Ёднома
Кўҳна дунёнинг ақл бовар қилмас тилсимлари кўп. Масалан, ҳаво очиқ тунда самога боқсангиз, барча юлдузлар бирдай порлаб турганини кўрасиз. Аслида-чи?..
Улардан айримлари аллақачон сўнган бўлса-да, ўзидан нур таратаверади. Менимча, баъзи марҳумлар қисмати ҳам юлдузларникига ўхшайди. Улар, гарчи орамизда жисман йўқ эсалар-да, ҳаётлигида одамларга қилган яхшиликлари ва эзгу амаллари халқ ёдида яшайверади.
Мабодо истеъдодли адиб ёки санъаткор бўлган бўлса, яратган асарлари ва куй-қўшиқлари одамларга хизмат қилиб, завқ улашаверади. Шубҳасиз, Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Ҳайдаров ҳам ўзидан яхши ном, ўлмас қўшиқлар ва ширин хотиралар қолдириб кетган ана шундай ажойиб инсонлардан бири эди.
Бундан ўттиз етти йилча муқаддам “Тошкент ҳақиқати” газетасида ишлардим. Авжи баҳорда уйланадиган бўлдим. Тўй куни белгиланган, бироқ ҳали санъаткорлар айтилмаганди. Айнан ўша кезлар Фарғона вилояти филармонияси бадиий жамоаси гастроль сафари билан пойтахтга келди. Унинг сафида элга анча танилиб қолган умидли лирик хонанда Нуриддин Ҳайдаров ҳам бор эди. Қўққисдан хаёлимга “Хизматга уни айтсам-чи?” деган фикр келди. Шу ниятда у қўнган меҳмонхонани топиб бордим. Ўзимни таништириб, муддаомни айтдим.
– И-я, сиз Назармат ака билан бирга ишлайсизми? – деди Нуриддин газетамиз номини эшитиши биланоқ илкис жонланиб. Аммо жавобимни кутмай, ёнидаги ёш йигитларга изоҳ берди. – Назармат ака ажойиб шоир! Қўшиқлариям анча. – Сўнгра яна менга юзланди. – Агар тўйингизда у киши ҳам қатнашса, албатта, бораман. Шу баҳонада отахон билан танишиб, бир-иккита шеърини сўраб оламан…
У лафзида турди. Салкам 300 чақирим йўл босиб, гуруҳи билан Қувадан Бекободга келди. Бу хабарни эшитиб, ҳовлимиз нафақат меҳмонлар, балки Нуриддиннинг ашаддий мухлислари билан ҳам тўлиб кетди. Тўй зўр ўтди. У тўрт соатдан ортиқ тинмай куйлади. Кейин алламаҳалгача Назармат ака билан эски қадрдонлардек гурунглашиб ўтирди. Шу-шу мен ҳам Нуриддин билан дўстлашиб қолдим.
У 1957 йил 1 августда Оққўрғон туманида туғилганди. Муштдайлигидан санъатга қизиққан, турли тантана ва байрамларда Фахриддин Умаровнинг қўшиқларини айтишга одатланганди. Бешинчи синфга ўтган йили эса оила аъзолари билан бирга ота юрти – Қува туманидаги Акбаробод қишлоғига кўчиб борди. Шу ерда мактабни битиргач, собиқ Фарғона Давлат педагогика институтининг тарих факультети мусиқа бўлимига ўқишга кириб, Имяминжон Қирғизов ва Мухторжон Тешабоев каби устозлардан сабоқ ола бошлади.
Нуриддин илк бор 14 ёшида Ўзбекистон телевидениеси орқали ўзгалар ашуласини куйлаган бўлса, 21 ёшида “Замондош” кўрсатувида ўз қўшиқлари билан чиқди. Катта саҳнага эса дастлаб 1979 йили – ардоқли шоиримиз Абдулла Ориповнинг ижодий кечасида қадам қўйди. Ўша оқшом “Юлдузим”ни жўшиб куйлади. Янги тарона тугаши биланоқ залда гулдурос қарсаклар янгради.
