Биз ўттиз беш йилдан бери ўзлигимиз (identity)ни қидирамиз. Қадриятлардан сўзлаймиз, баҳслашамиз, аммо мунозаралар оёқлаши билан яна мавҳумлик ва бўшлиқ фикрлаш тарзимизнинг асосига айланади, қолади.
Ижтимоий тармоқлардаги ўзаро фикр «уруши» шахсимизда нимадир етишмаслигини, тўкис эмаслигини юзага чиқаради. Ва бу нарса – ўзлик масаласи бизда инқирозда эканини намоён этади.
Мен, ҳатто, миллатнинг энг олди зиёлилари ўзлик муаммосини шахсий кун тартибига қўйиб, уни ҳал қилганига шубҳа қиламан. Айни ҳол эса одамни хотиржам қиладиган ҳодиса эмас. Негаки, бу турмуш икир-чикирларига оид арзимас қусур бўлмай, балки миллат камолотини белгиловчи ижтимоий ва интеллектуал муаммо ҳисобланади.
Ўйлашимча, бугун зиёлилар ва ижодкорлар тушкун ва нигилистик кайфиятдаги интеллектуал инқирозни бошдан кечиряпти. Лекин бундан жуда ҳам хафа бўлиш керак эмас. Чунки ҳар бир инқироз бу янги имкониятларга йўл очади.
Ҳар бир зиёли, сиёсатчи ва ижодкор Ўзлик муаммосини ечиш ҳақида мудом фикр меҳнати билан машғул бўлиши керак. Бу иш бир кун ижодий «маҳсулот» беради. Сўнгги йилларда бу мавзуда ошкора гапириш имкони туғилди. Ўзлик муаммоси ҳақида бош қотириш заруратга айланди.
Аммо, таассуфки, зиёлиларимизни бу заруратни англашдан тўсаётган икки қутбли мунозаралар мавжуд: дунёвийлик ва диндорлик мавзуси. Яъни бир нарсани икки қутбга ажратиб кўриш, фарқлаш, фикрда икковини яхлит кўрмаслик, ўзлик тушунчаси ва бу ҳақда фикр юритишни орадан кўтармоқда.
Ўзлигимизнинг асоси нимада?
Албатта, ўзлик асосини тарихий онг ташкил этади. Лекин бизда ҳали у англанмаган. Тарихий онг масаласи илмий доирада шакл жиҳатдан мавжуд, аммо унинг моҳияти – маъносига етилмаган. Шакли бору, ўзи йўқ.
Эслатаман, тарихий онг асосида тарихий хотира ётади. Бизнинг қарашларимизда тарихий онг асосини «ҳаққоний тарих» ташкил этяпти. Замондошларимиз «ҳаққоний тарих»ни излашяпти ва талаб қилишяпти. Бу жуда қизиқ ҳолат: зиёли қатлам халқнинг «ҳаққоний тарихи»ни излаш билан овора. Аммо қани ўша «ҳаққоний тарих»? Ким уни тиклайди ва қачон? «Ҳаққоний тарих» тикланса, ўзликнинг шаклланиш жараёни тугайдими? Ўзлик масаласи фақат «ҳаққоний тарих»га боғланиб қолганми? Мени шу каби кўп саволлар қийнайди.
Ўзлик бўйича менинг принципиал қарашим қуйидагича: у моҳиятан кўп қатламлидир. Яъни у сиёсий, маданий, этник, фуқаровий унсурлардан ташкил топади. Қисқача айтганда, ўзликни жамият маҳсули сифатида талқин қилса ҳам бўлади. Яъни ўзлик масаласи, машҳур француз психоаналитиги Жак Лакан айтганидек, «ўзлик «ўзга» бўлганда англанади». Яъни ўзлик ўзини англай олмайди. Албатта, ўзликни англаш жараёнида «ташқи омил» жуда катта роль ўйнайди. Нимагадир, бизнинг зиёлилар ўзликни ҳар бир инсоннинг танлови ва иродасига боғлиқ, деб ҳисоблашади. Ўзлик ижтимоий категория экан, у бевосита шу маконнинг тарихий тажрибасига таяниши керак. Бизнинг жамиятда эса ҳалигача «европалашиш», «туркийлашиш», «миллийлашиш», «исломлашиш» жараёнлари ўзаро тўқнашмоқда. Бу, албатта, зиёлилар, сиёсатчи ва умуман фикрловчилар ичида баҳсларни келтириб чиқармоқда.
Муаммо аниқ. Энди ечим зарур
Мен қуйидаги саволларни тузаман:
– Нима учун ўзлигимизни шакллантиришга ҳозирги кун моҳияти билан қаралмаяпти?
– Нима учун замонавий ўзлик масаласи баҳслар мавзусини ташкил қилмаяпти?
