Шу йил 7-17 декабрь кунлари юртимиз илк бор оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади
Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози, «Меҳнат шуҳрати» ҳамда биринчи даражали «Соғлом авлод» орденлари соҳиби Шаҳрулло Маҳмудов билан мазкур йирик нуфузли мусобақага тайёргарлик жараёнлари ҳақида суҳбатлашдик.
– 2005 йилдан буён оғир атлетика бўйича мамлакатимизда 15 та халқаро мусобақа ўтди, – дея сўз бошлади Шаҳрулло ака. – Албатта, бу мусобақалар Ватанимизни дунёга янада кенг танитди. Чунки мусобақалар давомида хорижлик спортчи, мураббий ва меҳмонларга пойтахтимиз Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари, қадимий Самарқанд, Хива, Бухоро шаҳарларидаги тарихий обидалар ҳақида сўзлаб, тарғибот-ташвиқот қиламиз. Ва табиийки, меҳмонларнинг ҳеч бўлмаганда 10 фоизи бу тарихий шаҳарларимизни бориб кўришади. Улар ўз юртларига Ўзбекистон ҳақида бир олам таассуротлар билан қайтишади.
Мамлакатимизда оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида жаҳон биринчилиги, Осиё чемпионатлари ўтказилган. Аммо катталар ўртасидаги мундиалга илк бор мезбонлик қилинмоқда. Ваҳоланки, жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳар қандай давлатга ҳам ишониб топширилавермайди. Унинг ўзига хос жиддий талаблари бор.
Бу нуфузли мусобақага дунёнинг 90 дан ошиқ давлатидан 1150 нафар спортчи ва мураббий, халқаро ва миллий федерациялар раҳбарлари келиши кутилмоқда. Жаҳоннинг энг кучли спортчилари ўн кун давомида Тошкентдаги «Универсал» спорт мажмуасида ғолиблик учун беллашишади. Жаҳон чемпионатида юртимизнинг энг кучли оғир атлетикачилари билан бир қаторда, иқтидорли ёшларимиз ҳам ўз омадларини синаб кўришади.
– Нуфузли мусобақага қандай ҳозирлик кўрилмоқда?
– Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар жаҳон чемпионатини юқори савияда ўтказиш учун қизғин иш олиб бормоқда.
Токио Олимпиадаси тугаши билан Баҳром Мендибоев бошчилигидаги Жўрабек Зоиров, Нурулло Тоғаев ва Фарҳод Мирзажоновдан иборат мураббийлар жамоаси спортчиларимизни жаҳон чемпионатига тайёрлашмоқда. Машғулотлар уч ой давомида Чирчиқдаги базада ўтди. Шунингдек, Туркия ва Украинада ҳам ўқув-машғулотлар ташкил этилди. Тайёргарликнинг якуний босқичи яна Чирчиқда ўтади.
– 2019 йили Таиландда ўтказилган жаҳон чемпионатида Акбар Жўраев кумуш, Адҳам Эргашев ва Муаттар Набиева бронза медалини қўлга киритган эди. Ўз юртимизда ўтадиган мусобақада натижалар янада яхшиланиши мумкинми?
– Албатта. Мезбонликнинг ўзига яраша масъулияти бор. Спортчиларимиз ўз яқинлари, мухлислари кўз ўнгида тош кўтаришади. Ҳаяжон, босим бўлиши табиий. Бу гал Муаттар Набиева мусобақада қатнашмайди. У турмушга чиқди.
Бироқ Руслан Нуриддинов, Адҳам Эргашев, касаба уюшма спорти юлдузлари Акбар Жўраев, Кумушхон Файзуллаева, Турсуной Жабборова, ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Қурбонмурод Намозов, иқтидорли спортчиларимиз Сарварбек Зафаржонов, Муҳаммадқодир Тоштемиров ва бошқалардан умидимиз катта.
Мусобақада фойдаланиш учун Туркиянинг жаҳонга машҳур «WERKSAN» компаниясининг спорт жиҳозлари келтирилади. Баҳслар якунига етгач, бу жиҳозлар оғир атлетикани ривожлантириш учун вилоятларга берилади. Чемпионат дунёнинг энг машҳур телеканаллари орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилади. Хуллас, тайёргарлик қизғин.
Мазкур мусобақада Олимпия чемпионларимиз Руслан Нуриддинов ҳамда Акбар Жўраев 109 кг. вазн тоифасида иштирок этишади. Яъни, улар бир-бирига рақиблик ҳам қилишади.
– Медаллар учун курашда қайси давлат вакиллари бизга асосий рақобатчи бўлиши мумкин?
– Албатта, ҳар бир мамлакатдан энг кучли полвонлар келишади, уларнинг ҳар бири ғолиблик учун астойдил курашади. Айниқса, Хитой, Россия, АҚШ, Туркия, Қозоғистон ва Эрон спортчилари кучли.
– Мазмунли суҳбат учун ташаккур. Шогирдларингиздан энг юқори натижаларни кутиб қоламиз.
Акмал АБДИЕВ,
«ISHONCH»



