Бугунги ўзгариш ва янгиланишлар жараёни таҳлили

867

“Янги Ўзбекистон Учинчи Ренессанс остонасида” номли китоб чоп этилди.

Иқтисод фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, сенатор Муртазо Раҳматов ҳамда академик, биология фанлари доктори, профессор Бакриддин Зарипов ҳаммуаллифлигидаги ушбу рисолада мамлакатдаги бугунги ўзгариш ва янгиланишлар жараёни ҳақида ҳикоя қилинади.

Китобда юртимиз замини тарихда иккита буюк уйғониш даврларига бешик бўлгани, дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ мутафаккирларни етиштириб бергани маҳорат билан қаламга олинган. Айниқса, Учинчи Ренессансга қўйилаётган пойдевор ва янги тамаддун асослари аниқ далиллар асосида очиб берилган.

Шу маънода, мазкур асар китобхонларда мамлакатимизда янги ўсиш ва ривожланиш босқичига кўтарилиш борасида белгилаб олинган Янги Ўзбекистоннинг стратегик йўли ҳақида тўлиқ ва мукаммал тасаввур ҳосил қилишга имкон беради.

Таъкидлаш керакки, ушбу рисола жонажон Ватанимизнинг янги тарихига дастлабки чизгилар экани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

У кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, барча таълим муассасалари, хусусан, олий ўқув юртлари, ташкилот ва идоралар, ҳар бир хонадонга кириб бориши мақсадга мувофиқдир. Зотан, қайси замонда бўлмасин, буюк эврилишлар, ўзгариш ва янгиланишлар, аввало, халқнинг қудрати, салоҳияти ва кучига таянилади.

Китобда кишини мушоҳадага чорлайдиган яна бир жиҳат – бу иқтисодий илм тарғиб этилганидир. Гапнинг очиғини айтганда, биз узоқ йиллар молиявий билимларни халқона тилда ўқишга муяссар бўлмадик. Иқтисод илмига асосланган китобларда, умуман, иқтисодиёт назариясида халқоналик анчайин йироқ туйғу эди. Балки шу боис ҳам халқнинг иқтисодий илми заифроқ ёки пуфак тушунчаларга боғлиқ бўлиб қолди.

Мазкур рисолада мамлакат пахтачилигида жорий этилган кластер усули Янги Ўзбекистон иқтисодиётининг “драйвери”га айланаётганини содда ва халқона тарзда очиб берилгани муаллифларнинг муваффақияти бўлган, десак, айни ҳақиқат.