“Ўзбекнефтгаз” Афғонистон томони қайтарган “сифатсиз нефт” юзасидан тушунтириш берди

50

Афғонистон Миллий стандарт агентлиги 6 август куни Ўзбекистондан импорт қилинган 67 та вагондан иборат нефт маҳсулотини сифатсизлиги сабаб Ўзбекистонга қайтарилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

“Ўзбекнефтгаз” компанияси ушбу хабарга муносабат билдириб, юкнинг сифатсиз экани ҳақидаги иддаони “асоссиз” деб атади.
Маълум қилинишича, жорий йил 17 май куни “Uzbekistan GTL” МЧЖ ва Туркия компанияси ўртасида синтетик дизель компонентини экспортга сотиш бўйича оффтейк шартномаси имзоланган.

24-26 июнь кунлари эса харидор талабномасига асосан, жами 3,4 минг тонна (67 та вагон) маҳсулот Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги “Кенгсой” станциясидан экспорт қилиш учун харидорга топширилган. Харидорга топширилган 3,4 минг тонна (67 та вагон) сифатли маҳсулот учун тўлов 100 фоиз амалга оширилган.
“Ўзбекнефтгаз”нинг тушунтириш беришича, “Uzbekistan GTL” МЧЖ заводининг дизель ёнилғиси учун синтетик компонент EN 15940 Европа стандартига мувофиқ Марказий Осиё давлатлари орасида фақатгина Ўзбекистонда “O‘zDSt 3134-2017” давлат стандарти асосида ишлаб чиқарилади. Афғонистонда эса ҳозирча бу стандарт жорий қилинмаган.

“Афғонистон ҳукумати томонидан «Uzbekistan GTL» МЧЖга сифатсиз маҳсулот сифатида қайтарилмаган. Шартнома шартларига асосан харидор маҳсулотни қайси давлатга олиб бориб қандай усулда сотишини ўзи белгилайди”, – дейилади расмий муносабатда.

Шунингдек, Ўзбекистон томони маҳсулотни экспорт қилиш жараёнида синтетик дизель ва унинг компоненти Афғонистоннинг ANSA (Афғонистон стандарт агентлиги) ташкилотида рўйхатдан ўтмаганлиги ҳақида харидорга ҳам маълум қилган. Харидорнинг эса маҳсулотни компонент сифатида анъанавий дизель билан компаундлаштирилган ҳолда Афғонистон бозорига олиб киришни режалаштиргани маълум.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ, ўз навбатида, ишлаб чиқараётган маҳсулотларини доимий ва тизимли равишда халқаро ва миллий стандартларга мувофиқлаштириб борилишини маълум қилган.