Психотроп дориларга бўлган қарамлик авж олмоқда(ми?)

89

Пойтахтда ёшларнинг психотроп дориларга бўлган қарамлиги ортиб бораётгани ҳар биримизга аён.  Ижтимоий тармоқларда тарқалган тез-тез мана шундай дорилар таъсирида “қотиб” қолган ёшларнинг видеоларига ҳам тобора  оддий қараш кўникмасига эга бўлдик. Ичимиздан ҳар гал “Ота-онасининг шўри бор экан”, деймиз. Биз келажак меваларини мана шундай дорилар таъсиридан асрай олмаймизми?  Асосан айланма йўллар билан “қора бозор”га кириб келаётган дорилар ҳамон ўз “мижозлари”га етиб бораётган экан наҳотки назоратни кучайтиришнинг имконияти йўқ? Энг ачинарлиси,  истеъмолчиларнинг аксарияти  18 ёшга тўлмаган  болалардир.

Ижтимоий тармоқ – кўзгу. Жамиятдаги муаммоларни шунга кириб билаверамиз. Ота-оналар фарзандининг  психотроп дориларга муккасидан кетганидан хабар топаётгани ҳақидаги постлар бизни янада сергак торттиради. Йил бошида жазони ижро этиш департаменти  биринчи минтақавий ҳудуд 24-сон тарбия колониясида бўлган эдим. У ерда вояга етмаган маҳбусларнинг аксарияти айнан психотроп дорилар таъсирида турли жиноятларга қўл урган ёшлардан иборат экан. Бир нечтаси билан суҳбатлашдим. Улар орасида опасининг тўйига уч кун қолганда қамалиб кетган йигитнинг ҳикояси ҳамон қулоғим остида.

 “Таблетка”га ўтириш тарихим  оилавий кемтикликка бориб тақалади. Уч ёшимда отасиз қолдим. Ўз уйимиз бўлмаганлиги учун тоғамнинг уйида яшай бошладик. Боғча пайтларидан отасизликни ҳис қилиб улғайдик. Дадамсиз опам билан кўнглимиз ўксиб қолган пайтларимиз кўп бўлди. Онам ойлик олган кун биз учун  гўёки байрам эди.

Тоғамнинг уйида келишмовчиликлар сабаб узоқ туролмадик,  ижара уйга чиқиб кетишимизга тўғри келди. Шундан кейин ҳаётимиз янада қийинлашди. Онам тикувчилик фабрикасида ишлар, оладиган ойлиги рўзғорга етмасди.

Мактабда юқори  синфда ўқирдим. Уйимиз яқинидаги тўйхонага чиқиб, қорнимни тўқлаб юрардим. Сизга гапириб беряпман-у, аммо ўтмишимга қараб нафратланаман. Бир куни тўйхонага доимгидек қорнимни тўқлагани кирганимда даврага ўйнагани чиқиб кетган аёлнинг сумкасини ўғирлаб чиқдим. Ичидаги телефонни 400 минг сўмга сотиб, ўз эҳтиёжларим учун сарфлаб юбордим. Энг ёмони бу ўғирликни одатга айлантирдим. Бу “ҳунарим” кўпга чўзилмади, қўлга тушдим. Вояга етмаганлигим учун жиноий жавобгарликдан қутилиб қолдим, аммо онам қарз олиб анчагина жарима тўлади. Бу пайтда мен ўғирланган харом топилган пуллар кучи билан  аллақачон психотроп дорилар истеъмолига ўтгандим.  Қисқа муддатда  кучли таъсир қилувчи наркотик дорига “ўтириб” бўлгандим. Бир қути дорининг нархи  350 минг сўм. Ухлашдан олдин ярмини ичаман,  дори таъсирида  кейинги кун тушда уйғонаман. Кун бўйи тетик юришим учун қолган ярмини ичмасам, ўзимга келолмайман. Бу орада 3-4 маротаба ўғирлик билан қўлга тушдим, ҳар гал онам жарима тўлаб чиқариб оларди. Энг ёмони, бу кунни ҳатто эслагим келмайди (кўзига ёш олади). Битта—ю битта опамнинг тўйи 14 октябрга белгиланган эди.  Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади деганларидек, 9 октябрь Ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олиндим.  

Жазони ижро этиш муассасасининг шифокор ва психологлари мен каби маҳкумлар билан алоҳида ишлашига тўғри келди. Озодликда бўлганимда наркотик дориларга бўлган қарамликни енгишга ирода топа олмасдим.

Наркотик ва психотроп дориларга ружу қўйганларнинг борар жойи – қамоқхона. Бошқа йўл  билан бундан чиқиб кетиш қийин. Озодлик – дунёдаги энг катта неъмат эканлигини энди англаяпман. Кўчадаги ўртоқларим учун кези келганда пул тугул, жонимни беришга тайёр бўлганман. Онам кўришга келган пайтлари “Она, сиздан хабар олиб туришибдими?” десам “Йўқ” дейди. Ичимдан зил кетаман. Оғир кунингда фақат оила аъзоларинг ёнингда тураркан. Онам “болам бу йўлдан қайт”, дерди. Вақтида ўзимни тўхтатиб қолишим керак эди. Тенгдошларим олий ўқув юртининг талабаси бўлиб, бир касбнинг эгаси бўлиш учун ҳаракат қилмоқда. Мен бўлсам, сим тўрларнинг ортидаман. 10 кун олдин қамоқхонада 18 ёшга кирдим. Агар тинч юриб, қора меҳнат қилганимда ҳам онамнинг кўнгли мен учун хотиржам бўлган бўлар эди. Укаларим ва тенгдошларимга маслаҳатим, онангиз дуосини олинг.

