Халқ таълими вазирлиги эътиборига! ЯНА… ДАРСЛИКЛАР МУАММОСИ

700

2017-2018 ўқув йилида матбуот мактабларда дарсликлар етишмаётгани ҳақида бонг урди. Шунда Халқ таълими вазирлиги масъули янги ўқув дастурлари яратилгани ва дарсликларни унга мослаштириш учун вақт кетгани ҳисобига, шунингдек, 11 йиллик таълимга ўтилиши муносабати билан дарсликлар етишмовчилиги бўлганини изоҳлади.

Ўтган йили ҳам шу ҳолат такрорланди. Бу сафар масъуллар пандемияни сабаб қилиб кўрсатишди.
Майли, бу ҳолатларни тушуниш мумкиндир. Аммо бу йил-чи, бу йил ҳам ушбу анъана давом этганига нима дейсиз?
Мана, ноябрь ойи ҳам ўтиб бормоқда. Айрим мактабларга дарслик ва ўқув қўлланмалари етиб келмагани ҳақида гап-сўзлар бўлмоқда.
– Иккинчи синф дарслиги бу йил янги миллий дастурга асосан қайтадан тайёрлангани боис кечикаётган экан, аммо 4-синфларда ҳам дарс­ликлар етишмовчилиги кузатиляпти, – ­дейди Мир­обод туманидаги мактаблардан бирида ишлаётган ­бошланғич синф ўқитувчиси Нафиса Ҳожимуродова (илтимосларга кўра, мақолада исм-шарифлар ўзгартирилган). – Биз эса ота-оналарга қандай тушунтиришни билмай ҳайронмиз.
– Фарзандим Учкўприк туманидаги мактаблардан бирида, 7-синфда ўқийди, – дейди Шоҳида Сувонова. – бу йил уларга 12-13 та фан ўқитилар экан. Мактаб шу фанлардан 6 тасининг дарслигини зўрға топиб берди. Қолганлари йўқ. Шундай ҳолатни Қува, ­Тошлоқ, Данғара тумани ва Фарғона шаҳрида яшаётган ота-оналардан ҳам эшитдим. Бу аҳволда фарзандим каби китобсиз ўқиётган болаларнинг келажаги нима бўлади? Дарсликсиз ўтган ҳар бир кунни ортга қайтариб бўлмайди. Бу – болалар келажагига хиёнат-ку!
ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Халқ таълими вазирлиги, ҳақиқатан ҳам, дарсликлар етишмовчилиги кузатилаётгани ва унинг сабаб­ларини айтиб, тушунтириш бермоқда. Хусусан, бу ҳолатни миллий ўқув ­дастурларининг янгиланиши билан боғламоқда.
Шу ўринда мулоҳаза туғилади. Агар янги миллий дастур асосида дарсликлар чиқариш шунчалик «қиммат»га тушаётган ва ўқувчиларнинг бир чорак китобсиз қолишига сабаб бўлаётган бўлса, улар эски дастур асосида чиқариб турилса бўлмайдими? Бу ҳол ҳозирги ўқувчиларнинг китобсиз қолишидан яхшироқ-ку ахир!
Қолаверса, 1-синф дарсликлари ҳар йили, 2- ва 4-синф ўқувчилари дарсликлари ҳар 3 йилда бир марта, 5- ва 9-синф дарсликлари 4 йилда қайта нашр этилади. Кўпинча қайта нашр этилиш навбати келган дарсликлар ўз вақтида чоп этилмасдан, ўша синфда ўқиётган ўқувчиларнинг қанчадир қисмига етиб бормайди. Иккинчидан, ўқув йилининг бош­ланишига етказиб бериш ҳаракатида дарсликлар билан шуғулланувчи ­республика таълим марказида ҳам дарслик тузиш, чоп этиш бўйи­­ча шошма-шошарлик ҳолатлари юзага келади. Ваҳоланки, дарсликни бу тахлит яратиб бўлмайди.
Маълумотларда қайд этилишича, 2017-2019 йиллар давомида давлат бюджети ва мақсадли китоб жамғармаси маблағларидан 307 миллиард сўм эвазига 98 миллион нусхада дарс­лик чоп этилган.
Бу – озмунча маблағ эмас. Шу сабаб ижтимоий тармоқларда дарсликларнинг тез-тез янгиланиши «бюджет маблағларини совуриш» сифатида кўрсатилмоқда. Шундай экан, дарсликларни чоп этиш даврийлиги орасидаги муддатни бироз чўзиш, 1-синф дарслик­ларини ҳар йили чоп этиш масаласи ҳам кўриб чиқилса, айни муддао бўларди. Натижада дарслик чоп этишда кечикиш ҳолатларига барҳам берилади. Маблағ тежалиб, педагоглар маошини ошириш имкони юзага келади.
Яна бир жиҳат. Бу йилги 2-синф дарслигида «Она тили» ва «Ўқиш» фанлари битта дарслик сифатида ишлаб чиқилган. Хўш, бунга ўқитувчиларнинг фикри қандай?