– Нима учун ўзлигимиз мавжуд сиёсий, иқтисодий ва маданий шарт-шароитни инобатга олаётгани йўқ?
– Балки нормал ўтмиш ва нормал келажак ўзлигимиз масаласини узил-кесил ечар?!
Шу муаммолар ва саволларга жавоб топилмас экан, миллат шаклланиши секинлашади ва ўзлик мавҳумлигича қолади.
Ўтмиш, тарихий хотира ва бугунги «ўзлигимиз»
Назаримда, ўзлик (identity)ни шакллантиришда бизга буюк ўтмиш ва буюк келажак ғоялари ҳалақит беряпти. Биз уни аниқлашда ва шакллантиришда иккиламчи омилларга таяниб қолдик.
Яъни биз ўтмишимизни замонавий шаклда намоён қиламиз, ўтмиш билан яшаймиз, унга танқидий баҳо бермаймиз, демак мазмунни келажакка йўналтирамиз. Аҳолининг аксар қисми ҳозирги кунимизни ўтмишнинг бир қисми деб қабул қилади. Зиёлилар эса ҳозирги кунимизни келажакнинг бир қисми деб англайди. Шундай вазият қандайдир постколониал (мустамлакадан кейин) ё постмодерн ҳолатини яратяпти.
Немис социологи Ю.Хабермас айтганидек, Европада «модерн (замонавийлик) тугамаган дастур». Хабермаснинг фикрини ҳозирги ҳаётимизга қўлласак, «ўзлик тугамаган дастур» сифатида акс этади. Яъни тарихий онгнинг тугал шаклланмагани ёки советча тарихий онгнинг ҳалигача устунлиги ўзлигимиз постколониал (мустамлакадан кейин) ва модерн (сталинча вариантда) категорияларига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Натижада, жамиятимизда нотекис маданий ривожланиш, зиёли қатламда ноилмий баҳслар урчимоқда, тарихий онгнинг ўрнига дунёвийлик ва диний дунёқараш шаклланмоқда. Бу иккала жиҳат ҳам хурофотни келтириб чиқаради. Интеллектуал «айирмачилик» тарихий онгни англашдан узоқлаштиради.
Бу вазиятда ўзлигимизни топишда бизга фақат шаффоф мунозарагина ёрдам беради. Яъни Жак Лаканнинг назариясига асослансак, бизга ўзлигимизни англашимиз учун «ўзга» керак. Ҳозирча эса жамиятимизда «ўзга» йўқ. Фақатгина бир хил «баҳслашаётган» инсонлар гуруҳлари мавжуд.
Ўзлигимизга ўтмишнинг таъсири катта. Лекин, кўп ҳолатларда ўтмиш ўзликни топиш йўлига салбий таъсир қиляпти. Бунинг психологик сабабларидан бири: биз ўтмишимиздан норозимиз.
Яна асосий сабаблардан бири, ўтмиш тарихий хотирага айланаётгани йўқ. Ўтмиш ўтмиш эмас, ўтмиш ҳозирги кунгача узлуксиз воқеалар алмашинуви деган фикр устун. Яъни тарихий хотирамиз ҳозирги кунгача тўлиқ шаклланмаган. Жамиятимиздаги кузатилаётган баҳс ва мунозараларнинг сабаби ҳам шундадир. Ўзлик ва тарихий хотира бўлмаган жамиятда баҳс ва мунозаралар алжираш ва фақатгина индивидуал манфаатлар тўқнашувига айланади. Оқибатда салбий ғоялар (масалан, эгоизм) марказий мавзуни ташкил қилади.
Буюк ўтмиш ва ўзлигимиз
Буюк ўтмиш ғояси «ҳаққоний тарих» иборасини дунёга келтирди. Чунки буюк ўтмиш мазмун-моҳиятга муҳтож бўлади. Ана шунда «ҳаққоний тарих»дан иборат ёлғон тарихий онг ёрдамга келиб, сунъий тарихий воқеаларни тўқийди. Буюк ўтмиш, буюк аждодлар «ғоялари» ўзлигимизга салбий таъсир қилди ва қилмоқда. Мантиқан, «буюк ўтмиш» концепцияси интеллектуал нотенгликни яратади. Натижада «буюк ўтмиш» тарихни идеаллаштиришга мажбурлайди. Замонавий инсон идеаллашган тарихни ўқиб ҳозирги замон ва ўтмиш билан қандайдир нисбатни ёки мувозанатни қидиради. Ва топа олмайди. Сўнг тарихдан кўнгли совийди. Ўзликнинг асоси бўлган тарихий онг шаклланмайди. Оқибатда замонавий ватандошимиз ўзлигини ҳозирги қўшни миллатлардан қидиради ё атрофдаги мамлакатларга ҳавас қилади. Психологик нуқтаи назардан ўзини яхши ҳис қилмайди ва ўзини ноқис кўради.
