Адабиёт шундай қудратли кучки, унинг сеҳри ва зиёсидан баҳраманд бўлган дилларда юксак инсоний туйғулар куртак очади. Улуғвор орзуларга, эзгу мақсадларга қанот, юракка шижоат, руҳиятга мадад бағишловчи омил ҳам бадиий ижоддир. Бу қудратли кучнинг асл моҳияти, айниқса, «Ҳақиқий ватанпарварларни адабиёт тарбиялайди», деган пурмаъно сўзлар замирида яққол намоён бўлади.
Ижод мўъжизасининг ўзига хос кашфиётларини Ўзбекистон халқ шоири, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби Анвар Обиджон тимсолида кўриш мумкин. Азал-азалдан халқимизга улуғ даҳоларни ва буюк адабиёт пешволарини етказиб берган Фарғона замини шоир ўғлини ҳамиша бошида тутди, унинг ёзганларини, китоб шаклидаги дурдоналарини севди, бебаҳо мулк сифатида ардоқлади.
Зеро, ўзининг рангин, фикрчан ва жозибали асарлари билан ўзбек фарзандларига юртни севишни, ардоқлашни, тафаккур қилишни ўргатган миллатпарвар шоир, ўзбек болалар адабиётининг нодир вакили Анвар Обиджон шу элдан, шу юрт болаларидан илҳом олди. Йиллар давомида наинки шеърларини, ҳатто китобларини ҳам ёддан биладиган минглаб зукко ихлосмандлар орттирди, миллатнинг ҳақиқий шоири, адиби, публицисти бўла олди.
Унинг ижоди ҳақида гап очилганда, адабиётшунос олимларнинг «Ҳар бир ижодкор қайсидир маънода адабиётда кашфиёт яратади. Оҳорли сўз, оҳорли қофия ҳам ўзига хос янгилик. Шу нуқтаи назардан қараганда, Анвар Обиджоннинг ижоди бошдан-оёқ кашфиёт, бу борада уни ҳеч ким билан таққослаб бўлмайди», деган ҳақли сўзларини эслаш жоиз.
Шоир билан суҳбатдош ва дилдош бўлган зиёлилар уни бирдай ҳурмат-эҳтиром билан эслашади. Анвар Обиджоннинг ҳаммани кулдираётиб ҳам тубида ҳазинлик мавжуд нигоҳларидан ҳамиша самимият, меҳр уфуриб туришини, у ҳар доим ўз ҳаётидан, фарзанду набираларидан, оиласидан, тақдиридан ва шоирлик қисматидан рози эканлигини англаш қийин эмасди. Шоир ҳаёт ва мангулик, муҳаббат ва айрилиқ, меҳр ва хиёнат, самимият ва ёмонлик, ҳақиқат ва жамият оралиғида ўтган кунлари, учратган одамларидан бирон марта норози бўлмаганининг ўзи катта ибрат аслида!
Анвар Обиджон умр бўйи шеърни ардоқлади, чин адабиётни катта муҳаббат билан севди. Буни баландпарвоз сўзлар билан айтмади, лекин унга фидойи бўлишни ҳаётининг мазмуни деб билди. Миллатсевар, фидойи адиб, донишманд устоз сифатида турмуш йўллари ва ижод сўқмоқларида дуч келган машаққатларни, бўҳтону фитналарни мардона енгиб ўтган, ёниқ ижод қилишни энг муҳим ҳаётий аъмол деб билган бу улуғ инсоннинг асарлари ҳамон руҳий таскин, катта маънавий тарбиячи вазифасини ўтаётгани сабаби ҳам шундадир. Унинг ҳар бир сўзи, эрта оқарган сочлари, нуроний юзи, синиқ табассуми, халқона мутойибалари – ҳамма-ҳаммасидан латиф хокисорлик, она юртга чинакам фарзандлик қиёфаси яққол кўриниб туради. Ўзбек адабиётининг боласевар шоири дунёни кичкинтойлар кўзи ва юраги билан танигани, мушоҳада қила олгани ҳам ўзига хос фазилатдир. «Болакайлар, кечиринг, Айтолмайман у ёғин. Чунки авторучкамнинг Тугаб қолди сиёҳи», дея жилмайиб турган шоирнинг руҳи ҳамон тирик, сўзи ҳамон уйғоқ, ҳамон ардоқли.
Анвар Обиджон ижодий фаолияти давомида «Она Ер», «Эй, ёруғ дунё…», «Оловжон ва унинг дўстлари», «Безгакшамол», «Масхарабоз бола», «Аканг қарағай Гулмат», «Жуда қизиқ воқеа», «Олтин юракли Автобола», «Даҳшатли Мешполвон», «Ерликлар», «Аламазон ва Гулмат ҳангомаси», «Мешполвоннинг жанглари», «Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғри», «Аламазон ва Гулмат», «Олтиариқ ҳангомалари», «Ўқ ўтмас болакай», «Танланган шеърлар», «Баҳромнинг ҳикояси», «Ширин туш», «Ғалати мактублар», «Сайланма» сингари олтмишдан ортиқ китоб яратди. Улар нафақат ўзбек халқи, балки дунё китобхонлари томонидан ҳам катта қизиқиш билан ўқилди ва ҳамон ўқилмоқда.
