Янги қонундан кейин: мактаб формасига бўлган талаб қандай бўлмоқда?

1193

     Яқинда “Rew” тадқиқот маркази дунёнинг 200га яқин мамалакатида кийиниш бўйича чекловлар борасида тадқиқот ўтказди. Тадқиқотда 2016-2018- йиллар ўрганилди. Натижаларга кўра, дунёнинг 56 давлатида кишилар кийиниш борасида маълум бир қаршиликлар, таъқиблар ва таҳдидларга учрайди. Нафақат бирор шаҳс, балки ҳукумат томонидан тазимли равишда таъқиблар ҳам кузатилган.

  Аниқ рақамларларда айтилса, 56 мамлакатнинг 42 тасида жуда диний кийингани, хусусан, аёллар ҳижоб таққани учун қаршиликларга дуч келган. 19 та давлатда эса, аксинча, аёллар ҳижоб ўрамагани учун, дин талабидан келиб чиққан ҳолда кийинмагани учун танқид ва таҳдидларга дуч келишган. Яна бешта мамлакатда – Германия, Индонезия, Исроил, Россия, Ҳиндистонда ҳар икки кўринишдаги чекловлар кузатилган.  

Хўш, бугун Ўзбекистонда бу борадаги вазият қандай? Айниқса, мактаб формаси талаб этиладиган ҳолатда ҳижобли қизлар қандай йўл тутишмоқда? Шу каби саволларимизга жавоб бериш учун Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги бир қатор умумтаълим мактабларида сўровнома ўтказдик. Бу кичик тадқиқотдан маълум бўлишича, ҳар беш нафар ўқувчи қизларнинг учтаси ўқув даргоҳига ҳижобда келишни ёқлайди.

Ирода Мўминова, Техникага ихтисосолашган мактаб ўқувчиси:

–Оиламиз зиёлилар  оиласи. Оилада фақат мен ҳижоб ўрайман. Бу борада оиламда ҳеч қандай тўсиққа учраганим йўқ, аммо мактабда бироз муаммоларга дуч келганим рост. Масалан, ҳижобни ҳам ўраш қоидаси, ўз тутуми бор, лекин бизга, яъни мактаб раҳбарияти томонидан рўмолни орқага ўраш талаби қўйилди. Томоқнинг очиқ қоладиган қисмига эса водолазка кийимини тортиб кийиш тавсия этилди.

Одина  Шарипова, 12-умумтаълим мактабининг  9-синф ўқувчиси:

–Тўғри, мактаб раҳбарияти бизнинг бу қарашларимизга дахл қилишмайди-ю, аммо уларнинг бизга қўйган талаблари ҳижоб кийиш талабларига тўғри келмайди. Ибодатлар вақти дарс ва сабоқлар вақтига тўғри келганлиги учун биз буни уй шароитида амалга оширамиз, албатта.

Дадахон Қурбонов, Олмалиқ шаҳридаги 12-умутаълим мактаби  директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари:

–Ўзбекистон қадимдан турли миллат ва элат ҳамда конфессия вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, ўз диний ибодат ва расм-русумларини эмин-эркин бажариб келган  бағрикенг диёр сифатида қадрланади. Мамлакатимизнинг ушбу йўналишда олиб бораётган изчил сиёсати халқимиз ва жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда.

Юртимизда виждон эркинлигини таъминлаш ҳар доим устувор вазифалардан бири бўлиб келган. Шу боис, парламентимиз томонидан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

Мактабга диний либосда келаётган қизларга кўрсатма бериш бизнинг касбий бурчимиз саналади. Шу маънода бир фикрни айтиб ўтишни лозим топдим. Яъни, баъзи бир қизлар чин эътиқод нуқтаи назаридан ўранган бўлса, айрим қизларимиз эса “мода” дея ҳижобга кирган.

Қонунчилик палатаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини (янги таҳрирда) қабул қилди. Ҳужжат фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўймаслик талабини бекор қилишни назарда тутади.

Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1841-моддасига мувофиқ, (1998 йилда киритилган) Ўзбекистон фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўларди.

Янги таҳрирдаги қонун  қабул қилинганидан сўнг умумтаълим мактаблари, коллежлар, турли ўқув юртларида уларнинг йўналишидан қатъий назар, хотин-қизларнинг ҳижоб ўраши сезиларли даражада кўпайди, дейиш мумкин. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, давлат ташкилотларида фаолият юритаётган хотин-қизларга нисбатан ўқувчи ёки талаба қизлар ўртасида ҳижоб кийганлар кўпчиликни ташкил этади…

Афсуски, ўранган аёллар иш сўраб келганларида уларга кўп ҳолатларда   рад жавоби берилади. Бу ошкора этилмайдию, аммо оғзаки суҳбатлардан маълум бўлади.

Яқин кунларда Наманган вилояти Мингбулоқ туманидаги мактабда ўқувчи қизлар ҳижобда бўлгани учун рус тили фанидан имтиҳонга киритилмагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бу ҳолатга Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати котиби муносабат билдирганди. Унга кўра, мактаб тўғри талаб қилган. Ўқувчи нафақат рус тили фани имтиҳони, бошқа фан имтиҳонларигаям мактаб формасида келиши кераклиги, «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори борлигини таъкидлаган. Аммо, шу қарор низомининг учинчи бобида «қизлар сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишларига йўл қўйилмайди» – деб ҳам белгилаб қўйилган. Бироқ ўқувчи қизлар сочини ёрқин рангларга бўяб, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилиб келган ҳолларда имтиҳонга киритилмаган ҳолатни ҳеч кўрмадик. Лекин биз кўраётган мактаб ёшидаги қизлар аксар ҳолларда мактабда сочини ёрқин рангларга бўяб, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилиб юрибди-ю бунга кўпчилик кўз юммоқда. Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби низомнинг бу қисмини оддий ҳол деб қараб, асосий урғуни мактаб формасига бериши қизиқ.

…Фикримизча, биз юртимиздаги катта муаммоларни яқин йиллар ичида ҳал қилишимиз қийин. Чунки ҳамон мактаблардаги таълим сифати, яна бошқа улкан ғоялар қолиб, кичик муаммолар, кийиб-бош масаласи атрофида айланиб юрар эканмиз, улкан янгиликларга қодир авлодни қандай шакллантирамиз? Зеро, «Одамларни эмас, ғояларни муҳокама қиладиган жамиятнинг эртаси бордир» деганида Мари Кюри нақадар хақли эди.

Дилафруз ЭГАМБЕРДИЕВА