Ishonch.uz Мустақиллик байрами муносабати билан «Ватан надир?» лойиҳасини йўлга қўйди. Лойиҳада ватандан олисдаги ватандошларимиз ва истиқлол курашчиларининг авлодлари билан суҳбатлар бериб боришни мақсад қилдик.
Илк суҳбатдошимиз қўрбоши Шермуҳаммадбекнинг Туркияда истиқомат қилувчи набираси — Муҳаммад Осман Бек.
Осман Бек билан суҳбат Туркистонда миллий озодлик ҳаракати етакчиси бўлган Шермуҳаммадбек билан боғлиқ хотиралар, биз билмаган ҳақиқатлар хусусида кечди.
Маълумки, Шермуҳаммадбек Туркистон мустақиллиги учун совет режими ва қизил армияга қарши курашда олий бош қўмондон даражасига кўтарилган. У жанг майдонига кирган илк кунлариданоқ «Туркистон – туркистонликларнинг юртидир, унга бошқа ҳеч кимнинг эгалик қилишга ҳаққи йўқ!» деган шиорни ўртага ташлайди.
Бироқ Туркистонда совет режими ўрнатилгач, Шермуҳаммадбекнинг келгуси тақдири Туркияда кечди.
Осман Бек тарихий бир мураккаб шароитда юртидан чиқиб кетишга мажбур бўлган бобоси ҳақида гапириб, у бутун умр ватан ҳасратида яшаб ўтганини айтади.
«Бобом Шермуҳаммадбек қўрбоши 1917 йилдан 1924 йилгача ватан озодлиги учун курашди. Ватандан чиқиб кетганда ҳам ҳасрат билан яшади. «Ватан озод бўлади, биз Ўзбекистонга қайтамиз» деб, борган жойларида уй-жой беришса ҳам олмаган. У фарзандлари ва набираларига ҳам ватан ишқини, миллат ишқини сингдирди», — дейди у.
Мафтуна Каримова, журналист.
Монтаж устаси: Қувончбек Тўраев