Хўш, бугунги тиббиёт мўъжизалари билан қарамлик чақирувчи дорилардан бутунлай воз кечиш мумкинми?

Гавҳар Дарвиш, психотерапевт, нарколог: – Бу дорилар шифокор назоратисиз, ўзбошимчалик билан истеъмол қилинса, ўзига нисбатан қарамликни келтириб чиқаради. Доимий  истеъмол қилиш  пассив гиёҳвандга айлантиради. Истеъмолига ўрганганлар руҳан ва  жисмонан танани бардам ҳис қилиш учун шундай дориларни мунтазам равишда қабул қилишга мажбур бўлади. Энг ёмони, ҳар куни доза ошиб бораверади. Дастлаб бир суткада битта таблетка истеъмол қилган шахс, кейинчалик ўн-ўн бешта, маълум муддатдан сўнг элликтагача дори истеъмол қилиш даражасига етиб боради. Натижада, инсонда кучли ўзгаришлар содир бўлади. Бу, айниқса, руҳиятида сезилади. Бемор дори ичишни тўхтатиб қўйса, уйқусизлик, жаҳлдорлик, агрессивлик кузатилади. Жисмоний ҳолатида ҳам албатта салбий ҳолатлар кузатилади, энг ёмони бу бепуштликка олиб бориши мумкин.

Бугун психотроп дорилар “қора бозор”да ва айрим учар “тадбиркорлар”нинг дорихоналарида яширинча сотилмоқда.  Аллақачон ушбу дориларга қарам бўлган ёшларни ижтимоий ҳаётга қайтариш мумкинми? Албатта, мумкин, фақат кўп вақт ва сабр талаб этилади. Бунда психотерапевт ёки нарколог беморни индивидуал ўрганади ва унинг шахсий сифатлари ва  интеллектуал қобилияти ва иродасидан келиб чиқиб даво муолажасини тузиб чиқади. Даволаш уч босқичда ўтади ва охиригача етмаганлар даволашнинг имкони йўқ деган нотўғри тушунчага  боради.  Энг муҳими, учинчи босқичгача  етиб келган беморлар тўлиқ тузалиб кетади.

Ўзимни амалиётимда охирги ишлаган беморим учинчи босқичдан ўтди ва хорижга ўқишга кирди. Бу натижага эришгунимизча мен ҳам беморим ҳам жуда қийналдик. Бу иллатдан қутилиши учун бор имкониятларимни ишга солдим. Мураккаб жараёндан муваффақиятга эришгунча, яъни ремиссияга тушгунча орқага қайтмадик.

Мени ўйлантиргани ҳатто оила қурмаган ёш қизлар ҳам дорисиз туролмайдиган даражада боғланиб қолаётганидир. Психотроп дорилар сотувини дорихоналардан бутунлай чеклаб бўлмайди ва бу асаб касалликлари билан оғриган ёки кучли оғриқни бошидан кечираётган беморларга зарур. Аммо бундай дорилар  ҳар доим  ҳам шифокор рецепти  асосида сотилмоқдами? Сабаби, жазони ижро этиш колониясидаги маҳбуслардан   дорини қаердан олардингиз, деб берган саволимга  “ўргангунимча ўртоқларимдан, кейин эса дорихонадан” деб жавоб берганди. Ва яна бир маълумот дорига ўтирганларнинг тилида бу “кассета” дейилиб, унинг бир кунга етадиган нархи 350 минг сўм  турар экан. Дорига пул топа олмай, хуруж тутган пайтларида турли жиноятларга қўл урган ва оқибатда жиноий жавобгарликка тортилган.

Психотроп дорилар  сотилиши назорати  борасидаги савол билан Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази матбуот котибига мурожаат қилдик, аммо расмий хат билан чиқсак, саволларимизга жавоб бериши мумкинлигини маълум қилишди. Масъулларга бу борада берадиган саволларимиз бор ва албатта расмий хат билан чиқамиз.

Божхона нима дейди?

– 2023 йилнинг 6 ойи давомида божхона органлари томонидан 9,9 мингдан зиёд контрабанда ва божхона қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, ашёвий далил сифатида 495,7 млрд. сўмлик ноқонуний товарлар ушлаб қолинган. Шунингдек, 205 кг. гиёҳвандлик воситалари, 125 минг дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар аниқланган. Психотроп ва кучли таъсир қилувчи дорилар масъул идоралар билан келишилган усулларда дастлаб яроқсиз ҳолатга келтирилиб, сўнгра йўқ қилинди. Юртимизга ушбу дорилар контрабанда  йўли  билан кириб келади ва яширинча сотувга чиқади, – дейди Божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нурбек Саломов.

Феруза РАҲИМОВА,
I
shonch.uz