Мажбурий меҳнат ортидан яна бир директор ишдан ҳайдалди

74

“Дўппи тор” келганда қўлланиладиган ярамас иллатдан ҳоли бўлолмаяпмиз. Бир пайтлари “катталар” келиши олдидан ўқитувчиларни ёппасига кўча супуриш, хиёбонларни тозалаш, ободонлаштириш ишларига жалб этиш урф бўлганди.

Мажбурийлик касб этадиган меҳнатнинг барча турларига барҳам берилди. Аммо гоҳ-гоҳида ўша эски “дард”нинг хуружига дуч келиб турибмиз. Айниқса, бу иллат бевосита ўқитувчи меҳнат қилаётган даргоҳда рўй берса ачинарли. Ижтимоий тармоқларда “Каттақўрғон туманидаги 12-мактаб директори  таътилидаги ўқитувчиларни  мажбурий меҳнатга жалб қилмоқда» мазмунидаги мурожаат тарқалди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ҳолат ўрганилиб расмий муносабат билдирилди.

Муносабатда айтилишича, ҳолат Каттақўрғон туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари томонидан ўрганилиб, ўқтувчилар билан суҳбат ташкил этилган. Мулоқот асносида айрим ўқитувчилар мактаб таъмирида ўз ташаббусларига кўра иштирок этганини билдирган.(Бошқалар таътилда юрганида айрим ўқувчиларнинг “ўз ихтиёри билан” мактабни таъмирлашдаги иштирокига балки ишонса бўлар). Аммо айрим ўқитувчилар мактаб директори томонидан таътилда юрган чоғларида меҳнатга жалб этилганини  яшириб ўтирмаган.

Ўрганишлар давомида мактабда бошқа камчиликлар ҳам аниқланган. Ушбу ҳолатларни инобатга олиб, мактаб директори билан тузилган меҳнат шартнома ўз аризасига кўра, бекор қилинган.