Диний бағрикенглик – тинчлик ва ҳамжиҳатлик асоси

1356

    Эътибор қилинса икки зарурат инсоният ва давлатлар ўртасидаги курашни келтириб чиқаради. Моддий ва маънавий эҳтиёжлар. Моддий эҳитёжлар табиатда ресурслар чекланганлиги боис кўпинча курашлар ва низоларга сабаб бўлади. Иккинчи эҳтиёж эса инсоннинг дини, ирқи ҳамда миллати ҳурмат қилиниши ва бошқалар томонидан тан олиниши масаласидир. Биринчи эҳтиёжнинг қанчалик зарурати ҳақида ортиқча тўхталишнинг ҳожати йўқ. Чунки у ҳаммамизга маълум. Аммо охирги пайтларда диний бағрикенглик тушунчаси ҳақида тез-тез гапирилаётган бўлса-да, унинг моҳиятини ҳаммамиз ҳам чуқур англайвермаймиз. Шу боис бугун диншунос олим ва мутахассис  фикр-мулоҳазалари асосида “Диний бағрикенглик нима ва у одамларга, жамиятга нима беради?” деган саволларга жавоб излаймиз. 

–Диний бағрикенглик – тинчликка хизмат қилиб, одамлар ўртасидаги табақалашишнинг олдини олади, тенгҳуқуқлиликни таъминлашга хизмат қилади, – дейди, Халқаро ислом академиясининг диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш UNESKO кафедраси катта ўқитувчиси, фалсафа фанлари (РhD) доктори Рамзиддин Исакжанов. – Сабаби турли дин ва элатга мансуб аҳоли орасида тотувликни таъминлаш, уларнинг бир жамиятда аҳил-иноқ яшашига шароит яратиш зарурати аҳоли сони ошиб бораётган, диний-этник муносабатлар тобора мураккаблашиб бораётган бир пайтда жуда зарур. Бунга эса бағрикенглик, айниқса диний бағрикенглик орқали эришилади. Юртимиз Ўзбекистонда 130 нафардан ошиқ миллат ва элатлар аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Бунинг боиси мамлакатимизда барча дин вакилларининг урф-одатлари, анъана ва қадриятларига ҳурмат билан қаралади.  Турли дин вакиллари бир жамоа ва ташкилотларда тенг ҳуқуқли меҳнат фаолиятини амалга оширади. Натижада мамлакатимиз нафақат Ўрта Осиёда, балки бутун дунёда ҳам миллатлар ўртасидаги тотувликни таъминлашга яхши ҳисса қўшаётган давлат сифатида бошқаларга намуна бўлиб келмоқда.

–Атрофдаги бўлаётган воқеаларга диний бағрикенглик билан муносабатда бўлиш, ўзаро бир-бирини ҳурмат қилиш давлатлар ўртасидаги ишончни, дўстликни мустаҳкамлайди, – дейди пойтахтимиздаги Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров. –Масалан, барчамизга маълум иккинчи жаҳон урушида юртимизга 250 минг атрофида болалар эвакуация қилинган. Улар немис, корейс, рус, озарбайжон, грузин, татар каби турли миллат болалари бўлиб, юртимиздаги мактабларда ўзбек қоракўзлари билан бирга ўқишган.  Одамларимиз ўз уйларидан уларга бошпана, жой беришган. Яхшилик беиз қолиб кетмайди-да. Яқинда фаолиятимиз юзасидан Беларусиянинг Иванова шаҳрида бўлдик. Уруш пайтида  шаҳарнинг чекка бир қишлоғида катта госпитал бўлган экан. Ўша госпиталда вафот этган аскарлар қишлоқдаги қабристонга кўмилган. Ўша қабристонга борганимизда мен кўплаб ўзбек исмларини кўрдим: Шуҳрат, Шофайзи, Муродилла, Асатилла каби. Шаҳидларнинг келган юрти, манзиллари аниқ ёзилмаган бўлса-да, уларнинг аксарияти ўзбекистонлик эканини  ич-ичимдан ҳис қилдим. Қабрларнинг атрофи топ-тоза, ободонлаштирилган, атрофига гуллар қўйилган. Суриштирсам, шу яқин атрофдаги мактаб ўқувчилари мунтазам қабристонга келиб, у ерни ободонлаштирар, гуллар экаркан. Шунда ўша қишлоқдагилардан ҳам, ўқувчиларни шундай савобли ишга чорлаган мактаб жамоасидан ҳам хурсанд бўлдим. Уларга ўзимнинг миннатдорчилигимни билдирдим. Бағрикенгликнинг ёрқин намунаси  бўлган бу ишни ҳалигача яхши хотира билан ёдга оламан.

Ҳар бир давлатда ранг-баранг миллат вакиллари яшаб, истиқомат қилади. Масалан, юртимиздаги корейс миллати вакилларини олайлик. Улар ҳам ватанимизда  тенгҳуқуқлилик асосида  яшаяпти. Юртимиздаги муҳит, шароит маъқулки, улар шу ерда, биз билан бирга. Қайсидир соҳада астойдил меҳнат қилаяпти. Меҳнатларига яраша эътироф этилаяпти. Давлатимизнинг турли масъул лавозимларида хизмат қилмоқда. Бундай мисолларга тожик, татар, турк каби яна кўплаб миллат вакилларини мисол қилишимиз мумкин. Уларнинг дини, урф-одати ҳурмат қилингани боис узоқ йиллардан буён халқимиз вакиллари билан аҳил яшаб келмоқда. Айниқса, шу пайтгача Ўзбекистонда яшаб фуқаролиги бўлмаган юртдошларимизга Шавкат Мирзиёев президентлигининг дастлабки беш йилида катта эътибор қаратилиб, фуқаролик берилишидан уларнинг кўкси тоғдек кўтарилди. Эндиликда улар юртимиз равнақи учун  сидқидилдан меҳнат қилиб, давлатимиз ривожланиши учун янада кўпроқ ҳисса қўшишга интилмоқдалар.

–Аммо дунёга назар ташлаганимизда урушлар, жангу-жадаллар, қарама-қаршиликлар, диний ва ирқий шаклдаги қонли тўқнашувлар инсонлар ўртасида диний бағрикенглик етишмаётганини англатиб турибди, –дейди тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Одилжон Эрназаров. – Шу нуқтаи назардан инсонлар ўртасида диний бағрикенгликни шакллантириш юқоридаги каби урушлар ва қарама-қаршиликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.  Диний бағрикенглик–сиз билан бир ҳудудда, бир жойда ишлаётган инсон, бошқа бир дин вакилининг ҳам  сиз билан тенгҳуқуқли эканини тушуниш, у билан фикрингиз бир хил бўлмаган тақдирда ҳам унинг қарашларини сабр билан тинглаш ва ҳурмат қилишдир.  Қаердаки диний бағрикенглик яхши ривожланса, ўша ўлкада турли диний ва ирқий низолар, келишмовчиликлар кузатилмайди, камаяди. Шу боис мен барчани тарихан бағрикенликнинг реал мисолларини кўрсатишга бой бўлган ўлкамизга, аждодларимизга муносиб бўлишга, ўзаро ҳамжиҳат бўлишга чорлаб қоламан.

Зебо НАМОЗОВА