Яқинда бозор-ўчар қилиш мақсадида Яшнобод туманидаги “Қўйлиқ” бозорига бордим. Кенг қилиб ёйиб қўйилган расталарнинг бирида “холодец” маҳсулотини сотувга қўйилган экан. Фарзандим шу маҳсулотдан олиб беришимни сўради. Шошганимдан яроқлилик муддатига қараш ҳам ёдимга келмабди. Ҳарид қилиб бўлгач, сотувчи қизгинанинг : “Опажон, у эскироғи эди, ёш болангиз бор экан, янгироғини олинг!”– дегани “капалагимни учирди”. Ростан ҳам, эътибор берсам, маҳсулотнинг ранги униқиб кетган, аслида “холодец”лар хирароқ кўринишга эга бўлганлиги сабабли, у қадар аҳамият қаратмаган эканман. “Янгироғини” олиш у ёқда турсин, тезроқ пулимни қайтариб олишга ҳаракат қилдим. Сотувчининг эса “арзимаган пул” учун маҳсулотини қайтариб берганимга жаҳли чиқди.
Агар шу муддати ўтган маҳсулотни кекса ёшдагилар, ёш болалар ёки ҳомиладор аёллар сотиб олиб истеъмол қилганида-чи?
Ҳолатни четдан кузатиб турган аёл фикрини билдирди: “Ўтган куни минимаркетдан мева шарбати сўрасам, чанг босиб кетган сокни берганди. Нега бунақа болам, дедим. “Артиб бераман, нима қилибди, хола!”– деб ўша шарбатни қўлимга тутқазди. Мана, 2 кундан буён неварам шифохонада ётибди. Қайтиб бордим, нега бунақа муддати ўтган маҳсулотни сотасан?”– деб сўрасам, нима дейди денг, ҳамма маҳсулотларни текшириб ўтиришга вақти йўқ эмиш. Яна, бошқа дўкондан олгандирсиз, деб тортишди ҳам.
Андишали халқмиз, кўпинча барчасига кўз юмиб кетишга, кечиримлиликка одатланганмиз. Аммо, бу андишалиликнинг оқибатида кўпгина яқинларимиз жабрдийда бўлиб қолмоқда. Вазиятга бефарқлилигимиз ортидан камчиликларимиз тобора газак ортади.
Германияда муддати ўтган маҳсулотларни сотганлик учун ўртача жарима 20 минг евро (257 млн сўм) ни, Бирлашган Араб Амирликларида 25 минг евро (321 млн сўм)ни ташкил этар экан. Қозоғистонда бундай қонунбузарликлар учун 4 миллион тенгегача (99,5 млн. сўм), Россияда эса 50 минг рублгача (7,4 млн сўм) жарима ёки альтернатива сифатида дўкон фаолиятини 90 кунгача тўхтатиб қўйиш чораларини қўлланилади. Шунингдек, муддати ўтган сифатсиз маҳсулотлар бир кишидан ортиқ инсон ўлимига олиб келса, жиноий жавобгарлик қўлланилиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасига мувофиқ, истеъмолчиларга била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик, шу жумладан, товар истеъмолига оид хусусиятлар ёки сифати хусусида чалғитиш туфайли истеъмолчиларга зарар етказиш– ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.
Сўнгги ойларда кўчада сотилаётган колбаса ва сут-қатиқ маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида тез тиббий ёрдамга мурожаат қилувчилар сони ошган. Аниқланишича, уларда тана ҳароратининг ортиши, кўнгил айниши оқибатида кучли қайт қилиш ҳолатлари кузатилган.
Ҳўш, озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилик муддати тўғрисидаги маълумотлар ўз ичига нималарни олиши керак?
Бунинг учун маҳсулот қадоғига эътибор берсак, унинг ишлаб чиқарилган йили, ойи, тез бузиладиган маҳсулотлар, болалар ва парҳезли озуқалар учун – кун ва соати, уларни сақлаш ва истеъмол қилиш шартлари келтирилган бўлиши керак. Аксинча бўлса, бундай маҳсулотни яхшиси харид қилмаган маъқул.
Сиз-чи? Сиз маҳсулотларни сотиб олишда бу жиҳатларга аҳамият қаратасиз-ми?
Шаҳло НУР
