«ФАЙЗИОБОД»ГА ФАЙЗ КИРИБ, «ЯШНАБОД» ЯШНАЙДИМИ?

9872

Ёхуд реклама фаолияти қачон тартибга солинади?

Кўчанинг пиёдалар йўлаги яқин жойларига ўнлаб реклама жойлаштириш учун қўлбола мосламалар ўрнатилган. Хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари пештоқидаги ва реклама мосламаларидаги «Metal city», «Кованные материали», «Замена масла» ёзувларини кўриб, ўзингизни гўёки ўзга юртга бориб қолгандай ҳис этасиз.
Бораверишда «Оптом vino-vodka», «Прохладительное напитки» ёзувлари битилган рек­лама баннери пиёдалар йўлагига тақаб ўрнатилган. Ундан ўн-ўн беш қадам наридаги пештоқига «VINO-VODKA» деб ёзилган савдо дўконига кирдим. Ичкарида ўрта ёшлардаги бир киши чой ичиб ўтирибди, яна бир аёл дўконни тозалаяпти.
– Дўкон манзилини айта олмайсизми?
– Ака, билмайман, биз уни ижарага олганмиз. Магазинимизнинг асосий офиси бош­­қа жойда.
– Кимдан сўрасак бўлади?
– Дўкон Эркин ака хонадонининг бир қисмида жойлашган, ундан сўрасангиз, айтади.
Эркин аканинг дарвозаси очиқ экан. Автомобилларни созлаш жойига ўхшаш кираверишда бир нечта носоз машина турибди. Эркин акани чақирдим. Тахминан беш дақиқа ичида бир неча бор баланд овозда чақиришимга жавобан итнинг вовуллаши эшитилди, холос…
Йўлнинг нариги тарафида «Яшнабод» кўчаси бор. Унда ҳам дўконлар ва хизмат кўрсатиш шохобчалари номи «Ремонт битовой техники», «Шрот, шелуха, комбикорм, отруби, янчмень, зерно, кукуруза», «­Ателье мод» деб қайд этилган. Ҳар жой-ҳар жойда «Мы открылис», «Автомойка» сингари реклама мосламаларини кўрасиз.
Бу пойтахтдан Тошкент вилояти марказига борувчи асосий йўлнинг бир қисмида кўрганларимдан бир шингили. Агар Нурафшонга етгунча йўлнинг икки тарафидаги бундай тартибсиз ва ўзбошимчалик билан ўрнатилган реклама мосламаларини кўрсангиз, ўзингизни Россиянинг чекка бир қишлоғида юргандай ҳис этган бўлардингиз…
Спиртли ичимликлар рекламаси қонунан тақиқланганини Монополияга қарши курашиш қўмитаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Шерзод Муҳамадалиев жуда яхши билади. Аммо… Шу йил 18 октябрда унга қўнғироқ қилиб, Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан биридаги давлат ҳамда жамият манфаатларига зиён етказувчи, жангарилик ва беҳаёликни тарғиб қилувчи ташқи рек­ламалар умумэътироф этилган ахлоқ ва маънавият меъёрлари ҳамда талабларига мос келиш-келмаслигини аниқлаш мақсадида мурожаат қилдим. «Агар бирорта вакилингизни ажратсангиз, ўша жойга бирга бораман», дедим.
Хушмуомала бошқарма бошлиғи ҳадемай йиғилиш бошланишини, у тугагандан сўнг алоқага чиқишини ва албатта ходим беришини айт­­ди. Орадан бир неча соат ўтгач, келишилгандек, телефон қилдим. Афсус, бу сафар у «Агар масалани тезкорлик билан ҳал қилиш лозим бўлса, Давлат хизматлари агентлигининг 1148 ишончли рақамига қўнғироқ қилишимни маслаҳат берди. Шерзод Муҳамадалиев ўз ваколати доирасидаги масалани ҳал қилиш ўрнига менга бошқа «узоқроқ йўл»ни таклиф қилганини кейин тушундим. 1148 рақамли телефонга қўнғироқ қилувчилар жуда кўп экан. Ўн беш дақиқага яқин кутдим. Телефон қулоғимда, оператор ҳар дақиқада нечанчи навбатдаги қўнғироққа жавоб берилаётгани-ю қанча дақиқа кутишим кераклиги хусусида хабар бериб турди. Ниҳоят, галим келди, 1-операторга муддаомни айтиб, мурожаат қолдирдим.
Орадан уч кун ўтгач, агентлик Монополияга қарши курашиш қўмитасига 416-1064-сонли хат йўллаб, менинг Тошкент шаҳри марказий кўчасида реклама фаолияти тартибга солинмаганидан норози бўлиб йўллаган шикоятим «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 25-моддасига асосан юборилганини билдирди. Уни белгиланган тартибда ва муддатда ўрганиб чиқиб, муаллифга асослантирилган жавоб хати юборишни сўради. Расмий хатнинг бир нусхаси имзо қўйилган санадан икки кун ўтгач, менга почта орқали етказилди.
Шу тариқа реклама соҳасидаги қонунбузарликларни аниқлаб, бартараф этиш зарур бўлган масалага қўмита мутасаддиларининг муносабатидаги сансалорлик ва қоғозбозликнинг гувоҳи бўлдим.

Менимча, юқорида тилга олинган воқеа Тошкент вилояти, туман ва шаҳар ҳокимликларидаги ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқини берувчи йиғимларни ундириб, маҳаллий бюджетга йўналтиришга жавобгар ходимлар ва масъуллари ўз вазифаларига панжа орасидан қараб, лоқайдликка йўл қўйишаётганининг исботи бўла олади. Албатта, бу шахсий фикримиз. Аниқ жавобни эса мутасаддилардан кутиб қоламиз…

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
«Ishonch»