Ахир, биз  одаммиз-ку!..

48

Ҳаётий ҳикоялар  

Олимнинг ҳам душмани бўладими?

Туркиялик укамиз Аҳмет Акалинни  сиёсатшунослик бўйича фалсафа доктори диссертациясини ёқлагани билан табриклаган бўлдим. У давлат ташкилотида хизмат қилади.

– Бу илмий даражангиз учун маошингизга қўшиладими? – деб сўрадим.

– Йўқ, унинг учун олий таълим муассасасида ишлашим керак. Ойлигим эмас,  душманларим кўпайди, – деди.

Хўроз ҳамма жойда ҳам бир хил қичқирар экан-да-а?

Ие, бир бечора оддий одамлар каби яшашдан воз кечиб, йиллар ҳаётнинг кўп-кўп неъматлари баҳридан ўтиб, кечасию кундузи ишлаб, диссертация ёзиб, ёқласа, уни олқишлаш ўрнига нима учун душманлари кўпайиши керак?!
Ғалати эмасми?
Ахир, биз – одаммиз-ку!

Пул ҳам билинмай кетадими?

Пенсияга чиққан собиқ мактаб директори билан ўтирибмиз. Гап шўро замони ҳақида кетди.

– Коммунизм келган экан-у, билмаган, қадрига етмаган эканмиз-да. Мактабга директор эдим. Ўқувчиларни чўл зонасига пахта теришга олиб бориб, дала шийпонларига жойлаштирар эдик. Мазза эди. Коммунизмлиги шунда эдики, ўқувчилар терган пахтасининг пулига кўп-кўп озиқ-овқат сотиб олар эдик. Кунора бир машиналик ишончли шогирд орқали уйга қоплаб картошка, пиёз, сабзи, карам, макарон, ёнига тўрт-беш кило гўшт қўшиб юборар эдим. Ҳаққини ўқувчилар сонига бўлиб ташлар эдик, билинмай кетар эди.

Қандайига «билинмай кетади»? Давлат болалар меҳнатидан фойдаланиб, уларга таълим бериш ўрнига зуғум қилиб, тонгдан шомгача вояга етмаганларни эксплуатация қилиб, илмию соғлиғию умрига зомин бўлиб тургани етмагандек, директор уларнинг ҳалол меҳнати эвазига келган пулини ўмариб, очиқчасига ўғрилик қилиб турган, бола-чақасини ҳаромдан-ҳаром йўл билан боққан бўлса-ю, яна оғиз кўпиртириб мақтаса, ўксиб-ўксиб шу ҳаром кунини қўмсаса-я!
Ғалати эмасми?
Ахир, биз – одаммиз-ку!

Етимнинг ҳаққи

Қорақалпоқларнинг «Танка» деган киносини кўргансиз. Одамлар сал танилганроқ, муайян мавқега эга танишини кўрса, ундан «танка» сифатида фойдаланмоқчи бўлаверади. Бир томони, бу табиийдек ҳам туюлади. Ахир одам одамга яхшилик қилса, яхши-ку!

Лекин бу дунёда ноўрин илтимослар ҳам кўп-да.

Президент девонида ишлаб юрган кезларим. Уйимизга ҳеч келмаган бир меҳмон келиб қолди. Яхши суҳбатлашдик. Охири ёмон бўлди-да.

– Фалон вилоятдаги етимхонага мени директор қилиб қўйинг, – деб илтимос қилди.

– Шундоқ ҳам мактаб директори экансиз. Ишлаб юравермайсизми? Етимхонанинг иши осон бўлмаса керак? – дедим.

– Ака, – деди, – ахир, у ерда давлат етимларни боқиш учун қанча озиқ-овқат ажратади, биласизми?! Бир йилда бир участканинг пули ёнга қолади. Сизни ҳам қуруқ қўймайман, биродар…

– Бобо-бибиларим ҳам, ота-онам ҳам етим боқиб, савоб топишган. Энди менинг куним етимларнинг ҳаққини ейишга қолдими? Касбим, ишим, хизматим, шунга яраша топар-тутарим бор, – дедим.

Совуққина хайрлашдик. Кўзларига қарадим. Лоақал: «Дунёда шунақа ҳалол одамлар ҳам бўлар эканда-а?» – деган хулосага келмади. Асло! «Минг афсус, бу одамнинг кўнглини топа олмадим, каттароқ ваъда қилишим керак димикан?» – деб ҳисоблаб кетди.

Шунчалар содда одамманми ё? Бундай «содда» одамлар жамиятда шу қадар камайиб кетганми? Ҳаётда ҳамма одамлар ўрмондаги бўрилар галасидек ўлжасига жон-жаҳди билан ташланганми?
Ғалати эмасми?
Ахир, биз – одаммиз-ку!

Тешиб чиқмаган беш грамм

Тошкентда зарурат юзасидан бир таксига ўтирмоқчи бўлдим. Ҳайдовчи қаерга боришимни сўради. Айтдим.

– Яхши. Ўтиринг. Жума намозига улгурар эканман, – деди.

Ўзбек дегани таксига оғзига мум тишлаб чиқмайди-ку. Гаплашиб кетдик. Навоийлик экан. Ҳаётнинг оғирлигию пул топиш қийин бўлиб кетганидан нолиганча нолиди ўзиям.

–  Илгари нима иш қилгансиз? – деб сўрадим.

– Зўр ишда ишлаганман, ака, – деди. – Пул донашўрак (шўрданак) эди. Буханка нон чиқарадиган цехнинг хўжайи­ни эдим. Ҳар бир нондан оз эмас-кўп эмас, 5 граммдан урар эдим. Қарабсизки, бир кунда бир пачка пул чўнтакка тушиб турибди-да.

Наҳотки, ўғри ўғрилиги билан очиқчасига мақтанадиган замонда яшаётган бўлсак! Наҳотки, шу кишининг юрагида ҳаромдан ҳазарнинг зарраси ҳам пайдо бўлмаган бўлса! Наҳотки, масжиддан бир чимдим иймон юқмаган бўлса!
Ғалати эмасми?
Ахир, биз – одаммиз-ку!

Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган маданият ходими