Ишонч

12546

Мактабда футбол мусобақаси ўтказиладиган бўлди. Буни эшитган 4 «В» синфи ўқувчилари дарҳол тайёргарликка киришдилар. Синф раҳбари жамоага Азизбекни сардор қилиб тайинлади, сабаби у эпчил, чаққон ва ақлли бола эди. Азизбек дарсдан сўнг барча ўғил болаларни олиб қолди. Ҳамма ўқувчилар жамоага қўшилишни исташар, аммо футболда ўйинчилар сони чекланган эди.

Азизбек болаларни мактаб стадионига олиб чиқди. Уларни яхшилаб синаб кўрди. Сўнг тез югурадиган, копток тепишни яхши биладиган, жисмонан чиниққан 10 нафар синфдошини саралаб олди. У ишончли ўртоғи Самандарни дарвозабон қилиб тайинлади, қолганларни икки гуруҳга бўлди: хужумчи ва ҳимоячилар.

— Ана энди ҳар куни дарсдан сўнг шу ерда мусобақага тайёрланамиз, — деди у синфдошларига қарата. – Жамоамизнинг номини «Учқун» деб қўямиз!

Нозим уларга ҳавас билан қараб турарди. У футболни телевизорда томоша қилишни жуда яхши кўрар, аммо сира ўйнаб кўрмаган эди.

— Мени ҳам жамоага қўшинглар, — деди у.

— Йўқ, сенинг бўйинг кичкина, озғинсан, копток зарбига туриб беролмайсан, — деди Азиз.

— Футболни жуда яхши кўраман, сизларни уялтириб қўймайман, — бўш келмади Нозим.

— Майли, уни заҳирага ола қолайлик, — деди Самандар.

Жамоа бунга рози бўлди. Улар тайёргарликни бошлаб юбордилар. Нозим ўриндиқда ўтирганча уларни кузатар ва қандай ўйнаш керак эканини ўрганарди.

 2

Мусобақа куни ҳам етиб келди. 4-синфлар ўртасидаги ўйин бошланишига озгина вақт қолганида «Учқун» жамоасининг ҳужумчиси Диёрбекнинг тиши қаттиқ оғриб қолди. Мактаб ҳамшираси уни текшириб, стомотологга бориш лозимлигини айтди. Диёрбекнинг онаси уни олиб кетгач, жамоа саросимада қолди. Ахир битта хужумчи кам бўлса, улар ютқазиб қўйишлари турган гап эди.

— Бундай вазиятда заҳирадаги ўйинчи майдонга тушади, — деди жисмоний тарбия ўқитувчиси. Ҳамма Нозимни қидириб қолди. У нарироқдаги ўриндиқда ўйин бошланишини кутиб ўтирарди. Азизбек уни чақирди.

— Ишқилиб, бизни шарманда қилма, ўртоқ. Дарвозага хужум қилолмасанг ҳам тўпни бизга узатсанг бўлди, ўзимиз эплаймиз.

Нозим бош ирғади. «Учқун» ва «Умид» жамоалари ўртасидаги футбол ўйинини барча қизиқиб томоша қиларди. Аммо белгиланган вақт давомида ҳисоб очилмади. Болалар чарчаб қолишди. Ўйин тугашига икки дақиқа қолганда эса кутилмаганда Нозим тўпга эга чиқди ва рақибларни алдаб ўтиб, рақиб жамоаси дарвозасига гол урди. Синфдошлари ҳайқириб юборди:

— Баракалла, Нозим!

— Биз ғолибмиз!

Мусобақа охирида «Учқун» жамоасига эсдалик совғалари ва китоблар тўплами топширилди. Азизбек Нозимни барчага ўрнак қилиб кўрсатди ва бошида унга ишонмагани учун узр сўради.

Уларнинг жамоаси мактаблараро футбол мусобақасига ҳам тавсия этилди. Энди Нозим заҳирачи эмас, асосий ҳужумчи бўлиб ўйинга тушадиган бўлди.

 

Ферузбек Бахтиёров,

Янгиҳаёт тумани 8-ўрта мактаб 5 Г синф ўқувчиси.