб соат 8 ярим 9 ларда директор бизни ободонлаштириш деб боғдаги ўтларни тозалатишга қўполлик билан ундади. Иш вақти эди. Бу ҳолат қонунан тўғрими? Директор энди ободонлаштириш ички тартиб-қоидасига риоя қилмадинг, сенга ҳайфсан бераман, деяпти”, деб ёзади мурожаатчи.
Мазкур масалага тегишли мутасаддилар зудлик билан эътибор қаратишига умидвормиз. Зеро, таълим тизими вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бугун қонунан мустаҳкамлаб қўйилган. Қолаверса, жамиятда ўқитувчи ва тарбиячиларнинг обрўсини ошириш масаласига бугун давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилмоқда. Шунга қарамай, зўравон раҳбарлар томонидан уларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари учраётгани ачинарли ҳолат.