Буюк ўтмиш ғоясининг яна бир муҳим жиҳати бор: бу ўзлик тушунчасининг ўта сиёсийлашуви ва мафкуралашгани билан боғлиқ. Яъни бу ҳолатда ўзлик давлатчилик ғоясига боғланиб қолади ва Лаканнинг назариясини қўлласак, давлатчилик ўзлик учун «ўзгага» айланади. Натижада…
Биз бу натижани кўриб турибмиз: охирги ўттиз беш йилда ўзлигимиз мазмунини давлатчилик ғояси тўлдиряпти ва белгилаяпти. Шаклан эса «миллий» бўлиб қолмоқда. Тарихимиз талқинида фақатгина давлатчилик ғояси устун бўлгани учун ўзлик масаласидан кўра давлатчилик масаласи муҳим бўлиб қолди. Ўзлик тушунчаси давлатчиликнинг бир унсурига айланиб қолди. Аслида эса бунинг акси бўлиши керак эди!
Энди барча нарсани ўз жойига қайтариш зарур. Ўзлик ҳақида жамиятимизда илмий мунозара вужудга келиши учун, интеллектуал тарих соҳасини ривожлантириш керак бўлади. Интеллектуал тарих тушунчалар ривожи тарихини тадқиқ қилади. Қачонки, академик тарихимизда тушунчаларнинг ўзаро нисбати ва уларни ҳаётимизга қанчалик қўллаш мумкинлиги тадқиқ қилинса, шунда ўзлик тушунчаси шаклланади.
Ренессанс(лар) ва ўзлигимиз масаласи
Тарихий онг ва тарихий хотира ўзликнинг асоси экан, бизда «ренессанс» (уйғониш) тарихий-мафкуравий концепти орқали намоён бўляпти. Тарихимизда 2 та катта ренессанс даври бўлган. Биринчи давр IХ-ХII асрларни, иккинчиси эса ХIV-ХV асрларни қамрайди.
ХХ асрнинг 20-йилларида Мусулмон ренессанси ҳақида ғарб олими Адам Мес батафсил ёзади. Шу даврдан бошлаб, ренессанс нафақат Ғарб маданиятига, балки Шарқ маданиятига ҳам тегишли экани уқтирилди ва исботланди. Кейинчалик, ХХ асрнинг 60-йилларида академик В.М.Жирмунскийнинг Алишер Навоий роли ҳақидаги мақоласи темурийлар ренессансига илмий асос бўлиб хизмат қилди. Шу даврда академик Н.И.Конрад темурийлар ренессансининг Ғарб ренессанси билан бевосита боғлиқлигини исботлади. Академик Н.И.Конрад Навоий асарлари ҳақиқатан умумбашарий ва умуминсоний ғояларни олға сургани билан бошқа Шарқ алломаларидан кескин ажралиб туришини таъкидлаганди.
Совет давлати парчалангандан сўнг, ренессансга муносабат илм дунёсида кескин ўзгарди. Ренессанс ғоялари миллийлаштирилди, гоҳида динийлаштирилди. Рус олими Л.М.Баткин: «Ренессанс муаммоси ХХ аср тарихий онгининг энг катта муаммоси ҳисобланади» деб ёзади.
Нимагадир, бизнинг зиёли қатламида ренессанс тарихий онгнинг бир қисми экани англанмаяпти. Чунки бу маданий даврлар бўйича академик доираларда ва жамиятда мунозара кузатилмаяпти. Биз тарихий онг ва ренессанс даврларини фақат ҳис-ҳаяжонга берилиб баён қиляпмиз, лекин у фактга ижодий ёндашиб, илмий-танқидий фикр қилмаймиз.
Ренессанс даври маданий мероси қотиб қолган догма эмас-ку?! Ренессанс тарихий онгимизнинг бир қисми экан, ренессанс ғояларини тафаккур қилиб, тарихий хотира даражасига ўтказиш лозим. Агар бу илмий жараён амалга оширилмаса, ренессансларимиз тарихий фактдан нарига ўтмайди.
Учинчи ренессанснинг мақсади аниқ ва аён: тарихий фактларни тафаккур қилиб, тарихий хотирани мустаҳкамлаш ва тарихий онгни яратиш.
Шунда ўзлик бевосита ва билвосита тарихий онг билан боғланиб, соғлом миллий онг вужудга келади. Яъни ренессанслар даврини ўрганиб, хулоса, илмий фикр чиқариш керак! Уларга фақат сабоқ чиқариш учун зарур манба сифатида қараш эмас, балки унинг негизида Учинчи ренессанс учун илмий асос яратиш лозим!
Бахтиёр АЛИМЖОНОВ,
тарих фанлари номзоди,
халқаро мустақил эксперт