Тез орада ёш хонанда эл назарига тушди, санъат том маънода унинг ҳаёти мазмунига айланди. Шунга кўра, институтни тугатиб, Фарғона вилояти филармониясига ишга кирди. Ушбу даргоҳда машҳур ҳофиз Таваккал Қодировдан миллий қўшиқчилик сир-асрорларини, санъаткор одоб-ахлоқини обдон ўрганди. 1993 йилдан эътиборан Ички ишлар вазирлигида ижодий фаолиятини давом эттирди. Умрининг поёнида эса Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи вазифасини бажарди. Лекин ҳеч қачон қўшиқ куйлашни канда қилмади. Соҳадаги самарали хизматлари эвазига “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” ва “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонлари билан тақдирланди. Шунингдек, “Она замин юлдузлари” фестивали совриндори бўлди. Аммо умри қисқа экан, ижоди айни гуллаб-яшнаган бир паллада – 47 ёшида юрак хасталиги туфайли вафот этди.
У ўзига хос соҳир овоз соҳиби, санъатнинг ҳақиқий фидойиси бўлиш билан бирга, юксак инсоний фазилатларга ҳам эга эди. Аввало, ўта камтар инсон эди. Одамларга эзгулик ва яхшилик қилишни доимий бурчи ҳисобларди. Имкон қадар ҳамманинг кўнглини олишга, мухлисларини ранжитмасликка интиларди. Айниқса, ўзи сингари ижодкор ва зиёлиларни беҳад қадрларди. Бировга ваъда берса, албатта, сўзи устидан чиқарди.
Табиийки, унинг ютуқларидан беҳад қувонган, гоҳида ортиқча изтироб чеккан кунлари ҳам кўп бўлган. Бир гал ғалати воқеа рўй берди. Машҳур хонандаларидан бири республика газетасида “Қўшиқ тақлидчилиги – иллат!” сарлавҳали мақола чоп эттирди. Унда ҳақиқий тақлидчилар бир четда қолиб, негадир айнан ўзининг ҳамюрти ҳисобланмиш Нуриддин Ҳайдаровни нишонга олди. “У фалончининг нақ ўзи бўлиб куйлайди, ашулалари бир чақага арзимайди”, деган мазмунда писанда қилди. Ҳолбуки, бу пайтда Нуриддин ўз овози ва ўз услубига эга санъаткорга айланган, шахсий қўшиқлари анча кўпайган, халқ орасида обрўси баланд эди. Танқидчи негадир булар ҳақида тўхталмаган, фақат унинг аввалроқ устозлари усулида айтган бир-иккита қўшиғини қоралаганди.
Турган гап, ногаҳон панадан отилган тош ёш хонандага қаттиқ таъсир қилди. У юрагига заҳарли ўқдек санчилган ноўрин танқиддан қаттиқ гангиб қолди. Назарида, устозлари ишончини оқлолмагандай, мухлислар меҳрини қозонолмагандай, ҳамма унинг устидан кулаётгандай туюлди. Алалоқибат, кайфияти бузилиб, анча вақт одамлар кўзига кўринмай юрди. Ҳатто, бир муддат ижоддан кўнгли совиди. Хайриятки, иродаси мустаҳкам экан. Бора-бора ўзини ўнглаб олди. Олдинги қўшиқларига қайтадан сайқал бериб, янги-янгиларини яратди. Ижодий бисотини айрича оҳанг, айрича жозибага эга юзга яқин ранг-баранг қўшиқ билан бойитди. Мен у бемаврид таъна-маломатларга қандай дош бергани, ўзини отарчига менгзаган “башоратчи”нинг гумонларини қай тариқа чиппакка чиқаргани ҳақида мақола ёзиб, ўзим ишлаётган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилдим.
Энг муҳими, Нуриддин баъзи “юлдуз”ларга ўхшаб ўзига ортиқча бино қўймаганди. Кимки иши тушиб ёки хизматга айтиб келса, унинг истагини албатта бажо келтириш пайида бўларди. Айниқса, дўстларидан меҳр-садоқатини аямасди. Масалан, анча йиллар бурун унга бировларнинг касофати уриб қамалиб қолган собиқ синфдошидан хат келади.
