Айни вақтгача мамлакатимизнинг қарийб олтмиш фоиз аҳолиси коронавирусга қарши эмланган. Йил охиригача мазкур кўрсаткични 80 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Халқаро медиа-холлда ўтказилган тадбирда хабар берилди.
“Аҳолининг ижтимоий муҳофазаси: Долзарб масалалар мавзусида кечган анжуманда вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, журналист ва блогерлар ҳамда талабалар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов, Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Саидқаҳҳор Холхўжаев, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфова каби мутасадди раҳбарлар ўз соҳаси доирасида ўтган беш йил мобайнида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар хусусида баёнот бердилар.
Анжуманда таъкидланганидек, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кўплаб хайрли ишлар бажарилди. Айниқса, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби ташаббуслар доирасида ижтимоий кўмакка муҳтож кўплаб оилалар, ёшлар, хотин-қизларга ҳукумат томонидан ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам кўрсатилди.
