Бугун, 2 октябрь куни Самарқанд “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида Марказий Осиё ёшлар экологик оромгоҳининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Эко-оромгоҳ Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Мактабгача ва мактаб таълими, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирликлари, “Замин” халқаро жамоат фонди, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, БМТ тараққиёт дастури ва ФАО кўмагида ташкил этилмоқда.
– 1-5 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган тадбирнинг асосий мақсади ёшларнинг иқлим ўзгаришларига қарши курашишдаги ролини эътироф этиш, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилоят кенгаши раисининг ёшлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Акбар Абдусаидов. – Анжуман доирасида ёш эко-фаолларга экологик таклиф ва ташаббусларни илгари суриш учун платформа тақдим этиш ҳамда Марказий Осиёда ёшлар экологик ҳаракатини интеграция қилишдек муҳим масалалар ҳам ўрин олган.
Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон эко-фаолларининг 60 нафардан зиёд ёш етакчиси иштирок этаётган тадбир, Бирлашган Араб Амирликларидаги (БАА) CОП 28 – Иқлим ўзгариши бўйича конвенция иштирокчилари конференцияси муносабати билан ўтказилмоқда.
Маълумот учун, тадбир доирасида халқаро экспертлар иштирокида семинарлар, учрашувлар ва Марказий Осиё стратегияси бўйича муҳокамалар ташкил этилади.



