Бундан бир йил аввал Денов ва Сариосиё туманлари чегарасидаги «Наврўздара» ҳудудида «Сангардак» сиҳатгоҳи қурилиши бошланган эди. Қисқа вақт ичида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси маблағи эвазига «Касаба таъмир шўъба» корхонаси бунёдкорлари томонидан 50 ўринли янги замонавий бино қуриб битказилди.
– Тоғ қиёфасига янада чирой бахш этган сиҳатгоҳнинг 3 қаватли муҳташам биноси 29 хонадан иборат бўлиб, ҳар бир хонада барча шароит муҳайё, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти кенгаши раиси Абдукарим Аҳмедов. – Айни пайтда «Сангардак» сиҳатгоҳида қурилиш ишлари давом этмоқда. Қурувчилар 8 қаватли 200 ўринли сиҳатгоҳнинг бош биноси қурилишини аллақачон бошлаб юборишган. Айни вақтда бинонинг 1-қавати пойдевори ва темир-бетон ишлари тугалланиб, чиқиш зинапоялари қўйиляпти. Мазкур бинонинг орқа томонида 200 ўринли ошхона, даволаш биноси ҳамда усти ёпиқ бассейнлар ҳам бунёд этилмоқда. Уларнинг темир-бетон ишлари тугалланмоқда.
– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қад ростлаган «Сангардак» сиҳатгоҳи биз сурхондарёликлар учун Мустақиллигимизнинг 30 йиллик тўйига муносиб совға бўлди, – дейди сариосиёлик педагог Аҳмаджон Бобоев. – Насиб этса, «Наврўз» умумхалқ байрамида сиҳатгоҳнинг қолган қисми ҳам тўлиқ фойдаланишга топширилади.
Рустам ДАВЛАТОВ,
«ISHONCH»
