Ўзбек адабиётида Рауф Парфининг ўрни алоҳида ва беқиёс. Унинг ижодини яхши кўрадиганлар, фалсафаси ва шеърлари қатида яширин маънони англашга қизиқадиганлар нафақат юртимизда, балки Туркия, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон ва АҚШда ҳам кўп.
Кеча Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультети жамоаси томонидан Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи таваллудининг 80 йиллигига бағишланган илмий-назарий анжуман бўлиб ўтди. Унда шоир-ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, жамоатчилик фаоллари, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этишди.
Тадбирда буюк шоир ижодининг ўзига хос қирралари соҳанинг етук олимлари томонидан яна бир бор таҳлил ва талқин қилинди. Шеърларидаги ғоялар, умумтуркий миллат тақдири учун чеккан изтироблари ҳақида батафсил ва қизиқарли маърузалар ўқилди. Жумладан, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Олимжон Тўлабоев Рауф Парфининг отаси ва жияни, машҳур Пабло Неруда ва Ойбек каби ижодкорлар хотирасига бағишланган марсиялари тарихи, уларнинг ёзилиш услуби ва тили ҳақида сўз юритди.
– Рауф Парфининг шеърлари чуқур ҳиссий символлар билан йўғрилган. Уни ўқиш ва тушуниш учун астойдил тайёргарлик кўриш керак. Чунки у ўз замонаси қаламкашлари орасида «символистик шоир»лиги билан ажралиб турган, – деди адабиётшунос Бахтиёр Исаев. – Шоир ўз исмини доим лотин алифбосида ёзган. Агар шу кеча-кундузда лотин алифбосига ўтиш борасида қилинаётган ишларимизга назар ташласак, бу борада Рауф Парфи биздан анча олдин лотин алифбосига ўтиб бўлганди. У умри мобайнида Туркистонни умумий уйимиз деб яшади, бошқа туркий халқлар дардини ҳам ўз дарди деб билди ва буни шеърларида акс эттирди. Бунақа туркчи шоирни ҳали кўрмаганман. Менинг назаримда, унга муносабатимиз ҳозиргидан ҳам юқори даражада бўлиши, уни ўрганишни, тушунишни, ёшларга ўргатишни кучайтиришимиз керак.
Илмий-амалий анжуманда ижодкор шеъриятини ўрганиб келаётган Туркиянинг Халисдемир университети профессори Ҳикмет Кораш ва АҚШнинг Мичиган давлат университети профессори Темур Хўжа ўғли ҳам онлайн тарзда қатнашиб, сўзга чиқди.
– Рауф Парфи нафақат сизнинг юртингизнинг, балки бутун туркий дунё адабиётининг ардоқли шоири ва ўлмас ижодкоридир. Унинг асарларини бугунги кун муаммоларига қандай ечим берилгани нуқтаи назаридан ҳам ўрганишимиз лозим, – дея таъкидлади Ҳикмет Кораш.
Тадбир том маънода Рауф Парфининг ўзидек уйғоқ фикрларга бой ва юқори ҳароратда ўтди. Унда шоирнинг қизлари Муқаддас Абдураҳмонова ва Муножот Парфи ҳам сўзга чиқиб, болаликлари, уйлари доим шоир ва ёзувчилар билан гавжум бўлгани, бир пайтлар отасига китоб чиқариш ва жамоатчиликка кўриниш бериш тақиқлангани, армонга айланган шеърий тўпламлари, бугун улар чоп этилаётгани ва таржима қилинаётгани ҳақида гапирдилар. Анжуман иштирокчиларига ва шоир ижодини ўрганаётганларга ўз оилалари номидан самимий миннатдорчилик билдирдилар.
Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch.uz»