“Нуриддин, мени кечир, – деб бошланарди мактуб. – Тунов куни “зона”дагиларга оқибатини ўйламай, мақтаниб қўйибман. “Яралмиш” деган қўшиғингни радиодан эшитаётиб, “Бу йигит қадрдоним бўлади”, деб юборибман. Ишониш қайда? Қайтага масхаралаб устимдан роса кулишди. “Қачонлардир бирга ўқиган бўлса, бордир, энди сендан юз ўгиргани тайин. Ахир, у эл кўзида юрган одам, сен-чи?.. Сен бор-йўғи бир жиноятчисан-да!” дея кесатишди. Эътироз билдиргандим, нозик жойимдан ушлашди. “Чин дўстинг бўлса, чақир, шу ерга келиб концерт берсин!” деган шарт қўйишди… Нимаям қилардим, очиғини ёздим. Балки гапларим нафсониятингга тегар, “Куним келиб-келиб, қамоқхонада қўшиқ айтишга қолувдими?” дея ор қиларсан. Яна билмадим, эҳтимол, ўтинчимни инобатга оларсан, жилла қурса, шу томонларга йўлинг тушганда, бирров кириб ўтарсан…”
Йўқ, Нуриддин дўстидан ор қилмади. Қаршига борди. Ўша ерда “Правда Востока” газетасининг вилоят мухбири сифатида ишлаётган қадрдони, асли водийлик таниқли журналист Қодиржон Собировга учрашди. У орқали мутасаддиларга дардини айтди. Кўп ўтмай, ҳаммаси рисоладагидек бўлди. Нуриддин синфдоши жазо муддатини ўтаётган жойда концерт берди. Ёмғир шивалаб турган бўлишига қарамай, очиқ майдонда ўттизга яқин қўшиқ айтди. Шу тариқа ҳам дўстининг юзини ёруғ қилди, ҳам эзгуликка ташна қалбларни хушнуд этди.
Нуриддин Ҳайдаров ҳар қандай шеър-ғазалнинг асл маъносини теран англаган ҳолда, ҳар бир сўзи ва ҳарфини ўрни-ўрнига қўйиб, сидқидилдан куйларди. Шу боис унинг қўшиқлари ёш танламас, барчани бирдек ларзага солар, ўксик дилларга малҳам бўларди. Қачон шу ҳақда ўйласам, қуйидаги воқеалар беихтиёр ёдимга тушаверади.
Ўшанда талаба эдим. Ижара уйда яшардим. Якшанба куни Собиржон исмли яккабоғлик курсдошим хонамга маъюс ҳолда кириб келди. Нима гаплигини сўрагандим, айтмади. Фақат чўнтагидан битта кассета чиқарди-да, “Буни ҳозиргина кўчадан сотиб олдим, магнитофонга қўйиб, бир эшитайлик”, деди оғир хўрсиниб.
Зум ўтмай, хонада мунгли куй янгради. Сўнгра унга хонанданинг ҳазин овози жўр бўлди… Йўқ, бу оддий қўшиқ эмасди, дард эди, нола эди. Унинг илк сатрлариёқ юрагимни зир титратиб, хаёлимни узоқ-узоқларга олиб кетди. Гўё Нуриддин эмас, ўзим куйлардим. Дилгир куз тонгида олис юртларга чоғланган турналар самода сокин қанот қоқар, мен эса кенг дала ўртасида хавотир аралаш қўл силкиб, уларни сафарга кузатардим. Бўрон-довуллар чарх ураётган денгизлар оша, ажал ўқлари дамо-дам визиллаётган жанггоҳлар узра беталафот учиб ўтишларини, келгуси баҳор яна юртимизга эсон-омон қайтиб келишларини сўрардим…
Нола авжига чиққанида хонада куй ва қўшиқ сел бўлиб оқди. Кейин бутун борлиққа зилдек жимлик чўкди. Рўпарамда эса ҳамиша кулиб юрадиган дўстим тош қотиб ўтирар, кўзларидан шашқатор ёш оқизиб, унсиз йиғларди. Мен ҳаммасини тушундим: “Турналар” унинг яқинда афғон урушида шаҳид кетган аскар жиянини ёдига солган, дардини янгилаганди.
Орадан саккиз йил ўтгач, яна бир бор худди шундай ҳолатнинг шоҳиди бўлдим. Фақат бу сафар торгина хилват кулбада ёш йигит эмас, муҳташам сарой саҳнасида сочлари қордек оппоқ кекса аёл йиғлади. Минг-минглаб одамларнинг кўз ўнгида Нуриддиннинг бўйнига осилиб, ўксиб-ўксиб йиғлади. Чунки Нуриддин ҳозиргина “Она умиди” номли янги қўшиғини маромига етказиб ижро этганди. Унинг хонишлари Иккинчи жаҳон урушида бедарак йўқолган жигарбандининг йўлларига ҳали-ҳамон кўз тутаётган онаизорнинг юрак-бағрини ўртаб юборганди…
Албатта, Нуриддининг шўх қўшиқлари ҳам кўп эди. Бундан ташқари, у миллий ва эстрада йўналишида ижод қилиб, Ватанга муҳаббат, эл-юртга садоқат, севгига вафо ва ўзаро меҳр-оқибат мавзусида ҳам талай қўшиқлар яратганди.
