ЧАНГ ЮТИБ ЯШАЁТГАН ШЎРСУВЛИКЛАР уларнинг саломатлигини ким ўйлайди?

143

Ўзбекистон туманининг энг чекка ҳудудларидан бири бўлган Шўрсув қишлоғида 2 мингга яқин аҳоли яшайди. Бугун қишлоқ одамлари экологик муаммолар гирдобида қолган.
Бир пайтлар тоза ҳавоси, бетакрор табиати билан одамларни ўзига оҳанграбодек тортган қишлоқда саломатлик ва дам олиш масканлари бўлган. Бу ерга узоқ-яқиндан келган дам олувчилар мириқиб ҳордиқ чиқарган, саломатлигини мустаҳкамлаган. Ҳатто бу ернинг ҳавосини “иккинчи Қрим”га ўхшатишган. Бугун-чи?

Бугун ўша сўлим маскандан, гўзал табиатдан асар ҳам қолмаган…

Ҳудудда 50 дан ортиқ қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган заводлар ишламоқда. Аҳоли хонадонлари билан деярли туташиб кетган ушбу заводларда асосан гипс, цемент, ғишт каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Улардан чиқаётган чанг эса аҳоли саломатлигига путур етказмоқда. Дов-дарахтлар, мевалар аллақачон қуришни бошлаган. Энг ёмони, одамлар орасида тери тошмалари, астма, аллергик касаллар кўпайган.

Шу ерлик одамларнинг таъкидлашича, айрим заводларда газ ва чангни ушлаш фильтри ўрнатилган бўлса-да, баъзи инсофини «еб қўйган» корхона эгалари аҳоли саломатлигини ўйламай, ярим тунда чангни тўғридан-тўғри атмосферага чиқаришда давом этмоқда. Бу эса инсон саломатлигига жиддий хавф туғдириш билан бирга, экологияга ҳам катта зарар келтирмоқда.

Маҳаллий аҳли бу борада мурожаат қилмаган жойи қолмаган. Муаммоларни ўрганишга вилоятнинг деярли барча раҳбарлари, масъул идора вакиллари келиб кетишган. Аммо муаммо ҳал бўлганича йўқ.
Хўш, бугун инсон саломатлиги ва ўзи шундоқ ҳам тобора мураккаблашиб бораётган экологияни, атроф-муҳитни ифлослантираётган бундай заводлар яна қанча ишлайди. Қанчонгача фойдасини тадбиркор, жабрини одамлар кўради?

Агар бундай корхоналарга тегишли идоралар ҳозироқ чора кўрмас экан, ҳолат бунданда мураккаблашиши тайин.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
Ishonch. uz