Фарзанди вафот этган оталар талабдан норози
Бугун Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи очиқ суд мажлиси бошланди. Аввалроқ хабар берилганидек, «Док 1- Макс» ичиш оқибатида 65 нафар бола вафот этган. Жиноят ишида жами 21 киши айбланмоқда.
Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 нафарига «қамоққа олиш», 12 нафарига «муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат» ва 2 нафарига «гаров» тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Бугунги судда 65 нафар жабрланувчидан фақат икки нафари қатнашди холос. Дастлабки судда айбланувчи — «Quramax Medikal» МЧЖ директори С.Р.нинг адвокати судьядан ўз ҳимоясидаги шахсга нисбатан қамоқдан бошқа енгилроқ жазо тайинланишини сўради. 20 дан зиёд адвокатларнинг аксари бу сўровни қўллаб-қувватлаган бўлса, бошқалари ушбу масала суд қарорига ҳавола қилиниши мақсадга мувофиқлигини билдирди. 2 нафар жабрланувчи ота мазкур сўровга қарши чиқди ва бу талабдан норозилигини айтди.
Судья томонларни тинглаб, адвокатнинг талаби барвақт сўралганини ва у айни пайтда қаноатлантирилмаслигини айтиб ўтди.
Суд иши давом этади. Эслатиб ўтамиз, «Док 1-Макс» иши доирасидаги келгуси суд мажлислари ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари кўрилиши маълум қилинди.
Мафтуна Каримова,
Оператор: Саидакбар Абдураимов
