28 та ҳудудда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилади – Президент қарори

103

2023 йил 15 октябрдан бошлаб дастлаб 28 та туман (шаҳар)ларда эксперимент тариқасида Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва ижтимоий ходимлар гуруҳлари кўрсатадиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамларнинг янги тизими йўлга қўйилади.

Бу борада имзоланган Президент қарори билан “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларидаги ижтимоий ходимлар гуруҳларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳам белгилаб берилмоқда.

Унга кўра, марказ ходимлари оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилаларга бевосита маҳалла даражасида комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатади ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг эҳтиёжлари ва мавжуд имкониятларини баҳолаш орқали уларга индивидуал тартибда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режаларини ишлаб чиқадилар.

Шунингдек, уларга:

  • индивидуал ижтимоий хизматлар режасига мувофиқ ижтимоий хизматлар ва ёрдамларнинг кўрсатилишини ташкил қилиш, шунингдек, зарур ҳолларда индивидуал ижтимоий хизматлар режасига тегишли тузатишлар киритиб бориш;
  • ички ресурсларни, шу жумладан ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича кўнгиллиларни (қариндошлар, қўни-қўшнилар, волонтёрлар) ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатишга жалб қилиш ҳамда уларнинг мазкур соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • аҳолига давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар
    ва ёрдамлар тўғрисида, шунингдек, аҳолининг мазкур хизматларни олишга бўлган ҳуқуқлари бўйича тушунтириш бериш каби вазифалар юкланади.
  • Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатишда ижтимоий ходимларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича шахсан масъул ва жавобгар ҳисобланади.