Серқирра ижодкор публицистика жанри ривожига ҳам салмоқли ҳисса қўшди. Адибнинг турли даврларда битилган кўплаб мақола, очерк ва эсселари энг долзарб мавзуларга бағишлангани, йирик ижтимоий масалаларга оид фикрларга бойлиги, айни чоғда, холисона ёзилгани билан ўқувчилар қалбини забт этган, унинг ижодига нисбатан қизиқиш уйғотган, десак асло муболаға бўлмайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижодкор зиёлилар билан бўлган анжуманда адибларимизни жойларда бўлаётган юксалишлар, замонамиз қаҳрамонларига айланаётган фидойи инсонлар ҳаёти ҳақида асарлар яратишга ундаган эди. Бундан руҳланган Анвар Обиджон ўзи туғилиб ўсган вилоятда рўй бераётган ўзгаришлар, одамлар кайфиятидаги кўтаринкиликлар ҳақида «Фарғоналиклар» асарини ёзди. Устоз Эркин Воҳидов билан ғойибона суҳбат шаклида яратилган бу китоб, гарчи 20 та мустақил бадиа-эсседан иборат бўлса-да, моҳиятан азим Фарғона, бунёдкор ва ҳаётсевар, меҳнаткаш ва ташаббускор фарғоналикларнинг сурату сийратини ўзида мужассам этган яхлит асар сифатида кишида катта таассурот қолдиради. Адибнинг ёзиш услуби, ўқувчини ўзига жуда яқин тутиб сўз айтиши, эзгу ишлардан ҳайратини юксак маҳорат ила баён этиши сизни мутолаанинг сўнггига қадар китобга боғлаб туради.
Ўзининг таъбири билан айтганда, Кўҳна Марғилондаги фусункор боғнинг кираверишидаги қуйма курсига ястаниб, худди тирикдай, меҳрла термулиб турган устоз Эркин Воҳидовга юзланган кўйи ёзишни у ота макони Олтиариқдан бошлаган. Сўнгра қадами етган ҳар бир ҳудуднинг самарали одимлари ва одамлари ҳақида тўлқинланиб ҳикоя қилган. Фарғона бўйлаб сафари чоғи нефтни қайта ишлаш корхонаси, «Фарғонаазот», Қувасой цемент заводи, «Кварц», Қўқон механика заводи, Марғилон атласчилари, тўқимачилик, пойабзалчилик, пахта ва пиллани қайта ишлаш корхоналари, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолияти билан танишган. Минг-минглаб янги иш ўринлари яратилганини, вилоятнинг экспорт салоҳияти юксалаётганини фахр билан тилга олган.
Китобга олтиариқлик Қаҳрамон фермер Лолахон Муротова, тадбиркор Адҳамжон Абдураҳмонов, Ҳусанбой узумчи каби заҳматкаш инсонлар, Бектемир Мелиқўзиев, Достонбек Турсунов сингари таниқли спортчилар, Данғара, Фарғона, Бешариқ ва Қўштепа туманларидаги паррандабоқарлар, чорвадорлар, асаларичилар, ишлаб чиқариш илғорлари, балиқ етиштиришнинг ҳадисини олган ёзёвонликлар, Марғилоннинг шоҳи ипакка ўранган бугунги қиёфаси ҳақидаги бадиий лавҳалар жамланган. Бемалол айтишимиз мумкинки, тўплам адибнинг киндик қони томган масканга чексиз меҳрининг яна бир ифодаси ҳам бўлиб қолди.
Шоирнинг:
Яратмоқ, курашда малҳамдир сабр,
Фароғат сари йўл азал сержабр,
Бу юртга ишқини, ҳар неки давр
Қалбидан юлмади фарғоналиклар
деган сатрлари шу юрт фарзандининг ўзи туғилиб ўсган жойга, унинг қадри баланд одамларига муҳаббати ила қалбингиздан жой олади.
Дарвоқе, адабиёт – буюк маъво. У ўзига талпинган, суянган ва сидқидилдан хизмат қилган қалам соҳибини ҳамиша бағрида асрайди, унинг юзи эл ва сўз олдида ёруғ бўлишига вобасталик қилади. Анвар Обиджонга ҳам ана шундай юзи ёруғлик, катта-ю кичик китобхонга суюклилик бахти насиб этди. Айни кезларда унинг хотирасини абадийлаштириш, мазмунли ижодига барҳаётлик бахш этиш ишлари бутун республикамизда, хусусан, донишманд шоирни вояга етказган Фарғонада ҳам кенг қулоч ёяётгани ғоят қувончли воқеадир!
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори, профессор