“Орқангдан йиғлаб қолдим” (Ойбек), “Ёшлигим” (Э.Воҳидов), “Санъат”, “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” (А.Орипов), “Аҳмад Зоир қўшиғи” (Т.Тўла), “Яралмиш”, “Айирма”, “Кўрдим”, “Магар тинчлик бўлмаса”, “Садаға”, “Кичик карвонман” (Т.Сулаймон), “Насибам”, “Дил тўрига ёзиб қўй”, “Юрагимни ола кел” (Н.Нарзуллаев), “Ишонма” (М.Жалил), “Кечиргил” (П.Мўмин), “Кўрмасам”, “Онам”, “Табассум айлабон келинг”, “Тополмаслар”, “Уялармиш” (Ш.Ҳакимий), “Меҳр қолур, муҳаббат қолур”, “Дўлана”, “Юр, муҳаббат, кетдик”, “Кокилинг” (М.Юсуф), “Айлантирур” (Ў.Жамол), “Давлатинг борида” (Ш.Садоий) шулар жумласидан эди.
Нуриддин маҳорати ошгани сайин қамровни кенгроқ олиб, мумтоз шеъриятимизга ҳам мурожаат этди. Чунончи, Бобурнинг “Эй, моҳитобон”, Фурқатнинг “Қачонгача?”, Огаҳийнинг “Сенга”, Хислатийнинг “Ўзинг” ғазалларини қўшиққа айлантириб, эл эътиборига ҳавола қилди.
Ҳа, ўзи куйлаганидек, у катта йўлга чиққан карвон, баланд парвозга шайланган қанотлари толмас қуш эди. Бўш вақти деярли бўлмасди. Тўй-томошаларда, катта-катта концертларда, Мустақиллик ва Наврўз байрами сингари улуғ айёмларда ҳам қатнашишга улгурарди. Доимо астойдил хизмат қилар, дилкаш қўшиқлари, беғараз ҳазил-мутойибалари билан давраларга файз киритарди. Касб-корини нечоғли улуғласа, оиласини ҳам шунчалик муқаддас биларди. Рафиқаси Манзурахонни мудом асраб-авайларди. Олти нафар фарзанди ва уч набирасини еру кўкка ишонмасди. Ҳаммасининг келажагидан умиди катта эди. “Кенжатойим Жасурбек таэквандо бўйича жаҳон чемпиони бўлганини кўрсам, элга манзур янги қўшиқлар яратсам, 75 йил яшасам” деган гапни бот-бот такрорларди. Аммо…
Истиқлолимизнинг 13 йиллигига бағишланган байрам концертини у “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” қўшиғи билан очиб бериши белгиланганди. Афсуски, тантанадан бир кун олдин тўсатдан юрак хуружи тутиб, ётиб қолди. Анжуманда унинг ўрнига шогирди Бекмурод Жўраев қатнашди. Сал кейинроқ Нуриддин Сурхондарёдаги ўзи қатнашиши лозим бўлган тўйга ҳам шу шогирдини жўнатди. Уни кузатаётиб, “Қайтишингда менга Омонхона сувидан олиб кел!” дея тайинлади. Тайинлади-ю, эртаси куни оламдан ўтди.
Начора, Нуриддин эзгу ниятлари рўёбини кўролмади, лоақал сўнгги нафаси олдидан юртимизнинг шифобахш сувини тўйиб-тўйиб ичолмади. Бири кам армонли дунё деганлари, эҳтимол, шудир. Аммо бир таскин шуки, у беҳуда яшамади. Ўзидан зуваласи яхшилик, эзгулик ва меҳр-муҳаббат уруғи ила йўғрилган бебаҳо хазина қолдириб кетди.
Зеро, унинг дилрабо қўшиқлари ҳамон хонадонларимизда ва турли давраларда янграмоқда, хотираси эса халқимиз қалбида яшамоқда. Энг муҳими, унинг халққа хизмат қилишдек савобли ишини ўғли – ўзига хос истеъдод соҳиби Ҳожиакбар ҳамда меҳр-оқибатли шогирдлари сидқидилдан давом эттиришмоқда…
Абдунаби ҲАЙДАРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