– Ўтган йили ўқиш ва она тили фанлари 1 соатдан қисқарганди, – дейди бош­ланғич синф ўқитувчиси Маҳфуза Жўраева. – Бу йил эса шу икки фан учун дарс­лик битта қилинди. Тўғри, хорижда шундай деб эшитганмиз. Аммо бизга бу йил ­дарсликда шундай янгилик бўлаётгани ҳақида на анъанавий август кенгашларида, на бирор семинарда айтишгани, ушбу дарсликдан қандай фойдаланиш ҳақида тушунча, маълумот берилгани йўқ. Ҳамма иккинчи синф ўқитувчилари бир-биримиздан «Уни қандай тушунтирдингиз, буни қандай ўтамиз экан?», деб сўраб юрибмиз. Дарсликдан фойдаланишда эса қийналяпмиз. Сабаби, унда қайси жойи она тилига, қайси жойи ўқишга мўлжалланганини фарқлаш қийин. Ўқиш учун берилган матнлар жуда кам. Бу шароитда болалар уйда нимани ўқишади? Одатда, биз ўқиш фанидан бир матн ўтардик, уни бола уйида қайта ўқиб келарди. Ҳозирги дарсликда эса матнлар асосан «Аудио шаклда тинг­ланг» ­дейилгани боис улар кўпроқ аудио ҳолатда берилган. Аммо диски ҳали етиб келмади. Ўзимиз телеграм гуруҳларидан олиб, телефонимизда ёки телевизорда матнни болаларга эшиттир­япмиз. Телефондаги аудиоматн бутун синфга яхши эшитилмайди. Бизда-ку, телевизор бор, аммо телевизори йўқ қишлоқ ва туман мактаб ўқитувчилари нима қилади? Дарсга келмаган бола-чи, у мавзуни қаерда тинглайди? Аудиоматнли янгилик киритилгани ёмон эмас, аммо бунга ҳар томонлама шароит етарли бўлиши керак.
– Илгарилари она тилидан маълум ўзгармас ­қоидалар ўргатиларди болаларга. Бу китобда эса қоидалар йўқ, – ­дей­ди Гуллола Асилбекова. – Дарсликда матнларнинг камлиги ўқувчиларнинг тез ўқиш кўникмасини ҳам тушириб юборади, фарзанд­ларимиз саводхонлиги пасайишига олиб келади. Китоб уйда бола ўз устида мустақил ўқиб-ўрганишига хизмат қилмайди. Бунинг устига, барча 2-синф дарслик­ларининг ҳажми катталиги боис парта устига қўйиб фойдаланиш учун ноқулай. Боланинг сумкаси оғир бўлиб кетаётганидан ота-­оналар шикоят қилишди.
Ушбу педагогларнинг ­фикрларини улардан сўнг суҳбатда бўлган бошқа амалиётчи ўқитувчилар ҳам такрорлагач, Респуб­лика таълим маркази матбуот котиби билан боғланиб, дарслик муаллифлари ҳақида маълумот олганимизда муаллифлар орасида айни вақтда мактабда ишлаётган амалиётчи ўқитувчи йўқлигига амин бўлдик.
Тўғри, муаллифлар олим, уларнинг билим ва тажрибасига шубҳа йўқ. Аммо мактаб ўқувчисига нима ёқишини, қайси мавзуни қандай усулда етказиш қизиқлигини амалда педагог бўлиб ишлаётган моҳир мутахассисдан кўра яхшироқ биладигани бўлмаса керак.
Шу боис муаллифлар гуруҳининг ҳеч бўлмаганда 50 фоизи амалиётчи ўқитувчилардан иборат бўлиши керак, назаримизда. Эҳтимол, муаллифлар орасида айни пайтда мактабда ишлаётган амалиётчилар бўлганида, юқоридаги бошланғич синф ўқитувчиларининг дарслик ҳақидаги фикрлари ҳам бош­қачароқ бўлармиди?
Нима бўлганда ҳам, бу бизнинг мулоҳазаларимиз, таклифларимиз. Яна бошқаларнинг, хусусан, педагогларнинг, қолаверса, дарслик муаллифларининг муносабатини, фикрларини ҳам кутамиз.
Зеро, ёш авлоднинг мукаммал таълим олиши биз учун барча муаммолардан устун. Ахир Учинчи Ренессансни улар яратишади. Тўғри эмасми?

ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Халқ таълими вазирлиги, ҳақиқатан ҳам, дарсликлар етишмовчилиги кузатилаётгани ва унинг сабаб­ларини айтиб, тушунтириш бермоқда. Хусусан, бу ҳолатни миллий ўқув дастурларининг янгиланиши билан боғламоқда.
Шу ўринда мулоҳаза туғилади. Агар янги миллий дастур асосида чиқариш шунчалик «қиммат»га тушаётган ва ўқувчиларнинг бир чорак китобсиз қолишига сабаб бўлаётган бўлса, дарс­лик эски ­дастур асосида чиқариб турилса, бўлмайдими? Бу ҳол ҳозирги ўқувчиларнинг китобсиз қолишидан яхшироқ-ку ахир!

Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»