«NOVAPRINT» – қурилишга 3D принтерларини жорий этаётган илк корхона  

778

 3D  формати бугун кўп соҳаларга кириб келган.  Аммо қурилиш соҳасига унинг тадбиқ  этилиши  сизу биз каби қурилишдан узоқ соҳа вакилларигагина янгилик. Аслида эса у дунё қурилиш саноатида аллақачон фойдаланилиб, Голландия, Америка, Хитой, Россия ва Европа давлатларида қўлланилмоқда.  Бугун эса  ушбу тармоқ Инновацион  ривожланиш вазирлиги ёрдами билан мамлакатимизда ҳам жорий этилмоқда.  

Журналистлар учун  Пойтахтимизнинг “Яшнобод” технопаркида жойлашган  «NOVAPRINT»  корхонасига ташкил этилган  пресс-турда мутахассислар юртимизда энди ривожланиб келаётган 3D принтерлари ишлаб чиқарувчи корхона фаолияти билан яқиндан танишишга муваффақ бўлишди.   

«Яшнобод» инновацион технопарки резиденти «NOVAPRINT»  корхонаси 2017 ташкил этилган бўлиб,  бугунги кунда — қурилиш соҳасида 3D  принтерларидан фойдаланиш лойиҳасини амалга оширмоқда. Ушбу лойиҳа кичик меъморий шакллар, бинолар ва уйларнинг қисмларини махсус бетондан, шунингдек, бошқа қурилиш аралашмаларидан (лой, гипс) исталган шакл ва дизайнда  қуриш учун янги модификацияланган қурилиш 3D принтерларидан фойдаланилмоқда.

Марказий  Осиёда ягона бўлган мазкур ишлаб чиқариш корхонасида бугунги кунда кичик ишчи кучи ва маҳсулот тежалган ҳолда  қолиплар  – ландшафт сифатида фойдаланиш учун гул ҳовузлари тезкор вақт ичида  яратилмоқда.Уй ёки бирор иншоотни қуриш кўп маблағ, меҳнат ва ишчи кучини талаб этади. Мамлакатимизда шундай инновацион технология ишлаб чиқилдики, у орқали бир неча ойлаб қуриладиган бинолар кам куч ва маблағ сарфланган ҳолда экологияга зарар етказмасдан бир неча кунда қад ростлайди. Бу инновацион ускуна — 3D ўлчамли принтерлар орқали амалга оширилади.

2019 йилдан буён технопарк резиденти бўлиб фаолият юритаётган, бутун дунёда олтинчи, МДҲ давлатлари ичида иккинчи ўринда турувчи ва ҳозирги кунда Ўзбекистонда ягона бўлган ушбу корхонада 3D қурилиш принтерлари ишлаб чиқарилади. Ушбу цех қўшимча равишда принтер учун махсус қоришмалар, шунингдек, кичик меъморий шакллар, бино­иншоотлар ҳамда уларнинг таркибий қисмларини тайёрлашга ихтисослашган. Ускуналарни яратишда юз фоиз маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиладиган цех бир йилда 12 тагача принтер ясай олиш қувватига эга.

–Маҳсулот тайёрлаш учун 3D ўлчамли принтерга цемент қоришмаси  ёки пластмас грануласи солинади, – дейди Архитектура ва қурилиш институтининг “Қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкциялар технологияси” кафедраси таянч докторанти, корхона тадқиқотчиси Дилшод Абдазов. –Ускуна ўрнатилган жўмрак орқали шу қоришмани белгиланган шаклда қуйиб беради. Бу жараёнда ускунани бошқарувчи ва унга қоришмани етказиб турувчи икки ишчи қатнашади. Бу ҳам қурилиш харажатларининг тежалишини таъминлайди.

Айни пайтда ушбу янгилик кўпчиликка маълум эмас. Аммо унинг вақт, ишчи кучини тежаш жиҳатдан афзаллиги қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи янгиликка интилаётган корхоналарни бефарқ қолдирмаяпти. «NOVAPRINT»   жамоаси истеъмолчиларнинг қизиқиши ва талабига қараб келгусида ўз фаолиятларини янада кенгайтиришни режалаштирмоқда.

 

Зебо НАМОЗОВА,

“Ishonch”